четверг, 3 марта 2016 г.

ЎЗИМИЗНИНГ ФАРИДА ОПА

Ҳикоя
  Дўстобод – Тошкент йўналишида юрадиган автобуснинг мотори ўт олди. Фарида опа ўриндиққа омонатгина ўрнашгач, Мунирага айтар гапларини хаёлан такрорлай бошлади. Опанинг қаршисига бир йигит келиб ўтирди. Баҳромга жуда ўхшар экан. Дарвоқе, Баҳром Муниранинг турмуш ўртоғи. Никоҳларига уч йил бўляпти. Ўртада фарзанд ҳам бор – Беҳруз! Лекин икки ёш ҳаётнинг айрим ўйини ва мураккаб шартларига чап беролмади. Муқаддас қўрғон бузилиш арафасида. Опанинг саҳармардонда шаҳарга отланишининг сабаби шу.
  Ўзи Баҳром билан Муниранинг орасидан қачон меҳр кўтарилди, қачон совуқчилик тушди? Ўртасида қандай гап қочди? Ажралишгача боришга уларни нима мажбур қилди? Мунира Баҳромникидан кўчини олиб кетаётганида қаерда эдим? Эҳтимол, ҳаммаси иссиғида ҳал қилинганида ҳозиргидек ҳали у ерга, ҳали бу ерга қатнамаган бўлармидим?! Бундай бетиним саволлардан опанинг мияси ғовлаб кетди.

   Касални даволагандан кўра олдини олган афзал, дейишади. Шу маънода, опа ҳақ. Куюнганича бор. Лекин, барибир, Мунирани тўхтатолмасди. Боиси Фарида опа ўша куни Ўрта Чирчиқда, “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” республика кўрик-танловининг вилоят босқичида қатнашаётганди. Узоқ давом этган танловда ҳакамлар Қуйи Чирчиқ тумани “Янгиҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Фарида Ҳайитматованинг ҳудудда олиб бораётган маънавий-маърифий ишларини энг яхши, деб баҳолади.

   Ҳаётда шундай тушунчалар бор. Бир-бирига зид. Аммо доим ёнма-ён юради. Масалан, эзгулик ва ёвузлик, муҳаббат ва нафрат, қувонч ва қайғу... Биласиз, қишлоқда хушхабар ҳам, шумхабар ҳам тез тарқайди. Опанинг қувончи қишлоғигача чўзилди. Баҳромларникига борганида ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Икки ёшни яраштиришга бўлган уринишлардан наф чиқмади. Шу билан ярим йил ғириллаб ўтиб кетди.

   Фарида опа ўзининг маҳалладаги узоқ йиллик фаолияти давомида оилада бўлаётган икир-чикирларни, турли низоларни судгача ҳал қилишга, ечим топишга ҳаракат қилар ва бунинг уддасидан чиқарди ҳам. Лекин яқинда опанинг тарвузи қўлтиғидан тушди. Баҳромнинг номига фуқаролик судидан чақирув хати келди.

   “Вазият жиддий тус олди. Икки ёш билан алоҳида-алоҳида гаплашиб олмаса, уларга руҳан таъсир ўтказмаса бўлмайди.” Опа шу ўйда Баҳром билан суҳбатлашди. У Фарида опага қуйидагиларни сўзлаб берди:

   “Менга ўзи нималар бўлаяпти. Аввал ҳаммаси бошқача эди-ку!.. Мунира билан севишиб турмуш қурганмиз. Тўйдан кейин ишларим янада юришиб кетди. Хонадонимизга файз кирди. Мунира билан кунда-кунора кино, театрга борадиган одат чиқардик. Фарзандимиз Беҳруз бир ёшга тўлганида дастурхон ёзиб, элга ош бердик. Ҳаётимнинг энг бахтли онлари эди у кунлар!

   Келинингиз бир куни менга, томдан тараша тушгандай, алоҳида яшайлик, деб қолди. Ҳазилга йўйдим. Чунки, унга уйланмасимдан аввал уйдаги вазиятни, қишлоқ шароитини обдон тушунтиргандим. Ёлғиз фарзанд эканимни билиб, шартларимга кўниб текканди менга. Бир куни шу масалада жанжаллашиб қолдик. Уришган мену, жабрини тортган ота-онам бўлди. Улар билан гаплашмай қўйди. Уй ишлари олтмишга чиққан онамга қолди.

  Илгари уйга ошиққан бўлсам, бу воқеалардан кейин боришга юрагим безиллайдиган бўлиб қолди. Тонг саҳарда кетиб, ярим тунда қайтадиган бўлдим. Шундай кунларнинг бирида у билан яна жанжаллашдик. Куракда турмайдиган гаплар билан ҳақорат қилди. Оғир бўлдим. Тишимни-тишимга қўйиб, индамай чиқиб кетдим. Оғайнимнинг чойхонасида тунадим. Бу ҳол тез-тез такрорланадиган бўлди.

   Юрагим нимадандир ғаш тортди. Ишдан эртароқ чиқиб, тўғри уйга бордим. Муниранинг онаси, холаси, аммаси, хуллас, келинингизнинг жамики қариндош-уруғи бизникида экан: юкини олиб кетгани келишибди. Индамай изимга қайтдим.

  Ўшанда ўзимга-ўзим: “Худо берса бола белимда, хотин йўлимда. Ота-онам ғанимат. Менга шулар керак”, дедим. Кун, ҳафта, ой... ойлар ўтди. Лоақал бир марта эсламади. Ахир, мен шунинг учун унга уйланганмидим. Мен ҳам одамман-ку! Одамларга ўхшаб яшагим келади менинг ҳам! Боламни, хотинимни яхши кўраман, нима қилай?! Ҳар куни ишдан ҳориб қайтганимда болам чопқиллаб келиб, ўзини бағримга отишини, хотиним қўлимдан халтани олиб, очиқ чеҳра билан кутиб олишини истайман...

   Минг уринмай, бефойда. Қарс икки қўлдан. Ажрашгиси келибди, майли. Уларсиз ҳам яшайвераман. Тўрт-беш йил бу дунё учун нима деган гап?! Мунира билан яшасам ҳам, яшамасам ҳам ҳаёт давом этаверади бир маромда!”

  Баҳром Фарида опага яна алланималар деганди ўшанда. Ҳозир шаҳарга – Мунираларникига кетаяпти-ю хаёлида Баҳромнинг ҳасрат тўла сўзлари, кўз олдида тимқора уюлган қошлари, ҳурпайган, во ажаб, бироз оқ оралаган сочлари. Йигит киши ғамга ботмасин экан!

   Фарида опа бу масалада ҳарчанд бетараф бўлишга уринмасин, ич-ичидан Баҳром учун эзиларди. Кўз олдида ўсган-да! У шу даражага етгунча озмунча қийналдими?! Ота-онаси-чи... Чумолига озор бермаган, қўй оғзидан чўп олмаган ота-онаси шу умидда тўй қилганмиди?! Наҳот, Мунира шуларни ўйламаган бўлса, майли, булар-ку бегона, аммо фарзанди-чи?! Гўдакни тирик етим қилиб нимага эришмоқчи?! Саволлар кўп...

   Автобуснинг кескин бурилиши йўловчиларни тебратиб юборди, хаёллар тўзғиди. Энди буёғи Мунираларнинг уйигача тўрт қадам. Ишқилиб, уйида ёлғиз ўзи бўлсин!

  Эшикни Мунира очди. Узоқ ўтириб гаплашишди – дилдан, самимий. Иккисининг гапи деярли бир хил. Ўзича ҳақ. Муниранинг айтишича, Баҳром тўйдан кейин 180 градусга ўзгарибди. Кексайган ота-онасини-ку, айтмаса ҳам бўлаверармиш. Ярим тунда қайтгани етмагандай, ичиб ҳам келармиш. Астағфирулло, биттасини топиб олганмиш... Фарида опанинг капалаги учди. Мунирани инсофга чақирди.

   “Қиз бола бировнинг ҳасми. Ота уйингиздан келинлик либосида чиқдингизми тамом: борган ерингизда тошдай қотишингиз керак. Хонадон бошларининг иззат-икромини жойига қўйишингиз, хизматларига “лаббай”, деб туришингиз лозим. Баҳромга келсак, унинг борини бўрттириб, йўғини яшириб кўрсатиш аёллик вазифангиз. Ҳаётга бундай енгил қараманг, оғир бўлинг, она қизим! Ўзингизни ўйламасангиз ҳам лоақал фарзандингиз – Беҳрузни ўйланг!”

  Мунира бу гапларни бошини эгиб, жимгина эшитди. Охири бўлмади. Гапнинг дангалини айтди: “Баҳром акамларга муносабатим аввалгидек эмас. Кўнглим совиган!”

  Эҳ, бу кўнгил, кўнгил!.. Қўйиб берсанг нималарни тусамайди-я бу кўнгил деганлари. Нима эканки, бу кўнгил деганларига валломатини олиб келсанг ҳам гап уқтириб бўлмаса, буйруқ бериб бўлмаса. Ҳар қандай киши бу қурғурнинг олдида ожиз қолади.

  Эҳтимол, айни чоғда Фарида опанинг кўнглидан ҳам алланималар кечгандир. Кечгани аниқ. Бўлмаса опа Мунирани яна бир бор чуқур ўйлаб кўришга, суддан аризасини қайтариб олишга кўндиролмаган бўларди. Маълум муддат бир-биридан айро яшаб кўрсин, тириклик моҳияти оилада эканини тушунсин. Бунинг учун ҳамма нарсага ўз ҳукмини ўтказадиган вақт керак.

   Тошкентдан қўзғалган автобус “Дўстобод” шоҳбекатига келиб тўхтади. Фарида опанинг юзига урилган кузнинг совуқ шамоли баҳорнинг майин сабосидай туюлди. Ўзини алланечук тийрак ҳис қилди. Маҳалла идораси томон борар экан, негадир икки ёшнинг ярашиб кетишига ва яна аввалгидек бахтли яшашига қаттиқ ишонарди.

2015 йил. 

Комментариев нет:

Отправить комментарий