четверг, 3 марта 2016 г.

ОББО, ЖЎШҚИН АКАМ-ЕЙ!

Ҳажвия
«Тилинг ширин бўлса ошингни, заҳар бўлса бошингни ейсан. Шундай экан, забонингни чархла, кам бўлмайсан, жиян!» Мамлакатдаги нуфузли идоралардан бирида иш бошлаганимда Жўшқин аканинг каминага берган биринчи тавсиялари шу бўлди.
«Ҳайронман, ишимга буни нима дахли бор?! Савдогармидимки, одамларга бир сўмлик молни тилимни обдон айлантириб, ўн сўмга пулласам. Мол бозоридаги даллол бўлганимда ҳам, майли эди...» Шу ва бошқа ҳаёллардан миям ғовлаб кетди. «Ҳар ҳолда Жўшқин ака кўпни кўрган инсон. Ўз-ўзидан бундай демайди».

Бу гапларга кўп бўлди. Ишга шу қадар шўнғиб кетганимдан унутилаёзибди ҳам. Лекин Сўқоқдаги бир зиёфатда Жўшқин аканинг ҳалиги гаплари туйқус ёдимга тушди. Шунда, бу шунчаки «йўлига» айтилган гап эмаслигига амин бўлдим. Аскиябозликда мана ман деган сўз усталари ҳам уларнинг олдида ип эшолмай қолишини ич-ичимдан ҳис қилганимни-ку, айтмасам ҳам бўлаверади.

Дарвоқе, Жўшқин акага ҳеч қандай қариндош-уруғчилик жойим йўқ. Шунчаки, ака ўзидан кичикларга шундай мурожжат қилар экан – жиян! Улар билан чамаси тўрт йил бурун танишганмиз. Бир идорада ишлардик. Кейин йўллар айро тушди, аммо муносабатимиз сақланиб қолди. Зиммамизга юкланган вазифа бир бўлгани боис, ҳозир ҳам вилоятнинг ҳали у, ҳали бу ерида тез-тез учрашиб қоламиз.

Ёз кунларидан бири эди. Паркентда янги қурилган саноат корхонасининг очилишига бағишланган тадбир бўлди. Жўшқин ака пилдираб юрган экан. Кўришдик. У ер бу ердан гаплашиб, кулишиб турсак, корхона раҳбари Сўқоқда шаҳардан келган мартабали меҳмонлар учун ҳозирлаб қўйилган жойга таклиф қилди. Кўнмадик. Иккимиз учун ҳам қадрдон бўлиб қолган ҳокимлик вакилларидан бири суҳбатга аралашди. Ҳоли-жонимизга қўйишмади. У дедик, бу дедик, ўзимизча вақт тиғиз, вазият қалтислигини тушунтирган киши бўлдик. Иш чиқмади. Гапнинг дангалини эшитдик: «Ҳар сафар шундай қиласизлар, одам деган ўзини рисқи-насибасини ҳам қиядими?! Мезбонни раъйини қайтариш яхши эмас, ахир!»

Мўъжазгина боғ этагидаги чорпояда чордона қуриб ўтирган меҳмонлар орасига мезбоннинг таклифи билан қўшилдик. Қисқа салом-аликдан кейин тўхтаб қолган суҳбат давом этди. Бизни ҳеч ким назарига илмади, итмисан, битмисан демади. Орада «ич қиздирар»дан уч-тўрттаси бўшагач, тадбиркорнинг шаънига самимий тилак билдириш навбати бизга, яъни, Жўшқин акага келди. Ака гапни тадбиркорнинг бошлаган хайрли иши наинки ўзи, атрофдагиларга ҳам кони фойда келтиришини, бундай ишлар халқимиз, айниқса, Паркент аҳлининг қон-қонига сингиб кетганини айтиб, жумладан шундай дедилар:

  – Паркентликларнинг меҳмоннавоз, очиқкўнгил, раҳмдиллиги ҳақида муқаддас китобларда (!) кўплаб ривоятлар келтирилган. Сезишимча, орангиздагиларнинг аксарияти шу ерда туғилиб ўсган ва тақдир тақазоси билан шаҳарда яшаб қолган кишилардан иборат. Шунинг учун, агар ижозат берсанглар, улардан бирини айтай. Қадим ўтмишда бир новвой бўлган экан. Ҳар куни муаззин қўлига обдаста олмасидан аввал уйғониб, нон ёпар, саватга солиб, ховуз ёнидаги ҳарсанг тош устига қўяр экан. Одамлар кунлик эҳтиёжига етадиганини олиб, пулини саватга ташлаб кетишар экан. Бу одат тусига кирибди. Бир куни новвой саватдаги пулларни санаса, тўрт дона ноннинг пули чиқмабди. Бу ҳол сурункасига такрорланибди. Новвой тангрига нола қилибди: – Эй, яратган эгам! Ўзинг кўриб турибсан, бир неча кундан бери тўрт дона нонимнинг пули йўқ. Йўқчилик одамларни нималарга мажбур қилмайди. Сендан биргина ўтинчим – ўша одамнинг гуноҳидан кеч! Ахир, унга ҳам осон эмасдир. Болалари, қўлига қараб қолган кексалари бордир!..

Жўшқин ака яна алланималар деди. Шу даражада таъсирли гапирдиларки, ҳатто даврадагиларнинг айримлари бурнини тортиб, яноғини артди ҳам. Акани яхши билганим учун уларни чув тушираётганини сездим. «Муқаддас китобларда келтирилган жуда кўп ривоятлардан бирига» чиппа-чин ишониб ўтирган кишиларнинг ҳолатини кўриб, ўзимни ичимдан «пиқир-пиқир» келаётган кулгидан зўрға тийдим. Жўшқин аканинг сўзамоллигига қойил қолмасликнинг иложи йўқ эди. «Ривоят»ни кучини қаранг! Ҳеч кимга сўз бермай, ҳаммани оғзига қаратиб ўтирган, номи палончи, ўзи пистончи «акахон»ларнинг тили танглайига ёпишди. Дарҳол «паст»дан «тепа»га кўтарилдик. Давранинг тўри бизники бўлди...

Хуллас, «новвой ҳақидаги ривоят» вилоятни гир айланиб чиқди. Ҳудди гастрол сафарида юрган хонанданинг репертуаридан ўрин олган, ҳаммага бирдек ёққан оммабоп қўшиқдай. Фақат жой номлари, масалан, Бўка – Пискентга, Оҳангарон – Қибрайга, Зангиота – Оққўрғонга ўзгаришини айтмаса, ҳаммаси асл ҳолича.

Бир куни Жўшқин ака бу «ривоят»ни доимий гаштакларда ҳам қўллаб кўрдилар. Вей, ошиғимиз олчи бўлди. Ортиқча чиқимлар тежалди. Иқтисодий аҳвол бир мунча яхшиланди. Хуллас, чўнтагимизни косибнинг ипидан тикиб қўйдик. Аканинг доимий ҳамроҳи бўлганим учун «новвой» операцияси қўлланиладиган ҳолатдаги «юмуш»ларни тақсимлаб олдик. Уларнинг вазифаси «ривоят»ни айтиш. Меники эса «ривоят»ни бошидан охиригача бошимни сарак-сарак қилиб, тасдиқлаб, кучли ҳайрат оҳангида «буни қаранглар-а-а», «қойил...қойил», «ана бу чинакам марднинг иши бўлибди», деб «фон» бўлиш.

Ҳафта, ойлар ўтди. Пахта йиғим-терим мавсуми бошланди. Пахтакорларга совға улашгани Чинозга бордик. Ишлар битгач, бир киши ёнимизга келиб, Жўшқин ака билан минг йиллик қадрдонлардай жуда қуюқ сўрашди. Туманнинг бир баҳово ерида қураётган иморати битганини айтиб, «Чинозга ҳар куни келаётганингиз йўқ. Бугун уй оши қиламиз. Шу билан қачон келасиз?! Қорин чўзди, ичак узди ҳангомаларингизни соғинди одам. Эй, тонг отар базм қиламиз!» деб туриб олди. Кун шомдан оққанди. Далада юришни ўзи бўлмайди. Бироз чарчагандик. Йўл ҳам узоқ. Қолаверса, қорин ҳам карнайни «пуф»лайман, деб турибди. Рози бўлдик.

Мезбоннинг ёри-дўстлари келди. Дастурхонга половхон тўра тортилди. Оқ чой ошни тагида қолди. Гурунга олов тушди. Ҳамманинг юзига қон югурди. Жўшқин ака, гарчи бунинг ўрни бўлмаса-да, азборойи қизишиб кетганларидан «новвой ҳақидаги ривоят»ни бошладилар. Камина ўз «рол»ини ўйнашга киришди. Ҳалигина хандон отиб, эгилиб, букилиб кулиб ўтирган «улфати жонон» йигитлар бирдан жиддий тортди.

Пиёлаларни уруштиришга баҳона топилди. «Ривоят»ни найнинг ноласидан эшилиб, тўлғаниб кетаётган кишидай тинглаб ўтирган бир йигит тўсатдан «Мен бу новвойни танийман. Қўшним Мамарасул бобо бўлади», деб юборди. «Новвойга ҳамқишлоқ» йигитнинг улфатлари буни бир овоздан маъқуллашди. Жўшқин аканинг эса тарвузи қўлтиғидан тушди.

Шундан кейин Жўшқин акани вилоят шаҳар-туманларида деярли учратмадим. Орада телефон орқали гаплашиб турдик, холос. Яқинда собиқ идорамиз ташкиллаштирган янги йил байрамида учрашиб қолдик. Ҳамкасбларга табрик сўзи айтиш навбати Жўшқин акага келди. Гапни узоқдан бошладилар. Ўша «ривоят»ни эшитиш умидида эдим. Ундай бўлмади. Аканинг яна бир янги «ривоят»идан таъсирланиб кетдим. Ҳамкасбларимнинг ҳам ҳайратини кўриб, уларнинг сўзамоллигига яна бир карра тан бердим.

2015 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий