среда, 2 марта 2016 г.

ҚЎНҒИРОҚ

Ҳикоя
 Болалигимизда тенгқурларимиз яшайдиган уйнинг дарвозасини оҳиста тақиллатардик ва ичкаридан овоз келиши билан ўртоғимизнинг исмини айтиб, «ўйнайсанми?» дердик.
  Шифтга термилиб ётган Бахтиёр шуни кўнглидан ўтказиб, ёнбошлади. Чуқур хўрсиниб, «Бугун шундай ажойиб дамлар, унутилмас гўзал хотираларга айланди-я», деб афсус қилди.

  Чиндан ҳам, хотира эзгу тушунча, буюк бисот...

  Бахтиёрнинг оғриб қолганига уч кун бўлди. На туришидан, на юришидан дарак бор. Ҳеч нима кўнглига сиғмайди. Атрофдагиларнинг ғамхўрлиги дардига малҳам бўлмайди. Аҳволи шу даражадаки, ҳатто қўлига қўнган хира пашшани-да, қувишга мадори етмайди. Хуллас, йўғон чўзилиш, ингичка узилиш арафасида турган бир пайтда туйқус эшик қўнғироғи чалинди.
Турмуш ўртоғига махсус таом пишираётган Азиза ошхона деразасидан бош чиқариб:

  – Ким у, – деди.

  Кўчадан «Бах-ти-ёр... ...ўй-най-сан-ми?» деган таниш овоз келди. Эшик оҳиста очилиб, қадрдон чеҳралар намоён бўлди. Бахтиёр дўстларини кўриб, севинчдан терисига сиғмай кетди. Ўрнидан туришга базўр уриниб, инқиллаганча, – Эй-й-й бормисизлар?! Ҳозиргина ўйлагандим. Ичимсизлар-да. Келинглар, келинглар – деди...

  Дўстлар бурунгидек кўчанинг икки четига тошдан «дарвоза» қуриб тўп тепишмади. Чинор, тол, терак ва бошқа дарахтларнинг ортига ўтиб бир-бировидан беркинмади. Вали аканинг маҳаллласидан Ғани аканинг кўчасига довур ҳаллослаб қувлашмади. Эшак минди, чиллаки ўйнашмади. Ўйнашмадию, ҳов анави қўшни девор ортида қолиб кетган беқадр болалик билан боғлиқ тиниқ хотираларни эслаб, кулишиб ўтиришди.

  Кун тиғида келган меҳмонлар, қайтишга чоғланганида қош қорайганди.
Жўра боши – Мурод юзига фотиҳа тортгач, Бахтиёрга қараб шундай деди:

  – Дардга бунақа енгил бўлма, ётишни бас қил, сенга ярашмайди ошна! Ўрнингдан тур-да, бориб тижоратингдан хабар ол. Эшитишимизча, Марҳабо опамиз адашим – Муродбекни уйлантираётган эканлар. Биттаю битта жигаринг, суюкли жиянинг. Опамга ука, жиянга тоға бўлиб ёнларида турмасанг одамлар уят қилмайдими?! Сен ҳалиги паст маҳаллада яшайдиган Араб семиздан ўрнак олсанг бўларди. Ўзи анча бетоб экан, йилда икки марта даволанармиш. Унинг шу чоққача кўрпа-тўшак қилиб, узлатга кетганини биров кўрмаган. Сеники унинг олдида бурга тепкандай гап-ку! Хуллас, эртага якшанба. Ҳамма уйда бўлади. Тушдан кейин Акрамхўжанинг чойхонасига чиқ. Жиянимиз Муродбекнинг никоҳини маслаҳат қиламиз.

  Бахтиёр дўсти Муроднинг сўзларини диққат билан тинглаб «хўп», дегандай бош силкиди. Уларнинг кетишига истамайгина рухсат берди...

  Тонг. Бахтиёр ҳар галгидан-да тетик уйғонди. Ўзини алланечук, бардам, тийрак ҳис қилар, бунга ҳатто ўзи ҳам ишонгиси келмасди. Ҳайратдан Азизанинг оғзи ёпилмай қолганини-ку айтмаса ҳам бўлаверади.

  Бахтиёр нонуштадан кейин, одатига кўра дўконига йўл олди.
«...Араб семиздан ўрнак олсанг бўларди. Ўзи анча бетоб экан, йилда икки марта даволанармиш...»

  Бахтиёр паст маҳалладан ўтаётганда дўсти Муроднинг шу сўзларини, Қандолатчи Араббойнинг буюртмани олиб келганда «палон кундан палон вақтгача палон марказда даволанмасам бўлмайди, ширинликларни ўрнимга вақтинча укам етказиб беради», дегани, унинг бу «тушунтириш»ларига айрим кишиларнинг орқа варотдан тирноқ ичида муносабат билдиргани ёдига тушди.

  Бахтиёр Араббойни бир неча марта кўргани борган. Ҳамкори билан узоқ, самимий, дилдан суҳбатлашган. Қандолатфурушни йўқлаб борувчиларнинг кети узилмаганига кўп бор гувоҳ ҳам бўлган.

  Ҳа, меҳр кўзда бўлади, одам тафтини одам олади, деб бежиз айтишмайди. Бирор ерда оғриб ётганингда ортингдан биров борса, унинг юз-кўзидаги самимият, сенга бўлган меҳри, ғамхўрлиги кўнглингни тоғдек кўтаради. Ўзингни бағайрат ҳис қиласан, тезда соғайиб кетасан.

  Бахтиёр шуларни хаёл қилиб бир-бир босиб борар экан, ўзига-ўзи:
«Кеча дўстларим келмаганида, ким билсин, яна қанча ётардим. Уларнинг борига шукр! Дийдори менга куч берди», деди. Кейин чўнтагига қўл суқиб телефонини олди ва ўзига аввалдан маълум бўлган рақамни терди. Юзига табассум югуриб, у ёқдан келган овозга:

  – Араббой, омонмисан? Бугун дўконга келсанг соз бўларди. Мириқиб гурунг қилардик...

2015 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий