понедельник, 25 апреля 2016 г.

ЎРА

Ҳикоя
  Тоҳир ака қайсар, билганидан қолмайди. Айниқса, олтмишдан ошиб анча инжиқ бўлиб қолди, денг. Пенсиясини олиб “РайГаз”, “Электросет”, “Водоканлал”га югургани-югурган. Азиз отасининг бу ҳаракатини маъқулламади: “Улфатларингиздан ўрнак олсангиз, чойхонада оёқ узатиб кўк чой роҳатини қилсангиз бўларди бунинг ўрнига, ота! Эшитган қулоқ нима дейди, ошналаримчи?! Отасига оғирлиги тушаётган экан, деб мулзам қилишади-ку!”.
  Куюнчак ўғлининг ҳасратини индамай эшитган ота “Ҳўп, нима десанг – шу, ўғлим!”, деса олам гулистон. Аммо бизнинг акамиз тушмагур бундай демайди. Гапни койишдан бошлайди: “Сен бола нимани ҳам билардинг, аввал қиз чиқар, ўғил уйла, невара кўр. Ўлмай юрсам ўшанда гаплашаман. Унгача ишларимга бурн суқма!”...

  Ҳикояни шу ерига келганда тўхтатмасак бўлмайди. Ўжар ота қўйиб берсангиз ўғли Азизни яна нималар, деб койимайди, дейсиз. Аслида, ҳаммасини болаликдан дўст икки кексанинг дилкаш суҳбати билан бошламоқ лозим эди.

  Ҳа, майли. Ҳечдан кўра... Улар навбатдаги наҳорги ошдан тол кўча бўйлаб қайтар экан, иккиси ҳам бир-бирига айтар сўзи бор-у, лекин гапни нимадан бошлашни билмай қийналаётганга ўхшарди. Бу жараён уларнинг ёнига Азизнинг ошнаси Даврон келиб сўрашмагунига қадар давом этди.

  “Машинага ўтиринглар, элтиб қўяман!”

  Давроннинг бу таклифини Аҳмадали ака ҳам, Тоҳир ака ҳам рад этди. “Раҳмат, ўзинг кетавер. Пиёда етиб оламиз. Баҳонада ош ҳам хазм бўлади”, дейишди.

  – Вақтни ўтишини қара, Тоҳир, – деб гап бошлади Аҳмадали ака жимликни бузиб, ним алвон тусда товланаётган тол баргларига қараганча давом этди, – Бир вақтлар шу кўчада чопқиллаб юрардик. Улғайдик. Кеча шу кўчада етаклаб юрган болаларимиз ота бўлишди. Бугун фарзандларини чиқаришяпти, уйлантиришяпти...

  Кўзи билан ер чизиб кетаётган Тоҳир ака “Нимасини айтасан, Аҳмадали!” дегандай бош ирғиди. Аҳмадали ака дўсти билан диллашишни кўпдан бери дилига тугиб юрарди. Қулай фурсат туғилганидан қувониб, унумли фойдаланиш пайида бўлди.

  – Ҳа-я, Азиз қалай? – деди, ҳудди ҳеч нима билмагандай. – Тунов куни идорасига борувдим. Анча гурунг қилдик. Неварангни кўриб қолиб, сени сўраганимни, аллақандай дафтарларни олиб, шаҳарга кетганинги айтганини, нима отанг ҳалиям шу одатини қўймадими, дейишимни биламан тутоқиб кетса, бўладими?! Айтишича, бу-ку бир наъв! Ёзда болаларга ҳовли этагида ўра кавлатиб, куз охирлаб қолганида бозорга чопармишсан. Қоп-қоп картошка, сабзи, шолғомларни ўрага кўмиб, қишга захира қилармишсан. Невараларинг буни сабабини сўрашса, кўкламга бориб қимматлайди дер экансан. Шу ҳам гапми Тоҳир?! Азиз қўйинг шу ишларни ота, деса роса койирмишсан. Рости, коммунал толовларни ўзинг тўлашинга қарши эмасман. Аксинча, қўллайман бу ишингни. Сени биламан: ҳарна, ёрдамим тексин, уч-тўрт сўм ортирсин, қийналмасин болам, деб қиласан. Билганим учун гапираяпман-да! Буни Азизга ҳам айтдим. Тушунди. Сен билан шу масалада тортишганидан қаттиқ пушаймон қилди. Лекин йилда бир бозор халтанги қўлтиқлаб, очиғи... Нега тушунмайсан, ахир?! У даврлар ўтди. Вазият ўзгарган-да жўра, аввалгидек эмас ҳозир. Қийинчиликлар ортда қолди. Энди ҳаммаси ўзимизники. Бундан берисига шундай тўкин-сочинликда, роҳат-фароғатда яшаймиз. Ўғлинг амалдор. Давлат одами. Бир нимани билмаса гапирмаса керак. Сўзига кир: мундоқ бозорни тез-тез айланиб тур, ёздаги нарх билан қишдагисини солиштир. Ана ўшанда тушунасан. Кўнглинга олмагин-у дўстим, жуда тажанг қарияпсан-да!

  Аҳмадали аканинг насиҳатини индамай эшитиб келаётган Тоҳир ака бу гапдан кейин, “Эй, сен ниманиям билардинг”, дегандай зарда билан қўл силтаб, дадил юриб кетди. Ортига ҳам қарамади...

  Бу воқеага кўп бўлди. Буни сизга ким айтиб берган ёки бу икки кексани қаердан танийсиз, дерсиз?! Эҳтимол, сизни бу ҳикоянинг давоми, кейин нима бўлгани қизиқтираётгандир. Кейин... кейинни қўйиб турайлик, ҳозир асосий гап бу ҳақда эмас. Гап шундаки, Тоҳир аканинг заҳира борасида бундай йўл тутишининг муайян сабаблари бор эди. 80-йиллар охирида ҳамма нарса танқис бўлиб қолган эди. Полиз маҳсулотларининг нархи қиш ва баҳорда осмонга чиқиб кетарди.

  Бу ҳолнинг жавобини Президентимизнинг ўша кезлардаги маърузаларидан топамиз: “Фақат дераза токчаларию томларга пахта экилмади, холос. Биз пахта мустақиллигини таъминладик. Ўзимиз эса қарам иқтисодиётга эга бўлиб қолдик”.

  Орадан йиллар ўтди. Истиқлол шарофати билан ер-сувимиз ўзимизники бўлди. Қишлоқ хўжалигида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Одамларнинг дунёқараши, меҳнатга муносабати ўзгарди. Деҳқон ва фермерларда эгалик, манфаатдорлик ҳисси пайдо бўлди. Ўзлари етиштирган маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш ва сотиш имконига эга бўлди. Бугун бозорларимизда мева-чева, сабзавот, полиз экинларининг кети узилмайди. Йил давомида тўкинлик...

  ...Тоҳир ака йўл-йўлакай Аҳмадали аканинг гапларини ўйлаб борди. Дастлаб, ўзини ҳақ, дўстини ноҳақ билди. Ўғли Азизга ҳам тиш ғичирлатди. Уйга бориб, чорпояда чордона қуриб бироз ўтирди. Ҳовури босилгач, усунга осилган халтани олиб бозорга чиқиб кетди.

  “Аҳмадали билан Азиз ҳақ. Куюнганича бор экан. Вей, кузаки картошка, пиёз ва бошқа рўзғорлиқларнинг нарҳи сира ўзгармаган. Мустақиллик шарофати, она заминнинг бебаҳо саҳовати, моҳир миришкорларимизнинг беқиёс қудрати шу бўлса керак-да!”

  Тоҳир ака шуларни хаёлидан ўтказиб бир-бир босиб уйи томон қайтар экан. Кўча бошида Омон домланинг ўғли Каримни учратиб қолди. Уст-боши чанг, лойлигига қараганда ҳашардан қилаётган бўлса керак.

  – Қўшни қишлоқдаги “участка”дан келаётувдим, – деди Карим ҳудди Тоҳир аканинг фикрини уққандек. – Отам: ўша ерга уй сол. Сени чиқараман, дедилар. Томсувоқ қилаяпмиз.

  Тоҳир ака хаёлига фавқулотда лоп этиб келган фикрдан қувониб, – Тупроғинг ортадими, – деб дадил сўради. Жавобини кутмай, боягидай оҳангда – Ҳашарга болаларни чиқараман. Тўрт-беш арава бериб юборарсан. Ҳеч нарсага тушунмай, эсанкираб қолган Карим йўқ деёлмади...

  Дарвоқе, бу гапларни менга бувам – Тоҳир отанинг ўзлари айтиб берганлар.

2016 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий