четверг, 3 марта 2016 г.

ЛАҲЗАДАГИ УМР

Ҳикоя

Мени яхши ўқишни ўрганинг!
Фридрих Вилъгельм Ницше

16 июл, 1996 йил.
Тошкент, Ўзбекистон.
  “Тошкент – Москва” поездининг олтинчи йўлакка келиши эълон қилингач, перронга йўловчилар ва уларнинг яқинлари йиғилди. Ўрнимдан туриб, йўл халтамни олдим. Икки қўлини қовуштириб, бошини хам қилганча, чап оёғи билан ер чизиб ўтирган Д...га ўгирилиб:

   – Кетадиган вақтим бўлди. Сенга тез-тез хат ёзаман, – дедим. У истамайгина ўрнидан турди. Нозиккина қўллари билан қўлимдан тутиб:

   – Сизни соғинаман, – деди. Доим севинчдан порлаб турадиган кўзлари бугун алланечук маъюс кўринди. Бирдан юзи тундлашди. Дийдаси намланди.

   – Ҳей, жиннивой! Кулиб кузатиш ўрнига йиғлашинг нимаси?! – дедим яноғини артиб, эркалагандай бўлдим.

   У кулимсираб “билмадим”, дегандай елка қисди. Шу алфозда бироз турдикда келажак режалари ҳақида гаплаша кетдик. Орада диспетчер поездга йўловчиларни қабули бошлангани, жўнашига эса бир неча дақиқа қолганини маълум қилди.

   Д... билан хайрлашиб, белгиланган вагонга кетаётганимда, ортимдан, ўша менга ёд бўлиб кетган овоз эшитилди: – “Беко”...
...Чопиб ёнимга келди. Ҳансираганча “ниманидир унутибсиз”, деди. Бағримга босдим.

   – Буни эмас, уятсиз – деди. Юзимга оҳиста уриб. – Мана буни, деб кўк рангли китоб тутқазди.

   – Немис прозасининг яширин қуроли-ку! Кўпдан бери қидираман. Тўрт марта ўқиганман. Лекин “ЖАРАЁН” қачон бошланиб, қаерда якун топганига ҳануз ақлим етмайди...

   Инсон баъзан ўзини-ўзи тушунмайди. Баъзан эса шу тушунмовчиликларни бартараф этиш учун кўп хато қилади. Аммо атрофингдагиларга тушунмасангчи?..
  Поезд вагони ғичирлайди. Ғилдираги рельсга урилиб тақиллайди. Қулоқни қоматга келтирадиган сигнали эса ҳар қандай паришон хаёлларни тиниқлаштириб юборади. Вақт одимлайди. Келажак кўз олдингда гавдаланади...

  Панжара орти... Инсонларнинг қайсидир маънодаги жирканч қиёфасини айни шу ерда кўриш мумкин. Сени қўриқлаш учун қўйилган соқчининг эса тўтидан фарқи йўқ. Топиб олгани: “Айбсизлигингни пеш қилиб, ҳуда-беҳудага қичқираверма”...

4 сентябр, 2000 йил.
Верхоянск, Россия.

   Эҳтимол, бу хат сизга етиб борганида бу дунёда бўлмасман.
Оҳ менинг онаизорим-а! Нега йиғлаяпйсиз? Хазиллашдим-ку ахир! Бордию шундай бўлсачи?..

  Ҳар сафар қийинчиликларга дучор бўлганимда, улардан азият чекканимда сизга юрагимни очардим, бағрингизга бош қўйсам барини унутардим. Бугун ҳам шундай қилмоқчиман. Ижозат берасизми ойи?

(Бу ер жудаям заҳ ва совуқ экан.
Агарда, айрим жумлаларни ўқиёлмасангиз
ташлаб кетинг. Айбга буюрманг!)

   Аввалги хатларимда бўйнимга қўйилаётган айбловлар, маҳкама иши, тергов, суд жараёни ҳақида ёзган эдим. Ва ишонаманки, тез кунда бу бош оғриқлардан бутунлай қутилиб ёнингизда бўламан...

   Биласизми ойи, хато қилдим...

  ...Эсингиздами ойи, болалигимда томорқадаги сойга олиб чиқардингиз. Ҳаётимнинг унутилмас онларидан бири эди бу! Кунларнинг бирида менга сузишни ўргатдингиз. Буни тезда уддаладим бироқ, оқимга қарши сузолмадим.

   Эсингиздами ойи, ўшанда сиз менга “болам, оқимга қарши сузишга ҳарчанд уринма, барибир у сени оқизиб кетади”, дегандингиз. Менинг хатойим гапингизни икки қилганимда. Аммо, бугун наинки оқдим, балки чўкиб кетдим. Ҳа ойи, тўғри ўқидингиз. Чўкиб кетдим. Қирғоққа чиқиб нафас ростлашга ҳаракат қилдим, аммо жуда кеч эди. Жудаям кеч эди...

   Эсингиздами ойи? “Яратган тақдиримизга туғилиш, ризқ ... ва ўлимни ёзади. Қолганини эса бандасининг ўзига ҳавола этади. Лекин, омад бизни тарк этганида, қийинчиликка йўлиққанимизда, ҳаёт моҳиятини англолмаганимизда, “худо тақдиримга шуни раво кўрибди”, деб ўзимизга тасалли бериб, бор айбни ЎЗига ағдарамиз. Илло, ҳеч қачон ўтмишга боқмаймиз!”, дердингиз.

   Бугун мен аянчли тақдиримдан нолиб, аллоҳга нола қилаётганим йўқ. Асло! Асло ундай қилаётганим йўқ ойи. Фақат бундай бўлади, деб ўйламагандим. Менининг орзуим кўп эди. Хатойим ўша орзуларимдан бирини рўёбга чиқаришга ҳаракат қилганимда холос...

   Совқотяпман... Қўлим музлади... Ёзишга қийналяпман... Сал исиниб олай!..

15 декабр, 2005 йил.
Верхоянск, Россия.

   Оҳ меҳрибонгинам! Қанийди айни дамда ёнингизда бўлсаму бағрингизга бош қўйиб, ўксиб-ўксиб йиғласам...

   Бу ердан чиқишимга умид йўқ. Таасуф, ўша умидни-да узиб бўлмаяпти. Кундан кунга заифлашаяпман. Мадорсизланаяпман... Ҳар дақиқа, ҳар он сизни кўриш илинжидаман...

   Биламан. Ҳозир ёнимда бўлганингизда “бунинг учун ҳаракат қилмоқ лозим”, дердингиз.

   Чарчадим ойи! Ҳаракат қилиш, курашишдан чарчадим!..
Ўлимга ҳукм қилинсам керак!!!

* * *

Жараён қачон бошланиб, қаерда якун топишини билмайсан. Ғилдирак рельсга урилиб тақиллайди. Поезд вагони ғичирлайди. Келажак бугунга айланади. Вақт ортга қайтади. Аллақандай бўғиқ овоз сени чорлайди – “Беко”...

16 июл,1996 йил.
Тошкент,Ўзбекистон.

   – Беко... Беко... Сизга нима бўлди?

   Сесканиб хушимга келганимда Д... бир қўли билан қўлимдан маҳкам ушлаб, иккинчиси билан юзларимни оҳиста силар, қаттиқ хаяжонланиб:

   – Нималарни ўйлаяпсиз? Рангингиз оқариб кетди. Мазангиз бўлмаяптими? – деб қайта-қайта сўрарди. Кетма-кет берилган саволларга “ҳаммаси яхши, жойида”, деёлдим холос.

   Д... мени яхши билгани учун бошқа диққат бўлмади.

   – Жуда таъсирчансиз-да! Мана бу китоб ҳам сизни йўлда зериктирмаслигига умид қиламан, – деб қоғозга ўралган қалин китобга ишора қилди. Яна бир кутилмаган туҳфани кўриб, бу сафар негадир ҳурсанд бўлмадим...

   “УЛИСС”... Бир вақтнинг ўзида кетма-кет содир бўладиган воқеаларнинг инсон ботинига ана шундай тартибда муҳрланиши ва маълум муддат онг остида қолиб кетиши натижасида юзага келадиган ички монологлар инсон тафаккурини занжирбанд этади. Кеча билан бугун уйғунлашиб, келажакни реал воқеликка кўчиради. Аммо уни ўзингдан ўзга ҳеч ким идрок этолмайди...
   Поезд вагони ғичирлайди. Ғилдираги рельсга урилиб тақиллайди. Қулоқни қоматга келтирадиган сигнали эса ҳар қандай паришон хаёлларни тиниқлаштириб юборади. Вақт одимлайди. Келажак кўз олдингда гавдаланади...

   Қуш эркинликка чиқса, самога парвоз қилади. Айланиб-айланиб, полапонлиги ўтган инига боради. Яқинларини қўмсайди. Бир оғиз сўзига илҳақ бўлади. Замон, макон ўша. Аммо...

7 июнъ, 2010 йил
Янгийўл, Ўзбекистон.

   Қандайдир дарахт тагида бошимни қуйи солган кўйи қўлларимга эринибгина қарайман. Улар шу чоққача тобутдан бўлак ҳеч нарса кўтармаганидан, тутмаганидан унсиз нола қилади. Юрагим эзилиб кетди. Ўрнимдан туриб икки четига арча қадалган йўлакдан юрдим. Яқинларимнинг қабрлари ортда қолди.

   Янги қўйилган майитнинг гўри олдидан чиқдим. Оёқларим ерни, мен эса “мен”и сезмасдим. Чўкка тушиб ўтирдим. Аллоҳдан онаизоримнинг руҳларини шод қилишини сўрадим... Бўғзим ачишиб, дийдам намланди... нафасимни аллақандай изтироб хиппа бўғди...

   – Ойижон, бетоблигингизда ўзгаларни хожатини чиқариш билан овора бўлган мен нобакорни... Шон-шуҳрат қидириб, ўзга юртларда сарсон бўлган дарбадарингизни кечиринг... Қувватдан қолиб, ҳассага таянганингизда, қўлларингиздан тутиш ўрнига ўзини турмуш ташвишларига андармон қилиб кўрсатган ношуд ўғлингизни кечиринг...

* * *
Инсон яқинларини қўмсайди. Бир оғиз сўзига илҳақ бўлади.
Ғилдирак рельсга урилиб тақиллайди. Поезд вагони ғичирлайди. Келажак бугунга айланади. Вақт ортга қайтади. Аллақандай бўғиқ овоз сени чорлайди“Беко”...

16 июл, 1996 йил.
Тошкент, Ўзбекистон.

   Д... кўзларимга кулимсираб қараганча эркаланиб:

  – Беко, сизга ўзи нималар бўлаяпти? – деб сўради. Аъзойи-баданимдан совуқ тер чиқиб кетди. Аллақандай қўрқувдан лабларим ҳам кўкарган бўлиши мумкин. Буни унга сездирмаслик учун юзимни ўгирдим. Кейин зўрға, “ўзимни бироз ёмон ҳис қилаяпман”, деб баҳона қилдим. У бўлса ийманиб ер чизди. Кўзларимга мўлтиллаб қаради ва:

  – Ростини айтинг, мени ташлаб кетгингиз келмаяпти-а? – деб кўзларини олиб қочди.
 
   – Биласанми, азизам мен... “Тошкент – Москва” поезди олтинчи йўлдан жўнаб кет... Диспетчер сўзимни бўлди. Шундай бўлса-да, унга “майли жоним хайр!”, деганча ортимга ўгирилдим. Шошиб танбур ёнида турган кондукторга керакли хужжатларни кўрсатиб, вагонга чиқдим...

   Ўрними топишга улгурмасимдан поезд кетишга чоғланиб, сигнал берди. Эшиклар ёпилди. Вагонлар бир-бирини ниқтади. Мувозанатимни йўқотдим. Шунда йўл халтамдан бир нима тушди...
 
“БУ ҲУШ ОНЛАР БИР ТУШДАЙИН ЎТДИ-Ю КЕТДИ”...
   Поезд вагони ғичирлайди. Ғилдираги рельсга урилиб тақиллайди. Қулоқни қоматга келтирадиган сигнали эса ҳар қандай паришон хаёлларни тиниқлаштириб юборади. Вақт одимлайди. Келажак кўз олдингда гавдаланади...

   Мусофирнинг кўргани қурсин. Яқинларимдан айрилиб, вафосиз севгининг кушандасига айланганимда дунё кўзларимга торайиб кетди. Ҳеч ерга сиғмадим. Қалбим, болалигим ўтган ерларда қолиб, танам дунё кезди...

24 март, 2013 йил.
Вашингтон, АҚШ.

   Тўрт йилдан бери шу ердаман. Қимматли қоғозлар ишлаб чиқарадиган фирмада масъул лавозимда ишлайман. Ҳар кунги ишимни юртимдаги интернет сайтларни ўқиш билан бошлайман. Нимаики яхши янгилик топсам, ҳамкасбларимга мақтанаман. Мутолаа давомида диёримга қалбан яқинлашаман...
 
  Яқинда маълум порталда қуйидагиларни ўқиб жуда қувондим. Мақола муаллифининг имзосини кўриб бирдан хаёллар уммонига ғарқ бўлдим. Мақоладаги айрим фикрлар янглиш эди, менингча. Боиси, Расул Ҳамзатов айтмоқчи, шоир осмонга қараб қимирламай ётган вақтида ҳам ишлайди, ибодат вақтида ҳам ишлайди, никоҳ кечасида ҳам ишлайди. Бундан чиқди мен шиор эмасман. Тўғри, мактабда ўқиб юрган кезларим ва ўсмирлик чоғимда кўнгил учун ул-бул қоралаганман. Ўша даврнинг машҳур санъаткорлари қўшиқ қилган. Фикри ожизимча, одам тўрт-бешта шеър ёзиб шоир бўлиб қолмайди. Хуллас, мақола мен ҳақимда эмас, шунчаки, менга бағишланган холос. Мана ўзингиз ўқинг!

   “Баҳор ва кузни, ёз билан эса қишни висолдан мосуво бўлган икки севишган қалбга қиёслайдиган синфдошим бўларди. У қолган мавсумларга нисбатан кузда анчайин жиддийлашарди. Дераза қаршисидаги партага омонатгина ўтирганча ташқарини кузатарди. Унинг кўзлари кимнидир соғинганини ва қаттиқ қўмсаётганини айтиб турарди. Шунда қалбидаги эҳтиросга тўла туйғулари ғалаён қилар, фақат ўзигагина аён бўлган азобдан халос бўлиш учун оқ қоғозни “қонга беларди”.

   Шу зайлда йиллар ўтди. Синфдошлар мактабни битириб, узилган мунчоқ доналари сингари ҳар ерга тарқаётганимизда, у “баҳор”ни севиб қолди. Баҳорнинг гўзаллиги, ёқимли ифори ва бетакрор даракчиларига атаб шеърлар битди...
Шунда унинг “шеъриятлик” экани маълум бўлди.

   Шеърият – чинор, шохлари – давр. Ундаги япроқларнинг бири шубҳасиз ижодкор дўстимиз эди. Уни қисқа фурсатда эл таниди. Ёзганлари машхурларнинг куйига тушди...

   Шоирнинг ҳамма нарсаси бутун, бироқ, қалби тутун эди. Унга нимадир етмасди. Усиз ҳаёт таътимасди. Бу – баҳорнинг севгиси эди.

   Ўзи айтмоқчи, баҳор билан куз – висолдан айро севишган қалб. Шунинг учун унинг пок дили ҳижронга дош беролмади. Турган шохини аллақачон тарк этган япроқни пана қилиб, “Лолақизғалдоқ”қа юрагини очди. Бор дарду-у, ҳасратини тўкиб солди. Бироқ, бечоранинг қалбини биров у ёқда турсин, ўзининг аламларидан бўлак ҳеч ким ва ҳеч нарса тушунмади. Акс ҳолда, шохда ёлғиз ўзи базўр илиниб турганини кўрган шамол, саҳнадаги ажойиб томошадан ларзага тушган муҳлислардак гурилламаган, қарсаклар-ла олқишламаган, кўкларга кўтариб аста ерга қўймаган бўлур эди... Хуллас, у ўз даврининг баҳорига ошиқ бўлган ягона кузи эди.

   P.S. Биз Беко билан сўнгги бор, Россияга ўқигани кетаётганида, минг тўққиз юз тўқсон олтинчи йилнинг ёзида, вокзалда кўришгандик. Ўшанда унинг сўнг саволига жавоб беролмагандим...”

* * *
Яқинларимдан айрилиб, вафосиз севгининг кушандасига айланганимда дунё кўзларимга торайиб кетди. Ғилдирак рельсга урилиб тақиллайди. Поезд вагони ғичирлайди. Келажак бугунга айланади. Вақт ортга қайтади. Бу сафар аллақандай бўғиқ овоз сени чорламайди... Беихтиёр “Стоп кран!”ни тортасан.

16 июл, 1996 йил.
Тошкент, Ўзбекистон.
   Шошиб поезддан тушиб, атрофга боқдим. Д... перронда ортимдан қараб турганини кўрдим. Чопиб ёнига бордим. Бугун алланечук маьюс кўринган кўзлари яна аввалгидек порлар ва эҳтиросга тўла эди. Унинг олча ранг лаблари гапиришга чоғланди. Хаёлимдан ўтаётган гапларни Д...га ҳозир айтмасам кейин мутлақо айтолмайдигандек, – тссс, – деб, бармоғимни лабларига босдим ва шошганча – индама. Мени эшит. Биласанми келажакни кўрдим... Демоқчиманки, келажакни сен билан кўрдим... тўрт йил. Кўзим сендан ўзгани кўрмади. Юрагим сендан бошқасига ҳозиргидек тез урмади. Шу вақт ичида сен билан боғлиқ хотиралар йилма-йил янгиланди. Қалбим гўзал ва бетакрор чеҳрангдан меҳр топди. Ҳаётни севишни ва унда яшашни ўргатди. Тўрт йил. Азобландим фақат сен учун. Тўрт йил. Шу умримни ҳазон қилма азизам Д... Жавоб беришга шошма. Қалбинга қулоқ сол. У нима деса, шуни қил. Чунки, ҳар бир покиза қалбда Аллоҳ яшайди ва у бандасини алдамайди. Агар қалбинг мени демаса, зинҳор ранжимайман. Индамай кетаман. Менга тегасанми? – дедим.

   – …

  “Кечирасиз йигитча!” Бу дағал ва нотаниш овоз Д... иккимизнинг ёнимизда кутилмаганда пайдо бўлган уч нафар харбийдан бириники эди.

  – Лаббай? 

  – Биз билан маҳкамага боришингизга тўғри келади!

  – Нимага?


2014 йил

Комментариев нет:

Отправить комментарий