среда, 13 апреля 2016 г.

ХОСИЯТ БУВИ ЭРТАКЛАРИ

Публицистика
  “Икки эшик ораси” романини илк бор қачон ўқиганимни эслолмайман. Лекин узоқ вақт шу асар таъсиридан чиқолмай юрганим, “Қора амма”нинг дилни тилкаловчи аламли изтиробларига ҳамдард бўлганим, Кимсанбойнинг аянчли қисматига ўксиб-ўксиб йиғлаганим ҳали-ҳамон ёдимда. Буни ҳеч қачон унутолмасам керак. Боиси, ҳар гал Хосият момо Муродовани кўрганимда “Қора амма” кўз олдимда гавдаланаверади. Улар шу қадар бир-бирига ўхшашлигидан “Ёзувчи Хосият момо билан таниш бўлмаганмикан?”, деган ўйга ҳам бораман.

  Шу кунларда мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига Президентимиз номидан “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда пул мукофотлари тантанали топширилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Тошкент вилояти Янгийўл туманида ҳам ташкил этилди. Вилоят ҳокими Аҳмад Усмонов ва бошқалар бир гуруҳ кексаларни мукофот билан, байрам билан қутлади.

 Юбилей медали кўксига ярашиб турган ёши улуғ инсонлар орасида қишлоқдошимиз Хосият Муродова ҳам бор экан. Фурсатдан фойдаланиб, момонинг суҳбатини олишга шошилдик. Момодан болалик йиллари ҳақида сўраганимизда, негадир жимиб қолдилар.

  – Шундай кунларда гапирмасангиз қачон гапирасиз?! Гапиринг момо, – деди иштирокчилардан бири.

  Момо миқ этмади. Ҳамон сукут сақларди. Хаёллар уммонига ғарқ бўлгандек эди гўё. Йўқ, ундай эмас экан. Бироздан кейин Хосият момо сўз қотди. “Мен гапирмасам, тарих гапиради. Лекин ҳар бир инсоннинг ўз тарихи бор”, деб ҳикоясини бошлади.

Нон қадрлими ёки инсон?

  Куз. Уч кун эзиб ёққан ёмғир жума куни эрталаб тинди. Эринибгина барг тўкаётган дарахтлар зах ҳавода совқотган боладек қунишарди. Доимгидек, Дадахон саҳармардонда ишга кетди. Дастурхонга ҳам ўтирмади.

  Муштипар буви унинг ортидан ҳар галгидек ҳай-ҳайлаганча қолаверди. Дадахонга ҳам қийин. Рўзғор унинг елкасида. Муаззин қўлига обдаста олмаёқ икки қишлоқ наридаги новвойхонага чопади. Алламаҳалгача терга ботиб “оқ нон” ёпади. Хуржунини тандирдан оққан, куйган нонларга тўлдириб келганида укалари тош қотиб ухлар, фақат бувисигина уйғоқ бўларди.

  Қиш кирди. Дадахоннинг ишга деб кетиб, қайтмаганига бир ойдан ошди. Бувиси уни дараклаб бормаган жойи қолмади. Дадахонни кўрганлар чиқмади, билганлар индамади. Боиси, ҳамма феъли чатоқ раисдан қўрқарди. Неварасининг ном-нишонсиз кетишида раиснинг қўли борлигини сезган буви аламини ичига ютишдан бўлак чора тополмади.

  Раис Қовунчитепада машинада жарга қулаб ўлгач, ҳаммаси аён бўлди. Ҳеч нарсани билмаган, ҳеч нарсани кўрмаган одамлар тилга кирди. Уларнинг айтишича, Дадахон тўрт дона нонни куйдириб қўйгани учун қаматилган экан. Тўрт дона нон аслида бир баҳона, холос. Бунинг асосий сабаби новвой йигит раиснинг кенжа қизи Одина билан дил боғлаганида экан.

  Дадахоннинг бувиси бу кўргиликка дош беролмай қазо қилганида кўклам кирган, еру кўкдан намчил ҳид келарди. Шундай кунларнинг бирида ҳовлига сочига оқ оралаган, қадди бироз букилган, яноқ суяклари туртиб чиққан бир киши кириб келди. Индамайгина бориб, даҳлизга тўшалган наматга ғужанак бўлиб ўтирди. Дадахон қайтди. Лекин укаларининг қувончи кўпга чўзилмади. Индинига уни урушга олиб кетишди. Шу бўйи ҳеч ким уни қайтиб кўрмади. “Қора хат” келди...

  Дадахон қўшним эди!

Аждодлар ёди барҳаёт, болам!

  Янглишмасам, бундан бир юз эллик йилча бурун халқимиз мустамлака асоратига тушиб қолган... Мустақиллик ойдан тушмаган, ердан чиқмаган, осонликча қўлга киритилмаган. Бунинг учун аждодларимиз, миллатимиз не-не машаққат ва синовларни енгиб ўтган. Боболаримиз, оталаримиз турли зулм, тўнтариш ва қатағонларни кўрди. Биз эса Иккинчи жаҳон урушининг жабру ситамлари, ундан кейинги очлигу сарсонликлар ва, ниҳоят, “десантчилар зулми” номини олган саксонинчи йиллар зуғумини бевосита бошдан ўтказдик. “Пахтанинг ойдин йўли”дан юриб, далада турли зарарли химикатларга “чўмилдик”. Даҳрийлик мафкурасининг тазйиқи остида яшадик...

  Шунақа гаплар, болам... Айтсам адо бўлмас дардларим, ёзсам китобга сиғмас ҳикояларим бор. Аслида буларни сира эслагим келмайди. Нима десам экан, эсласам нафасим қисилади. Ўша даҳшатли воқеалар кўз олдимда намоён бўлиб, юрагим эзилади...

  Оққан дарё оқаверади, дейишади. Бу ҳақ гап истиқлол йилларида янада янгича мазмун касб этди. Қаранг, тарихи неча минг йилларга бориб тақаладиган халқимизнинг бебаҳо қадриятлари, урф-одат ва анъаналари давом эттирилмоқда. Мустамлака даврида маърифат ғоясини баланд кўтариб чиққан, ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, юртимизнинг тараққиёти учун интилган юзлаб маърифатпарвар, фидойи боболаримизнинг шахси, илмий ва ижодий фаолияти қайта тикланди. Улар хотирасига атаб пойтахтимизнинг Юнусобод туманида “Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуаси” барпо этилди. Мустақиллик майдонида Хотира майдони қурилди. Юртимиз озодлиги, халқимизнинг бахт-саодати учун омонсиз жангларда жон фидо этган юз минглаб юртдошларимизнинг номлари шу майдондаги муҳташам Хотира китобига зарҳал ҳарфлар билан мангу муҳрлаб қўйилди... Аждодлар ёди, руҳи барҳаёт, болаларим...

  Тўрт фарзандим, ёшимдан-да зиёд невараю эвараларим бор. Улар билан юртимизнинг диққатга сазовор жойларига тез-тез саёҳат қиламиз. Зиёрат давомида кўзимнинг оқу қораларига бу муқаддас замин аждодлар ёди мангу, кексалари ҳамиша эъзозда, ўғил-қизлари юксак эътибор ва ғамхўрлик оғушида улғаяётган азиз Ватан эканини ўзим бевосита гувоҳ бўлган ҳаётий воқеаларга қиёслаб сўзлаб бераман. Улар аввалига ишонмайди, наҳотки, дегандай таажжуб билан қарайди, сўнг саволларга кўмиб ташлайди. Уларнинг болаларча беғуборлигида болалигимни кўришга ошиқаман. Лекин истагим билан интилишим бир-бирига мос келмайди. Баъзан “Икки кам тўқсондаман. Олтмиш уч йил нима қилдим, қаерда эдим, қандай яшадим?”, деб ўйланиб қоламан. “Беқадр болаликни невараларимдек шоду хуррамликда яшасам бўлмасмиди?!”, деб ўксинаман. Бир нарса кўнглимга таскин беради: биз кўрган оғир болаликни фарзандларимиз кўрмади, илоҳо, ҳеч қачон кўрмасин. Невара-эвараларимнинг шодон чеҳрасига боқиб, қувноқ кулгуларини эшитиб, чеккан азобларим ёдимдан кўтарилади. Фарзандлар бахтини кўришдан улуғ бахт борми ўзи?! Илоҳо, юртимизда тинчлик, хотиржамлик, тўкин-сочинлик барқарор бўлсин. Бизни иззат қилганларни Яратганнинг ўзи қўлласин.

  Шундай дориломон, фараҳбахш, шукуҳли кунларга етказганига шукр!

2015 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий