понедельник, 18 апреля 2016 г.

“МИЛЛИЙ МАТБУОТСИЗ МИЛЛАТ ҲАМ БЎЛМАЙДИ”

Илмий суҳбат 

 “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида “маърифатпарвар боболаримизнинг миллий таълим, матбуот, адабиёт ва санъатни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси” мавзуида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

 Ўзбекистон Фанлар академияси, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Баҳром Абдуҳалимов, Бахтиёр Назаров, Дилором Алимова, Саидакбар Аъзамхўжаев, Бахтиёр Ҳасанов, Наим Каримов, Доно Зиёева, Рустамбек Шамсутдинов, Нодира Мустафоева, Раҳматилла Баракаев, Тоҳиржон Қозоқов, Баҳром Ирзаев, Алишер Кудяров сингари таниқли олимлар, ёш тадқиқотчилар мавзу бўйича маъруза қилдилар.
 
 Музей ҳовлисида таниқли олима, ЎзР ФА Тарих институти “Тарихшунослик ва манбашунослик” бўлими мудири, тарих фанлари доктори, профессор Дилором Алимова билан жадид матбуоти, мустамлака даврида нашр этилган газеталарнинг мазмун-мундарижаси, мавзулар кўлами ҳақида анча гурунг қилдик. Гапнинг буёғини уларнинг ўзидан эшитинг:


 – Марказий Осиё тараққийпарварларининг интеграциялашуви жараёнида XIX асрнинг охиридан шаклланган, XX аср бошларида мустамлака маъмуриятининг тўхтовсиз назорати ва таъқиқларига қарамай, тез суръатларда ривожланган миллий даврий матбуот самарали восита сифатида намоён бўлди.

  Тараққийпарварларнинг фикрича, матбуот органлари жамиятнинг онгига ғоявий таъсир кўрсатувчи муҳим восита эди. Туркистон жадидларининг бирини ёзишича, “Миллий матбуотсиз миллат ҳам бўлмайди”1. Бунда чуқур маъно ва фалсафа акс этган. Зеро, матбуот аҳолининг кенг қатламига жамиятда содир бўлаётган янгиликларни етказишда ўзига хос минбар вазифасини ўтаган.

  XX асрнинг дастлабки йилларида Марказий Осиёда 15 дан ортиқ нашрлар бўлган ва у катта мафкуравий кучга эга эди. Мавзулар кўлами кенг бўлиб, маърифатдан сиёсатгача қамраб олинган. Миллий матбуот ўлкада прогрессив тафаккурга эга, миллат манфаатини ўйловчи, жаҳолат, қолоқлик, мутаассиблик билан курашувчи янгича фикрлайдиган кишиларнинг мавжудлигини яққол намоён этди.

  Миллий матбуотда маориф мавзусига энг кўп ўрин ажратилган. Янги усул мактаблари ҳақида фикр юритган муаллифлар мавзуни ёритишда Ўрта Осиё, умуман Шарқ маърифати тарихига экскурс қилганлар. Жадидлар буюк ўтмишдан мисоллар келтирганлар ва кишиларни жоҳилликдан уйғонишга даъват этганлар. Масалан, Холид Саййид, жаҳолат билан ўтган кунни қамоқда ўтган кун билан таққослаган.

  Жадидларни жамиятда аёлнинг мавжуд ҳолати жиддий ташвишлантирган. Аммо бу ҳали эскича қарашларни қайта кўрб чиқиш ёки эркак ва аёл ўртасида тенгликни ўрнатиш, уларни жамият саҳнасига олиб чиқиш таклифи эмасди. Хотин-қизларнинг оғир ижтимоий ва маиший ҳолатини яхши тушунган жадидлар уларни фақатгина оналик бурчлари ҳақида фикрлаб, маълумотли аёлгина ривожланган жамият талабига жавоб берувчи фуқароларни тарбиялаши мумкин, деб ҳисоблаганлар.

  Газета саҳифаларида маиший ҳаёт ва анъаналар билан боғлиқ удумларга алоҳида эътибор қаратилган, ўтказилаётган тўй ва мотам маросимларидаги исрофгарчилик уларнинг танқидига учраган. Беҳбудий бошчилигидаги Туркистон жадидлари бу ҳолат билан турли йўллар билан курашганлар, ҳатто руҳонийлар фатвосини олишга ҳам муваффақ бўлганлар.

  Тил масаласида тараққийпарварлар туркий тилни қўллашни қатъий белгилаб олиб, тилни араблашувига, туркча, форсча ибораларни кириб келишига қарши бўлдилар. Ашурали Зоҳирий ўзининг “Она тили” деб номланган катта мақоласида адабиёт намоёндалари ўзларининг “усмоний” ва татар тилига иштиёқлари билан ўзбек тили ривожига зарар келтиряптилар, деб ёзган эди. Газетани тил тараққиётидаги энг таъсирчан восита эканлигини тушуниб, у маҳаллий газеталарни ўзбек тилида чоп этишни талаб этган.

  Жадидлар миллат ва халқлар ўртасидаги бирлик ва ўзаро ҳурматни маданият даражаси кўрсаткичи деб ҳисоблаганлар. “Садои Фарғона”, “Садои Туркистон”, “Тараққий”, “Осиё”, “Ойна” нашрлари бунга алоҳида эътибор берган. 

 “Бухорои Шариф” газетасида бошқа халқлар ёзувчиларининг асар ва ҳикояларидан, айниқса рус адабиёти намуналаридан парчалар чоп этиб борилган. Музкур газетанинг 60-дан 101-сонига қадар 41та сонида “Граф Толстойнинг асарлари” рукнида Л.Н.Толстойнинг 12та катта ва кичик асарлари ўқувчиларга тақдим этилганлиги диққатга сазовор. Газета саҳифаларида А.М.Горькийнинг “Данко” ва “Кампир Изергиль”, француз ёзувчиси Анри де Рененинг “Хитой ҳикоялари” тожик тилига таржима қилинган эди.

 Саломатлик аҳволи ва унга эътиборли бўлишни ҳам улар маданият белгиси деб билдилар. Ойна журналида чоп этилган “Саломат фикр ва тоза ақл саломат баданда бўлур” мақоласининг сарлавҳаси рус тилидаги “Здоровый дух в здоровом теле” иборасининг айнан таржимаси эди.

Жадид матбуоти Туркистонни иқтисодий ривожлантириш вазифаларига ҳам катта аҳамият берди. Масалан, “Садои Фарғона” газетасида алоҳида эътиборни юқори малакали, профессионал маҳаллий тадбиркорларни етиштиришга қаратилди. Шу нуқтаи-назардан янги “тадрижий маданият” ибораси муомалага киритилди. Журнал таҳриряти маърифат иқтисодни ривожлантириш усулларидан бири эканлигини ишонч билан билдирган ва шунинг учун тадбиркорларни газета материаллари билан доимий равишда танишишга ундаган. Бироқ, бизга маълумки, Беҳбудий, Фитрат ва бошқа жадидлар иқтисодий таълим кенг маънода, Россия ва Ғарбда ривожланаётган янги замонавий технологиялар билан танишишни ҳам ўз ичига олишини яхши тушунганлар ва Туркистон иқтисодиётини техникалаштириш зарурияти ҳақида ёзганлар.

  Саидкарим Саидазимбойни ўз ҳисобига нашр эттирган “Тужжор” газетанинг бош йўналиши янгича савдо-сотиқ муносабатлари билан бир қаторда иқтисодий билимларни тарғиб қилишга қаратилган эди. Аммо, газетанинг 36 сони чоп этилгач, 1908 йилда фаолияти тўхтатилди.

  Нашрларнинг аксарияти сиёсий масалаларни кўтаришдан холи эмас эди албатта. Бироқ, бу масалада газеталар бир хил эмасди. Таъкидлаш ўринлики, улар ичида сиёсий жиҳатдан энг илғори “Тараққий” газетаси ҳисобланган. Маълумки, кейинчалик унинг муҳаррири И.Габитов ҳибсга олиниб, сургун қилинган. Унинг мақолаларидан бирида “Россия императори Манифеститда фикр эркинлиги эълон қилинса-да, Туркистондаги ҳақиқий “эркинлик” фақатгина қоғозда қолди. Подшо цензураси, барча ноширчилик ишларини диққат билан кузатиб, ўзига номаъқул ҳар қандай сўзни ўчириб ташлаяпти, эркинлик ёки мустақил фикрлар ҳақида эса сўз ҳам бўлиши мумкин эмас”2, деб ёзган эди.

  Ушбу газетанинг саҳифаларида этнослараро ва конфессиялараро бағрикенгликни тарғиботига алоҳида эътибор берилган. Масалан, “Тараққий” газетасининг 1906 йил, 12 август сонидаги мақоласида ҳукуматнинг миллатлар ўртасида адоватни кучайтирган сиёсати кескин танқидга учради. “Улар (амалдорлар) қўйлар орасида юрган бўридек бизнинг динимизни ва муқаддас Қуръонимизни пастга уриб ҳақоратламоқдалар. Бу ҳақда улар ўзларининг газета саҳифаларида ёзиб, бутун дунёга тарқатмоқдалар. Миллатлараро муносабатлар асосида одамларни бир-бирига заҳарлаб, қарши қўйиб, “сен рус, сен қозоқ, сен сарт, сен яҳудий...” дея кўрсатмоқдалар.

  Россиянинг барча халқлари зулмдан озод бўлдик, деб ўйлаган бир вақтда, мамлакатда қозон татарларининг эзиш, яҳудийларни талаш, бакулик ва тифлислик мусулмонлар, арманларни ўлдириш бошланди”3.

  Барча матбуот нашрларини, хусусан “Осиё” газетасини тавсифлаган рус ҳукуматининг маориф мутасаддиси Н.Бобровников ўзининг “Ўрта Осиёдаги рус қарам ўлкаларининг маҳаллий аҳолиси ўртасида рус таълимини ёйиш ҳақидаги масалалар бўйича ахборот”ида ёзишича: “Мусулмон матбуотида партия йўқ, мусулмонлар томонидан чоп этилаётган ҳар нарса биргина ғоя: мусулмонларни ўзлигини англашини уйғотиш ва уларни мусулмонларни ғайридинлар ҳукмронлигидан озод этишда ижтимоий ва сиёсий ишларга чақиришга қаратилган. Бундай интилишлар Россияда ҳам, Ғарбий Европада ҳам маълум бўлиб, Ўрта Осиёда ҳам сезилди. Бу “Осиё” ёпиқ журналини қўлёзма ёки гектографик усулда чоп этишга уринишда кузатилди. Шунинг учун мен бу ерда умумий масалаларга тўхталмай, бунинг исботи тариқасида бу йўналишни унча машҳур бўлмаган муқаддас Маврикия оролларида тўрт йилдан бери француз ва инглиз тилида чоп этилаётган “Ла Исламизм” мусулмон журнали билан ҳамоҳанг эканлигини кўрсатмоқчиман. Маълум бўлишича, бу океан билан ажратилган кичик оролчада яшовчи мусулмонлар Бокуда жаноб Агаевдек, Қримда Гаспиринскийдек, Қўқонда “Осиё” газетаси ходимларидек, Қозонда татар газеталари ва Таврический саройида давлат думасининг мусулмон депутатларидек ғояларни тарғиб этаётган эканлар”. Таъкидлаш ўринлики, биргина шу мисолда империя ҳукуматининг миллий матбуотга бўлган хавотирли муносабатини кўриш мумкин. Аммо, амалдорларнинг газеталарни ёпилишига сабаб бўлган бундай таҳлилларига қарамай, уларнинг ўрнига бошқалари очилаверган.

  Тараққийпарварларнинг жамиятни ривожлантириш концепциясида тараққиёт йўлларини халқнинг онгига етказишда матбуот – энг муҳим қурол эканлиги бош ўрин тутади.

 Туркистон ўлкаси учун мисли кўрилмаган миллий газета ва журнал кўринишидаги оммавий ахборот воситалари ХХ аср бошлари жамият ҳаётини ларзага солди. Даврий матбуот ўз моҳиятига кўра аҳолини маърифатли қилишда, Марказий Осиё ёшлари тафаккурига янги ғояларни уйғотишда самарали усул ва минбар бўлиб хизмат қилди. 

 Миллий матбуотни ривожлантириш концепциясининг асосий бўғини – миллат манфаатларини кўзлаш ва ҳимоялашни назарда тутган. Шу боис, у маърифатдан сиёсатгача бўлган масалаларни қамраб олар эди

  М.Беҳбудий “Туркестанские ведомости” мухбири Г.Андреев билан бўлган суҳбатида, газета ва журналларни нашр этишга нима туртки бўлди, деган саволига қуйидаги жавобни берган эди: “...маданий давлатнинг барча фуқаролари каби маърифатнинг ёрқин нурига интилиш зарур. Ёруғ маданиятга эришишнинг энг яхши усули бу матбуотдир. Дарҳақиқат, миллий матбуотсиз – миллат бўлмайди. Чунки, миллатни миллат қиладиган нарса бу маърифатдир. Уни энг биринчи тарғиботчиси эса, матбуот бўлиб, бу фалсафа амалиёт билан тасдиқланган ва тарих билан исботланган.

2016 йил.
1 Ризобадли Т. Идорага матублар //Садои Туркистон, 1915. № 64.
2 Тараққий. 1906, 14 июль.
3 Тараққий. 1906, 12 август.

Комментариев нет:

Отправить комментарий