среда, 16 марта 2016 г.

ЯНА, ЎЗИНГ БИЛАСАН...

Ҳикоя

Инсон ўзини-ўзи эшитиши ва
тушуниб етганини ҳазм қила олиши керак!
Отамнинг ўгитларидан

  Адҳам бу қизни аввал ҳам кўрган. Жуда кўп кўрган. Лекин ҳар сафар кўрганида ундан бундай гўзал қизни ҳудди биринчи бор кўриб тургандай кўзларини узолмай қолади.
  Мана масалан, у қиз ҳозир шундоқ ёнгинасида турибди. Лекин юрак ютиб лом-мим демайди. Баъзан, ўғиринча бир-бирига кўз қирини ташлаб қўяди. Қизнинг маъноли жилмайиши йигитнинг юрагига ҳаяжон солади.
 
  Автобуслардан бир нечтаси келиб-кетди. Бекатда улардан бўлак ҳеч зоҳ қолмади. Танишиш учун қулай фурсат. Отни қамчила, йигит! Адҳам қиз томон ўгирилиб, бир қадам ташлади. Гапиришга оғиз жуфтлади. Буни сезган қиз юзига тушиб турган бир тутам сочи орасидан йигитга боқди. Қизнинг ёниб турган кўзларини кўрган Адҳам жойида қотди. Юраги баттар ҳапқириб кетди.

   Чораҳадан қайилган автобус бекат томон кела бошлади. “Нима бўлса бўлди. Буёғи пешонадан. Ўзига таваккал!” Адҳам ўзига-ўзи шундай деб, тараддудлана бошлаган қизни гапга тутди. Қизнинг юзи бирдан ёришиб кетди. Гўё шуни кутиб тургандек!

   Икки ёш бекат ўриндиғига ўтириб, анча суҳбатлашадиган бўлиб қолди – дилдан, самимий!

   Адҳамнинг гапларидан кейин ўртада ўнғайсиз ҳолат вужудга келди. Қиз вазиятни юмшатиш учун йигитга “энг яхшиси – дўст бўлиб қолиш” эканини айтиб, қўл чўзди. Шунда:..
 
  “Дунёнинг ишлари қизиқ. Нуқул кутилмаган “совғалари” билан ҳайратга солади. Ўзингни ҳаётингдан бунга истаганча мисоллар келтиришинг мумкин. Баъзан мамнун, баъзан дилхун этади. Вақт ўтгани сайин бунга кўникиб қоласан. Лекин тасодифлари... мана улардан бир шингили:

   Кимнидир беҳос учратиб қоласан. Танишасан. Ундан, бундан суҳбатлашасан. Вақт ўтади. Орадаги масофа анча қисқаради. Унга бўлган муносабатингда аллақандай ўзгариш бўлаётганини ҳис қиласан. Бироқ қалбингни бу нидосини эшитмайсан. Ақлинг йўриғига юрмайсан. Эҳтимол эшитарсан, аммо инобатга олмайсан. Ботинингдан келган буйруқни инкор этасан. Реал воқеликдан исбот талаб қиласан ундан.

   Ҳаётнинг ўзи навбатдаги фавқулотда тасодифи билан кўришни, англашни, ҳис қилишни истаган нимарсангни шундоққина кўз ўнгингда бор бўй басти билан моҳир мусаввирдай тасвирлаб беради – ёрқин рангларда!

   Шунда нима қилишингни, қандай йўл тутишингни-да биламан. Айтайми?

   Ҳаёт маромини ўзингча тезлаштирасан. Авваллари муносабатингга ойдинлик киритолмай бир мунча ҳалак бўлган, ойдинлик киритгач эса ҳудди амакисидан ҳайитлик олган боладай қувониб, ўша инсонингни қошига борасан – 360 градусга ўзгариб. Қалб кечинмаларингни тўкиб саласан. У индамай эшитади. Бўлди, тамом. Йўқ. Барчаси Happy еnd бўлишидан умидингни уз. Чунки сен ёлғиз уни деганинг, унигина севганинг билан у сени демайди, севмайди. Жавобидан устингдан биров бир челак муздек сув ағдариб юборгандай ҳис қиласан ўзингни.

  Бобурдек “Ҳажрингда, эй парирў, кўзумдин учти уйқу, Ҳар кеча тонгға тегру ишимдур оҳу нола.” деб нола қиласан “Лола”нга. Севиб, севилмаганинг учун севмаган юракдан хафа ҳам бўласан. У эса бахтли.

   Қўнғироқ қилганингда кўтармаса, смс ёзганингда жавоб ёзмаса билки, дўстингга қўшиб муҳаббатингдан ҳам жудо бўлдинг. Умуман, бир неча марта телефон қилганингда ҳеч қандай жавоб бўлмадими, бас. Смс ёзма. Боиси бу чорасизларнинг иши.

   У билан яна қачондир, қаердадир кўришиб қолганингда салом, дейиш учун базўр хайр, дейсан. Бундан бошқа иложинг йўқ. Шунинг учун сенга маслаҳатим: қизлар билан зинҳор дўст бўлма. Яна, ўзинг биласан.”

   Адҳам талмовсираб атрофга боқди. Ҳеч ким йўқ. Янглишаётганини, бу унинг ичидан келган нидо эканини тушунди. Индамай, ўрнидан турди. Йўлнинг нариги бетига ўтиб, кўздан ғойиб бўлди: ортига ҳам қарамади.

2016 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий