среда, 2 марта 2016 г.

ЖОНСАРАК

  Ўзига ўзи ҳукм чиқарган инсонлар ҳақида эшитганмисиз? “Ҳозир бундайлар орамизда  кўп-ку!”, дейсизми? Рад этмайман. Лекин шундай инсонлар борки, одамлардан аллақандай ҳислатлари билан ажралиб туради. Ўзларини ҳаёт моҳиятини тўла англаган, яшаш муттасил курашишлар иникоси эканини тушуниб етган, бутун олам малоики билан тезроқ юзлашиш илинжида ўлимнинг лаззатини тотишга ошиқаётгандай тутади.
   Бугун шундайлардан бири ҳақида ҳикоя қилмоқчиман... Аниқроғи, икки оғиз гапирмоқчиман. Гап ким ҳусусида бораётганини яқин инсонларим, фикрдош дўстларим аллақачон билди. Билмаганларга унинг исмини айтай... яхшиси ошкор қилмайман. Тўғриси ҳам шу. Чунки, сиз уни, у эса сизни танимайди, билмайди. Вазият шундайлигича қолгани маъқул...
  
  Дўстим ...ни Гётенинг  Вертерига ўхшатаман. Фақат улар орасида сезилар-сезилмас  тафовут бор. Буни ҳадемай ўзингиз ҳам билиб оласиз. Дўстим билан Вертер орасида шундай якдиллик борки, буни, азиз ўқувчи, сизга маълум қилмасликни иложи йўқ. Уларнинг ҳар иккиси маълум маънодаги эзгуликка маҳлиё бўлиб, уни тўла идрок этиш йўлида реал воқеликка қўл силтай олади. Шунда сиз беихтиёр “қўрқоқ экан!”, “иродаси заиф экан!” мазмунида тугал тўхтамга келасиз. “Нимага?” шу савол миянгизни эгаллаб олади. Боиси, сизга ўткир зеҳн соҳибининг кутилмаганда, аниқроғи, ҳаётга, маъшуқасига, атрофдагиларга бўлган соф ва самимий муҳаббати топталгач таслим бўлиши ёқмайди. Лекин шундай кўргуликка йўлиққан инсон дўстим ...нинг изтиробларини тушуниши ва ундан паноҳ топишига ишонаман.
 
  Яна шуларни ҳам айтишим керакки, у билан яқинлигимиз ҳамма бирдай тушунадиган даражада бўлмаган. Унинг қалб кечинмаларидан менга йўллаган мактублари орқали воқиф бўлганман холос. Бу эса унга нисбат беришимга етади, деб ўйлайман.

  Унинг хатларида биринчи галда эътиқодига собитлик зоҳир бўлса, кейинги номаларида том маънодаги ҳаёт мазмунини англагани, унинг ўзигагина хос бўлган қонуниятларини ўзгартиришга уринаётгани, ўзини-ўзи  тафтиш қилаётгани ярқ этиб кўзга ташланади. Шунингдек, унинг битганларида менга бўлган муносабати қандай эканини аччиқ киноялари, сўз ўйинларидан ҳам билиб олганман. Лекин булар, қалбимдаги унга бўлган илиқликни музлатмади.

   Фаҳмимча, унинг яшашига нимадир ҳалал берарди. Шу боис, доим ўпкаси тўлиб нафас ололмаётганидан, атрофда ўзи истаганларини кўролмаётганидан азият чекарди... Мактубларига беркитган ҳақиқат шундан иборат эдики... буни қуйида ўзингиз ўқиш асносида уқиб олганингиз маъқул!

* * *
21 апрелъ, 2013 йил 

Ф.Хеббел: “Мен асарларимда айтмоқчи бўлган фикрларимни қўлимда тайёқча тутган ҳолда мухлисларимга тушунтириб беришим керакка ўхшайди”, дея ёзғирган эди.
Мен унинг ҳолига тушиб қолмаслик учун ҳам ёзишга иккиланяпман. Бироқ мубталолик дарди қалбимни ўртайверади. Чорасизликдан қоғоз қоралайман, ўчираман  ёки уларни қалин коржомага жойлайман.
Зиёга талпинганим сари ботқоқликка ботяпман.
Нажот керак...

21 июнъ
Яна жума. Бу кунга тайёр эмасдим: уни худди яшамагандай ҳатлаб ўтишнинг имконини топмоғим керак. Менинг бугунги ташвишим шу!
Дўстим, сиз ҳойнаҳой яхши ишнинг бошини тутгансиз-а?
Енг шимариб яшашга киришинг: сиз тирикликка лойиқсиз!
Жамики ғам-у иллатларни ўзимда тутиб тураман, сиз соғлом ва бамаъни куннинг соҳибига айланинг!
Яна мактуб йўллаганим учун маъзур тутгайсиз!

22 июнъ
Бугун Кун 1004 дақиқага чўзилди. Йилнинг энг узун куни...
Олдинда эса 436 дақиқалик энг қисқа Тун...
Дўстим, ҳар сония – бир умр!
Қалбингизни озорлардан асранг! Ахир, у ўзингизники!
Безори хат билан яна мен...

24 июнъ
Замонамиз қаҳрамони ким?
Бугундан бошлаб пойтахт театрларида ушбу саволга жавоб бўлиши кутилаётган спектакллар намойиши бошланди.
Менингча, жавоб сира топилмайди. Чунки талаб даражасидаги асарнинг ўзи йўқ.
Бугуннинг қаҳрамони – изтироб чекаётган одам, назаримда. Бундай образ эса ҳали саҳналаримизга кириб келмади. Ким билсин, балки умуман киролмас!
Дўстим, сиз замона қаҳрамонисиз!

26 июнъ
Менга нималар ёқмаслигини айтайми?! ўзимни эслатадиган ҳамма нарса! 
Дўстим, жуда-жуда ғалати кун остонасида турибмиз. Мен-ку дунёнинг тўрт тарафига қўл силтаган савдойига айланиб қолдим.
Қадрдоним, сизга тикилган нигоҳларнинг ҳаққини адо этинг. Қадамингиз ўт сочмаса ҳам, ўт ичра қолиб кетмасин!
Қалбингиз – буюк бойлигингиз. Уни тўққиз фалак малоики пок асрасин!
Дўстим, тилак айтишга-да хавфсирайман.
Отаётган кун сизники!
Сизни  бағоят қадрловчи дўстингиз ...

27 июнъ
Соям кун сайин озиб боряпти: онамга бу ҳақда айтсаммикан?
Яхшиси, индамайман.
Нуқул уйга кел, деб қўймаяпти-да. Шуниси чатоқ!
Соямни “Зарарсиз семириш” курсига бермасам бўлмайди. Курс учун емай-ичмай пул йиғишга тўғри келади-ёв!

2 июлъ
Автобусдаман. Кондуктор бўлиш ниятимдан ҳали қайтганимча йўқ. Бу ҳам бир хаёл-да, дўстим! Агар кондуктор бўлсам, йўловчиларга чипта эмас, йўл ҳаққи тарқатаман. Роппа-роса 800 сўмдан. Бу ахир уларнинг ҳаққи. Ҳозир осонмас-ку 40 даража иссиқда, яна терга ботган йўлдошлар билан битта уловда юриш!
Эҳ дўстим, сиз ҳойнаҳой, салқин масканда хаёл суряпсиз-а?!
Мен ўша салқинликнинг умри узун бўлишини тилайман!

11 июлъ
Ньютонинг фикрига кўра, олма гравитация сабаб ерга тушади. Паркинсон назарича, бутерброт ёғли тарафи билан полга қулайди. Менингча эса инсон қалби ўз фитратини абад сақлаб қолади.
Бу уч назариянинг аввалги иккитаси менга ҳалал бераётир.
Мен космонавт бўлишни истаб қолдим. Ҳар тугул фазода кимнингдир ўрнига туриб қолиш имкони бўлмаса керак. Бугун бир ошнам билан кўришгандим. Ундан ҳаётнинг ҳиди келарди. Менга эса аросатнинг таъми ўтириб қолган. Чала битган ҳужрада ота-онамни ташлаб келаверганимга ҳам ачиндим. Яна ўйладимки, бу кўргулик қалбимни ўз фитратида сақлашимга йўл очар.
Мен ишдан воз кечдим...
Мен ҳаётга яна бир бор туртиниб кетдим...

5 сентябръ
“Икки минг ўнинчи йил. Сунбула кирганига ўн уч кун бўлди...”

Эътибор берманг, дўстим. Буни сизга даҳли йўқ. Чунки, бу маълум ерига “4” сони қўйилган қора муқовали ён дафтаримнинг илк саҳифасидаги ёзувлар... Рости, бунақа “қора муқова”лардан шахсий архивимда кўп. Лекин улар орасида айнан “Икки минг ўнинчи йил...” билан бошланувчисининг ўрни бўлак. Чунки мен унга боримни бағишлаганман. Ҳақиқий аслимни, сийратимни унгагина кўрсатганман, холос. Ва, яна шуни айтишим керакки, ўй-фикрларим, дардим, хаёлларим, муайян мавзу борасидаги мулоҳазаларимни дастлаб у билан бўлишганман. Шу боис, “мен”нинг бир бўлагини, жавонимнинг кўз илғамас еридаги ўша қора муқовали дафтарсиз асло тасаввур қилолмайман.

Бугун шундай дафтарларни бутунлай йўқ қилишга қарор қилдим. (Бу иш, узоқ йил жамғарилган миллионларни ёқвориш билан тенг, балки, ундан ҳам оғирроқ бўлса-да, шундай қилишга мажбурман). Бунга Достоевскийнинг “Ўлик уйдан мактублар”ини ўқиганим сабаб бўлди. Дастлаб, менда оврупача расм-русумда, ниҳоятда кўримли ва озода кийинадиган бир нусха сифатида таассурот қолдиргани учун асар қаҳрамони Александр Петровичга айтарли эътибор қилмадим. Кейин...

Ҳаммаси шу КЕЙИНдан кейин бошланди. Асарни эзилиб ўқидим. Битиргач, нималарнидир қоралагим келди. Петровичнинг ҳолига тушиб қолишдек қўрқув бутун вужудимни қамраб олгани учун дафтарга ҳеч қандай чизиқ тушмади.

Саша ёлғиз, елкадош, фикрдош дўсти йўқ. У бутун борлиғини ўзи билан бирга олиб кетишдек имкониятга эга бўла туриб, ундан фойдаланмади. Агар шундай қилганида, кун келиб ўткинчилар томонидан шунчаки унутиларди, қўярди. Бошқа ҳеч нарса бўлмасди. Шу билан ҳаммаси тугарди. У хато қилди. Дафтарига кўрган-кечирганларини, билганларини ёзиб хато қилди...

Бир тарафдан “Ўлик уйдан мактублар”ни ўқиганим чакки иш бўлмади. Александр Петрович қилган хатони такрорламаслигим учун сабоқ бўлди...

Шу тариқа тонг отди. Ухладимми ўзи?!.

Ўша “Икки минг ўнинчи йил”, деб бошланувчи қора муқовали ён дафтаримни қўлтиқлаганча ўқишга бордим. Дарсликни наридан-бери ўқиб, назорат ишини чала-чулпа ёзиб топширдим. Эшикдан чиқа туриб, дўстим ...га дафтарни йўқотиш ҳақидаги қароримнинг учини чиқардим. У зинҳор бундай қилмаслигим, аксинча, дафтарни унга беришимни сўради. Дўстим ... шу даражада тентакка ўхшатдими мени?!

Фавқулодда қабул қилинган қарор, кескин бир тўхтамга келиш кишини эсанкиратиб қўяди, дейишади. Чиндан ҳам, ҳушимни йиғиб олиш учун ҳамон ўша алфозда, қора муқовали дафтаримни қўлтиқлаганча пойтахтни пиёда кезаман. Мақсад одамлардан ҳоли, панароқ жой топиб, ўйларимни дафтар қатларига ўйиш, елкамни тобора пастга тортаётган юкнинг бир неча қисмидан фориғ бўлиш, қайта-қайта хуруж қилаётган хотираларни бир онга бўлса-да, унутиш ёки дарвешона ҳаётни тугатиш учун зарур формула яратиш... аммо уринишлар зое... Чунки, доим нимадир кутилмаганда рўй беради... Офтобда қатиқ ялаган қариндошим ёки унут бўлай деган таниш-билишим учраб, маълум сюжет учун хаёлимда пайдо бўлган, узоқ вақт пойлаган фикрларимни энди пишитаман деб турганимда “пуф”лаворади. Бундай вазиятда пешонам тиришиб, энсам буришади. Лекин буни уларга сездирмай ишшайиб турган ниқобимни юзимга тортаман. Қўлларини қисиб аҳвол сўрагандай бўламан турқингдан олгурлар билан. Бир неча саот (ҳар ҳолда менга шунадай туюлади) давом этган суҳбатдан кейин муғомбирлар бўлади-ку “Wall street”даги, ўшаларга хос табассум қилади. Хайр-хўшни-да насия қилмайди улар.

“Ҳа-да!.. Уларга нима аҳамияти бор?!. Ўляпсанми-қоляпсанми, зиғирча иши йўқ. Фақат ўзини ўйлайди эгоистлар”. Бу ҳам етмагандай менга “мен”и ЎЗининг олдида қарз қилиб аллакимларга салом дейишимни тайинлайди... Юриб-юриб онларни совураман.

...Кун кеч бўлади. Чарчаб уйга қайтаман ва ошқозонимни ранжитиб ёстиққа бош қўяман. Оқшом умрбоқийларнинг пойига тиз чўкканда мен лоақал унинг этагидан тутиб қолишни-да, эплолмаганимдан куюнаман ва... Ва ён дафтаримга нималарнидир қоралайман. Барибир кўнглим тўлмайди. Тўрт девор орасида, қоронғулик исканжасида дафтаримнинг оппоқ саҳифасига термулганча “Insomnia” билан оғрийман.

Мубталолик дарди қурсин!

22 сентябръ
Мароқли кун, дўстим!
Руҳингиз тетикми? Вужуд бардамми? Уйдагилар омонми?
Якшанбани хушламайман: ихтиёрсиз дилхираликлар куни у. 116-автобусга чиқдим – ҳайдовчи ГАЗЕЛЪ эгаси билан ёқалашиб кетди. Шу заҳот тушиб, 86 га миндим: Манзилга етай деганда икки йўловчи даҳанаки жангга киришди. Яна тушиб қолдим. Ҳозир пиёда кетяпман. Манзилимга – шуниси маъқул...
Дўстим, қандай эзгуликларни бошладингиз?

25 сентябръ
Мухбир дўстим, саломатмисиз?
Ғўза чаноқлари қўлингизни тирмаётирми? Ғалат савдо:  йил давомида рўзномада куйиб-пишиб “ерга чигит қадалди”, “яганалаш ва кулътивация мавсуми”, “ҳосилга ҳосил қўшиш ойи”, “илк нишоналар кўсак ёрди” қабилида чиқишлар қилсангу, алалоқибат пахта даласига қувилсанг. “Ўзинг пиширган пахта, айланиб ҳам тер, ўргилиб ҳам” деганларими бу?!
Дўстим, куюнчак қадрдоним, ўзингизни  асранг, қалбингизни эҳтиёт қилинг!
Дарвоқе, шу кунларда Д... тушларимга тез-тез кирадиган бўлиб қолди. Нима деб ўйлайсиз, тинчликмикан?

16 январъ, 2014 йил
“Олмазор”, охирги бекат. Вагондан чиқаётганингизда буюмларингизни унутманг!..” бу эслатмага шу чоққача эътибор қилмаганаканман. Чунки, ҳар куни ҳар хил қиёфада бир ҳил ифода – мунгни кўравериб, очиғи, бўғилардим...
Дилхираликлар билан бошланган кун маъюс чеҳраларнинг атрофдагиларга беписанд эмаслигини кўргач, осуда поёнига етяпти. Кўксим тоза ҳавога тўляпти. Боиси...

Вагондан чўлоқ йигит махсус аравачасида чиқди. Зина олдида тўхтаб, ҳижолатомуз атрофга боқди. Унинг олдидан уч, тўрт киши пиннагини бузмай ўтиб кетди. Йигит зинадан ўзи чиқишга уринди... ўткинчилардан тўрт нафари бунга шунчаки қараб туролмади. Улар араванинг тўрт тарафидан олиб унга кўмаклашди. Шукр! Оломон орасида раҳмдиллари ҳам бор экан.

20 январъ
Кеча аҳмоқона иш қилдим. Д... мендан жирканишини очиқ айтган бўлишига қарамай, уни такрор безовта қилдим. Шунчалик ҳам сурбет бўламанми-а?!
Хуллас, унга юбормаслик учун хат ёздим. Дастлаб уни сизга жўнатишга, кейин фикрингизга қараб йўл тутишга қарор қилдим. 
Мана ўша хат:

“129 кун мен билан бир хонада ўтирасиз ва бир ҳаводан нафас оласиз. Буни сиз  учун қанчалар оғир эканини, ушбу нома борган рақамдан қанчалар жирканишингизни биламан. Ишонинг, кўксингиз тоза ҳаво билан тўйиниши учун кўзингизга тўрт ой, ёки 18 ҳафта кўринмасликни удаллайман. Аммо отам: “Ўқишга бор. Тағин хайдалиб, эл олдида мени шарманда қилма!” деб қўймаяпти-да. Шуниси чатоқ!

Қадрлигим, сиз 185 минг 760 дақиқани осудаликда ўтказинг. Мен эса ўз ота уйимда, “Беруний”, “Пахтакор”, “Мустақиллик” томонлардаги “қўналғаларим”да Аллоҳдан қисматимга битганини қолган бандаларига раво кўрмаслигини сўраб, тоат-ибодатда ўтказаман. Зора тангрим дуоларимни қабул этиб, мен сингари ЖИРКАНЧларни жазолашни бас қилса!..
Сизни бағоят қадрловчи ва абадий севувчи  Беко!”
Дўстим, нима дейсиз жўнатайми буни унга?
Ҳақсиз! Буни Д...га юборишдан наф йўқ.    

9 февралъ
Ўлим менга шарпа мисол эргашяпти. Бу кетишда у мени маҳв этиши тайин. Рости, ундан халос бўлишни истамайроқ турибман. Шу боис унга мени ўз домига олишига изн бермоқчиман. Пушаймонларимни эса ҳеч кимга баён қилмасликка онт ичаман. Бундан берисига не бўлса, пешонадан. Жек Лондон асарларининг бирида “...ўлим эзгу нарса...” деб, бежиз айтамаган экан. Уни лаззатини тотишга шуқадар муштоқман!.. Арзирли бўлмасада қолган умримни сизга мерос қиламан. Уни турли изтироблардан асранг!

Гапнинг очиғи, шунда ҳам руҳим таскин топмаслиги аниқ. Шу важдан қабрим устига ҳайкал ҳам, мемуар тош ҳам сўрамайман, фақат қабрим устини текислаб, унга бир жуфт оёқ кийим қўйинг – бирор оёқяланг кийиб кетсин!

*  *  *

  Дўстим  ...дан бошқа мактуб олмадим. Шўрликнинг кечинмаларига оид нима топган бўлсам, авайлаб тўпладим ва ҳеч қандай ўзгартиришларсиз эътиборингизга ҳавола этдим. Лекин у ўзи айтмоқчи жонига қасд қиладиган даражага бормайди. Мен ҳар ҳолда шундай фикрдаман. Шунинг учун уни ташқи муҳит таъсири сабаб ўзгармаслигига, қалбини ўз фитратида абад сақлаб қолишига ва албатта севгани билан мангу бирга бўлишига, бахтли яшашига ишонаман.

2013-2014 йиллар.

1 комментарий: