понедельник, 18 апреля 2016 г.

ЙИГИРМА УЧИНЧИ УЙ

Публицистика

   Аслида сарлавҳани “Мустаҳкам оила сири”, деб номласак ҳам бўларди. Лекин...
 Қибрай туманида мўъжазгина шаҳарча бор. Гарчи унинг номи Салар бўлса-да, кўпчилик у ерни “Ташгрэс”, дейди. Бунинг сабаби, Тошкент иссиқлик электр станцияси давлат унитар корхонаси шу ҳудудда жойлашган. Шаҳарчада қарийб 30 минг аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти ўзининг шахсий бизнесига эга тадбиркорлар, масъул лавозимларда ишлаётган хизматчилар, зиёлилар ҳамда спорт ва бошқа соҳалар намояндаларидир. Улар орасида Фаровон маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳалимовлар оиласи ҳам бор.

  Саларликлар бу оилани намунали, мустаҳкам, аҳил-иноқ, деса, хонадон боши Жўра отани сира уйда ўтирмайди, кўк чой роҳатини қилмайди, улар учун на қиш бор, на ёз, доим элга аралашиб юради, дейди.

  Бу бежиз эмас. Жўра ота турмуш ўртоғи Васила она билан оиласи мустаҳкам, рўзғори бут, дастурхони тўкин бўлиши, фарзандларининг ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етиши учун астойдил меҳнат қилган.

  Келинг, дастлаб Жўра отанинг таржимаи ҳолига бир назар солайлик.

  “...Жўра Ҳалимов 1932 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Меҳнат дафтарчаси қишлоқ хўжалиги техникумини битиргач, яъни 1953 йилда очилган. Икки йил граммпластинка заводида ишлаган. Узоқ йиллар Самарқанддаги машина трактор станцияси, Тошкент кабель заводи ва 8-автопаркда ҳайдовчилик қилган. Ҳозирги Тошкент иссиқлик электр станциясидан пенсияга чиққан...”
  Чинакам меҳнаткаш инсон билан гурунглашиш ғоят завқли. Унинг кўнгилга тегмайдиган самимий ҳикоялари фикр кўзгусини биллурдай жилолайди, қалбга нақш боғлайди. Жўра отанинг хонадонида бўлиб, у киши билан дилдан суҳбатлашгач, шундай тўхтамга келдик.

  Гап айланиб, отанинг болалик йилларига бориб тақалди. Ўтмиш хотиралари билан боғлиқ ҳикояларини “Отамни урушга олиб кетишганида тўққиз ё ўн ёшда эдим”, деб бошлади:

  – Оилада уч фарзанд бўлганмиз. Икки ўғил, бир қиз. Ўша йиллари шундай ҳазин, рутубатли эдики, ҳозир ҳам эсласам, беихтиёр йиғлагим келади... Иккинчи жаҳон урушининг жабру ситамлари, ундан кейинги очлигу сарсонликлар кўпчиликнинг қаддини дол, қалбини вайрон қилган. Биласиз, олтмишинчи йиллар ўрталарида Тошкентда ер силкинди. Ўшанда Себзордаги амакимникида эдим. Бирдан зилзила бошланиб, пахса девор шарақлаб кетди. Даҳшатдан тарашадай қотиб қолдим. “Қассобга ёғ, эчкига жон қайғуси”, деганларидек жон ҳолатда хонтахта устидаги зоғора нонга ёпишдим. Нон қаҳат эди-да! Кўпчилик бошпанасиз қолиб, қишгача чодир тагида кун кўрган. Бу билан ҳаммаси ниҳоясига етди, деб қаттиқ янглишганимизни “десантчилар зулми” номини олган саксонинчи йиллар зуғумини бошдан ўтказиб билдик. Даҳрийлик мафкурасининг тазйиқи остида яшадик... Бугун бу гаплар болалар учун эртакка ўхшайди. Боиси, биз кўрган кунларни улар кўрмаган, илоҳим, умуман кўрмасин!..

  Ёмон кунлар бир кун яхши бўлади, дейишади. Рост гап. Йиллар ўтиб, халқимизнинг асрий орзуси ижобат бўлди – юртимиз мустақилликка эришди. Юртбошимизнинг оқил сиёсати боис элнинг қадди тикланди, қадри юксалди. Диёримиз озодлиги, халқимизнинг бахт-саодати учун омонсиз жангларда жон фидо этган юз минглаб юртдошларимиз қатори отамнинг ҳам номлари Мустақиллик майдонидаги муҳташам Хотира китобига зарҳал ҳарфлар билан мангу муҳрланди... Баъзан маҳалла-кўйдан ортмай қолган пайтларимизда Васила аянгиз “Ёшингиз бир жойга бориб қолган бўлса, уйда, худо деб ўтирсангиз бўлмайдими?!”, деб хуноби ошади. Шунда “Билагимда куч, танамда қувватим бор. Уйда ўтириб нима қилдим. Одамларга аралашиб юрганим фойда!”, дейман. Аслида, юртимизда биз, кексаларга кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрликнинг каромати бу!

  Яна бир гап, қурилиш соҳасида ҳам кўп йиллар меҳнат қилганман. Диёримизда истиқлол йилларида бунёд бўлган ҳеч бир иморат йўқки, бориб кўрмаган бўлсам. Кўнгил ўрганган-да, ўртаниб қўймайди! Шу денг, яқинда чойхонадаги улфатларни мошинамга солиб, водийга саёҳат қилдик. Қурама тоғининг нақ кўксини ёриб, темир йўл ётқизилаётганига гувоҳ бўлдик. Кўнглим довон сатҳидан юз баробар кўтарилди. Азамат йигитларнинг меҳнатидан англадимки, темир йўл ҳам ҳадемай битади. Хизмат юзасидан кўп мамлакатларда бўлганман. Бу дунёда 83 йил яшаб, бугунгидай кенг кўламли бунёдкорлик ишларини кўрмадим. Бу ишларга бош-қош бўлаётган Республика раҳбарининг умри узоқ бўлсин!

  Инсонга тангри томонидан ато этилган умр моҳиятида чинакам бахт мужассамдир. Бордию, инсон муайян вақт давомида ўзини бахтли ҳис қилмаса, қандай яшаш кераклигини унутиб қўйган бўлади. Бахтли бўлишнинг ягона сири ҳалол ва покиза яшашда. Онам раҳматли шу гапни кўп айтардилар. Уларнинг ўгитларига амал қилиб, кам бўлмадим. Буларни фарзандларим Ғайрат, Ҳамидулла, Насиба ва Наргизага доимо эслатиб тураман...

  Чиндан ҳам, йиллар давомида қилинган меҳнат самараси завқли, нони тотли бўлади. Бугун Ҳалимовлар оиласи эл эъзозида. Унинг боши Жўра ота фарзандларига қуёш бўлса, Васила она ой. Улар ўн уч невара, шунча эвара даврасида тинч ва осуда ҳаёт гаштини сурмоқда.

  Дарвоқе, Жўра ота билан Васила онанинг турмуш қурганига шу йилнинг олтинчи июнь куни 55 йил бўлди.

  Отадан мустаҳкам оила сири нимада эканини сўраганимизда Ўзингиздан қолар гап йўқ. Буни ҳаёт дейдилар, бир кун ундоқ, бир кун бундоқ бўлади. Рости, Васила аянгиз билан аразлашиб қолган пайтларимиз ҳам бўлган. Шундай дамларда томга чиқиб кетардим. Эллик йил томда яшадим!”, деб гапни мутойибага буради.

  – Бу ҳам бир ҳазил-да, болам, – деди ота боягидай ним табассум билан. – Бир гал шаҳарчамиз раиси Акмалжон билан кўришиб қолганимизда янги оила бузилиш арафасида эканини айтиб қолди. Биргалашиб ўша хонадонга бордик. Икки ёшни эшитиб, никоҳини бекор қилиши учун арзирли сабаб кўрмадик. Улар билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашиб, зарур тавсиялар бердик. Ярашиб олишди. Яқинда ўша йигитни Абдурасул қассобнинг ошида кўрдим. Оғзи қулоғида. Ҳадемай ота бўлармиш. Бу янгиликни эшитиб, рости, мен ҳам қувониб кетдим. Фарзанд ота-онани бир-бирига боғлаб турувчи пўлат занжир-да! Кам-кўстсиз рўзғор бўлмайди. Шундай экан, икки ёш бир-бирини тушуниши, тўлдириб туриши, йўғини яшириб, борини ошириб кўрсатиши, сабр-қаноатли бўлиши керак. Шундагина оила мустаҳкам бўлади. Меҳр-оқибатли, аҳил-иноқ хонадоннинг иши юришаверади. Рўзғори бут, дастурхони тўкин бўлади.

  Жўра отанинг сўзларини бош ирғиб тасдиқлаб ўтирган Васила она чой узатган бўлиб, турмуш ўртоғининг кўзларига боқди. Уларнинг бу қарашида “суҳбатингларга қўшилсам майлими?” маъноси зоҳир эди. Жўра ота “майли” дегандай ишора қилди.

  – Болам, жуда ҳақ гаплар айтилди. Айниқса, фарзанд ҳақидаги фикрлари моҳиятида катта маъно мужассам. Биласиз, бола тарбиясида отанинг ҳам, онанинг ҳам ўрни бўлак. Фарзандларимиз ёшлигида шўх бўлган. Оталаридан кўп танбеҳ эшитган. Бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Тўнғичимиз Ғайратжон мактабда ўқиб юрган кезлари бир ножўя иш қилиб қўйди. Улар бундан хабар топиб, болани койиётганларида, ўғлимиз тарафини олдим. Боланинг олдида индамадилар. Лекин ёлғиз қолганимизда “Бошқа ўртага тушманг! Бола тарбиясида кемтик бўлишининг сабаби унинг икки ёқлама бўлиб вояга етишида”, дедилар. Бу менга бир умрлик сабоқ бўлди...

  Жўра ота ва Васила она билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Келиш меҳмондан, кетиш мезбондан, дейишгани рост экан. Кетишга чоғланганимизда хонадон соҳиблари яна келишимиз шарти билан фотиҳага қўл очиб, оқ йўл тилашди.

  ...Бекатда фотомухбир Оқил Ғуломов билан тургандик, бир киши келиб, ҳол-аҳвол сўради. Шеригимнинг таниши экан. Келганимиз сабабини билгач:

  – Ҳа-а-а, жуда дуо талаб, савоб қидириб юрадиган инсон у киши. Жўра акани ҳамма танийди, ҳурмат қилади. Эъзозга лойиқ инсонда ўзлариям. Бугун нариги маҳаллада ҳашарга бошчилик қилаётганини кўрсак, эртага ўзларига ўхшаган оқсоқоллар билан “Matiz”ларида аллақаерга отланганини кўрамиз. Шу боис, уларни ҳеч ким 83 ёшда, демайди. Жўра ота ҳов анави иккинчи кўча, йигирма учинчи уйда туради.

  – Топдик! Йигирма учинчи уй!

2015 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий