вторник, 19 апреля 2016 г.

ХОТИРА МАЙДОНИ – ҚАДР МАЙДОНИ

Публицистика
Майнинг еттинчи куни тонг либосини кия бошлади. Юнусободлик Султон бобо Ҳасанов эварасини етаклаб, шаҳар марказидаги муаззам Хотира майдонига йўл олди.

...Минг тўққиз юз йигирма олтинчи йили Себзор даҳасидаги Файзиевлар хонадонида учинчи фарзанд – иккинчи ўғил дунёга келди. Исмини Султон қўйишди. У ўз акаси Мирғани Файзиевни охирги марта ўн олти ёшида кўрди.

“Бир ярим ой давом этган ҳарбий тайёргарлик тугаши билан мени урушга олиб кетишди. Қаерда жанг қилишим номаълум.”

Мирғани Файзиевдан келган биринчи хат шу бўлди. У бу мактубидан ташқари отаси, онаси, синглиси ва укасига алоҳида-алоҳида, жами тўрт дона нома битди. Унинг хатларида ширин ҳаётнинг аччиқ шаробидан тотган, турли синовларни, азоб-уқубатларни бошидан кечирган, Ватан учун, эл-юрт учун, мусаффо осмон учун оловли жанггоҳларда қон кечиб, душманга қарши мардонавор жанг қилаётган ўктам йигитнинг буюк қалби кўринарди.

“Қадрдонларим, мен соғ-саломатман. Уруш ҳам тугай деб қолди. Ғалаба деярли биз тарафда. Дийдор онлари яқин. Боргунимча синглимни узатманглар...”

Мирғани Файзиевдан келган олтинчи – сўнгги мактубнинг мазмуни шундай эди. Кун, ой, йиллар ўтди. Аскар йигитдан дарак бўлмади. Дийдор қиёматга қолди.

...Султон бобо Ҳасанов эвараси билан Хотира майдонига бир-бир босиб кириб келди. Мотамсаро она ҳайкали пойига қўйилган ва йўлак четига экилган анвойи гуллардан мастона ифор таралади. Юрак аллақандай исмсиз туйғулардан оҳиста орзиқа бошлади. Бобо ана шу исмсиз туйғуларга ном топишга уринди. Айни мақсадда майдондаги ўриндиқлардан бирига ўтириб, бошини қуйи солган кўйи чуқур хаёлга толди...

...Минг тўққиз юз олтмиш олтинчи йили Тошкентда ер силкинди. Ўша кезлардаги матбуот саҳифаларида қуйидаги хабарлар босилди:

“1966 йил 26 апрелда соат 5 дан 23 дақиқа ўтганда Тошкентда 7,5 бал кучланишда ер силкинди... Бунгача Тошкентда шундай кучланишдаги зилзила 1868 йилда рўй берган.”

“Апрел ва май ойларидаги кучли ер силкинишлари сабабли 207 та мактаб, 240 дан зиёд саноат корхонаси, 72 та маданий-маърифий муассаса, жами 36 мингдан кўпроқ бино вайрон бўлди, шикастланди. Тошкентликлар саҳни 2 миллион квадрат метрдан зиёд уй-жойларидан маҳрум бўлдилар.”

“26 апрелдан 10 майгача 315 бора кучли ва кучсиз ер силкинишлари қайд этилган. Ер фақат 9, 10 май кунларининг ўзида 31 марта қимирлади.”

“Уйи бузилган, қаттиқ шикастланган 2188 оила ярим ойда бошпана билан таъминланди.”

“Тошкентнинг турли бурчакларида тикланган чодирлар шаҳарчаларида 12.370 оила қишгача истиқомат қилди.”

Бошпанасиз қолиб, қишгача чодир тагида кун кўрган оилалар орасида Файзиевлар ҳам бўлган. Ўша йиллари Султон Ҳасанов темир йўлда ишларди. Зилзила рўй берган куни поездда, вагонма-вагон юриб чиптасиз йўловчиларга чипта сотиш билан банд эди. Хабарни эшитиб, дарҳол изига қайтди. Етиб келганида йўғон чўзилиб, ингичка узилиб бўлганди. Ер силкинишида жабрланган одамлар учун ажратилган бир парча ер уларнинг оиласига ҳам насиб этди. Шу-шу Файзиевлар Юнусобод туманида муқим яшаб қолди.

Минг тўққиз юз етмиш иккинчи йилнинг кузаки шамоли Мирғани Файзиевнинг дарагини олиб келди. Изтопарлар унинг қабри Россиянинг Орловский туманида эканини айтишди. Тўшакда оғриб ётган муштипар она фарзанди Султонга нима қилиб бўлса-да, ўша ерга бориб, акасининг қабрини зиёрат қилишини ва бир сиқим тупроғидан олиб келишини тайинлади. Султон худди шундай қилди. Бир ҳафтага қолмай онасининг ёнига қайтиб келганида... онаизор узилганди.

 ...Султон бобо бошини кўтариб, атрофга боқди. Майдоннинг сўл томонидаги айвон четида эварасини кўрди. Болакай омонсиз жангларда жон фидо этган юз минглаб юртдошларимизнинг номлари зарҳал ҳарфлар билан мангу муҳрлаб қўйилган Хотира китобини оҳиста “варақлар”, ўзига аввалдан маълум бўлган “саҳифани” излаш билан банд эди...

...Болакай бобосининг ёнига чопиб келди. Султон бобо ўрнидан турди ва эварасининг қўлидан етаклаганча “Бахтиёр она” ҳайкали томон йўл олди.

Султон бобонинг хотира майдонида хаёлида кечган фикрлар буюк француз ёзувчиси Антуан де Сент-Экзюперининг қуйидаги фикрига ҳамоҳанг эди:

 “Яқинларимиз ҳеч қачон ўлишмайди. Шунчаки, улар кўринмас бўлиб қолишади.”

2015 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий