четверг, 3 марта 2016 г.

ШИВИР

Ҳикоя
  Ишдан жуда кеч чиқдим. Охирги автобусга улгуриш учун шошиб бекатга бордим. У ерда анчайин замонавий кўринган ёши қирқлардаги аёлдан бўлак ҳеч зоҳ йўқ эди. Аёл бироз синиққан кўзларини номаълум нуқтага қадаганча нималарнидир ўйларди. Шунинг учун, келганимни ҳам сезмади. Гапнинг очиғи, у билан сўзлашгим келди. Сабаби, нима десам экан, аёл менга сирли кўринди. Аллақандай дард қалбини ўртаётгандай туюлди. Тахминим тўғри экан. Унинг елкаси учиб, ҳиққилади. Охири, бўғзини бўғиб турган дард ёмғир бўлиб кўзларидан томчилай бошлади. Буни жимгина кузатиб туролмадим. Аёлнинг ёнига бориб нима бўлганини сўрадим...
  Муҳаббат опа (уларнинг исми шундай экан) фарзанди Баҳромни ўзи емай едириб, киймай кийдириб вояга етказгани, оқ ювиб, оқ тарагани, келажакда ҳеч кимдан кам бўлмасин, ҳеч нимага зориқмасин деб ўқитганини, ўғли чет тилларини яхши билгани учун элчихона орқали хориждаги олий ўқув юртларининг бирига имтихон топшириб ўқишга кетганини, бир йилдан кейин магистр дипломи билан ўша ерлик қизни ўзи билан бирга бу ерга олиб келганини, яккаю-ягона суянчиғи шу фарзанди – Баҳром бўлгани боис, унга оқ фотиҳа бериб, тўйини қилиб берганини гапириб чуқур хўрсинди. Дийдасини артиб, қўлларини бир-бирига қовуштирди. Кўзларини бир нуқтага қадади ва шундай деди:

   – Бир ойча аввал ўғлим мендан уйни унинг номига хатлаб беришимни сўради. Буни қачондир қилишим керак эди. Шундай ҳам бўлди. Кейин у... кейин у мени томдан тараша тушгандай уйдан қувиб солди. Ҳеч нимага тушунмадим. “Болам мен сенга нима қилдим?”, “Қаерга бораман ахир?”, “Ундай қилма! Маҳала-кўй олдида нима деган одам бўламиз?”, дея зорланаишимга ҳам қарамади. Чиндан ҳам борадиган жойим йўқ эди... Ўшандан буён бировларникидан бошпана топиб, уйида нима иш бўлса қилиб, боласига қараб юрибмаан. Орада уйга уч-тўрт марта бордим. Бугун ҳам ўша ердан келаяпман. Қўшниларнинг айтишича, Баҳром келинимни олиб, уйни кимгадир сотиб қаергадир кетибди...

   Опа менга юрагини тилкалаётган алам нафасини ҳиппа бўғгани учун бундан ортиқ ҳеч нарса демади. Эҳтимол, бошдан кечирганларини миридан сиригача айтишга улгурмагандир. Чунки, чорраҳадан бурилган автобус бекатга келиб тўхтаганди. Муҳаббат опа бу орада юзини ювган аччиқ ёшларини уринган, дазмоли кетган рўмолчасига артди. Ишлаётган уйига яна бир неча соат кечикса, хонадон соҳиблари уни тайёр бошпанадан мосуво қилишини айтиб ўрнидан турди... Автобус кетди...

   Бекатни ваҳимали сукунат босди, юрагимни эса тушуниб бўлмас аллақандай изтироб чулғаб олди. Опанинг ҳикоясини узоқ ўйладим. Нимага?” Ана шу биргина саволга жавоб тополмай қийналдим. Шунинг учун, Муҳаббат опанинг маълум маънодаги қисмати ҳақида ўзимча-да мулоҳаза қилолмайман. Лекин улар ҳам қолган оналар сингари фарзанди қаерда, ким билан бўлишидан қатъи назар бахтли яшашини истайди…

   Шу дамда, Муҳаббат опага тасалли бериш илинжида айтган сўзимни кимдир қулоқларим остида шивирлагандай бўлди. Даҳшатдан этим жўнжикиб кетди. Тарашадай қотиб қолдим.

   “Яқинларимиз бизни ҳеч қачон тарк этишмайди. Кетишдими? Демак, улар бизга ҳеч қачон яқин бўлишмаган. Шунинг учун куюнманг... Кетса кетаверсин улар. Бизга нима? Фақат ҳаёт ва унга бўлган муҳаббатимиз биздан воз кечмаса бўлди”.


2012 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий