понедельник, 18 апреля 2016 г.

ҲАЁТНИНГ ҲАР ЛАҲЗАСИ ТАШБЕҲ

Адабий гурунг
Чинакам адабиёт одами билан гурунглашиш ғоят завқли. Унинг кўнгилга тегмайдиган ростгўйлиги фикр кўзгусини биллурлайди. “Ҳут”, “Хабарсиз севинч”, “Мангу лаҳза”, “Жон йўли”, “Азалий ғусса” каби шеърий тўпламлари, “Чақмоқ ёруғи” китоби нозик дидли ўқувчилар кутубхонасидан ўрин олган Вафо Файзуллоҳ, бир қарашда, оддий ўзбек шоири. Агар Ш.Бодлер, П.Верлен, А.Рембо, И.Бродский каби дунё шоирларининг адиб таржимасидаги шеърлари билан танишилса, бу камтарин қиёфа ҳайбати янада аниқ тасаввур қилинади. Борди-ю, хос адабий давраларда Франц Кафканинг “Жараён” романи ва “Отамга хат” эссеси устида баҳс очилгудек бўлса, албатта, таржимон Вафо Файзуллоҳ номи ҳам тилга олинади. Шу сабаб ҳам ҳассос шоир ва таржимон билан бўлиб ўтган адабий гурунгимиз шеърият, ижодий жараён ва ўзбек таржима мактабининг бугунги аҳволи атрофида кечгани табиий бир ҳолатдай, назаримизда.
— “Мангу лаҳза”, “Жон йўли”, “Азалий ғусса”... Китобларингиз номидаёқ илоҳий рангинлик бор. Келинг, “Азалий ғусса” тўғрисида гаплашсак. Бу ғуссага ўзингиз айтгандек, энг камида туғилмасингиздан сал илгарироқ ботгансиз ва “... афсуслар бўлсинки, бизнинг энг беадад машаққатимизнинг ҳам чегараси бор”. Чунки ҳар қандай изтироб унга исм қўйилгунига қадар яшайди, кейин янгиси, яна янгиси ўсиб чиқади (бу асл ижодкорга хос, менимча). Бугун ижод қилиш “ўлим билан ёнма-ён яшаш”га ўхшаб қолган бир пайтда ғуссангизга ном қидиряпсиз, чоғи? Балки, аллақачон уқубатнинг бахт эканини сезиб қолгандирсиз?

Балки шундайдир. Адабиёт ҳам, унинг энг максимал таъсир имконига эга, тобора ифодаси қийин туюлиб, жўн сўзлашувдан узоқлашиб бораётган шеърият ҳам инсоннинг ҳис-туйғуси ва фикри ошиғи. Унга қилинадиган буюк таъсирларни ўрганади. Ёзади, ўчиради. Бундай олганда ўрганилмаган жиҳат қолмагандай. “Ҳамма яхши шеърлар ёзиб бўлинган” (Ўлжас Сулаймон). Аслида бу фикр менга омманинг тобора адабиётдан, шеъриятдан чалғиши оқибатидай туюлади. Изланиш ва излашга дангаса омма минг марта чайналган нақлни қайтаришдан безмаган ҳолда чинакамига лаҳзадаги инсон оламининг гўзаллигини ҳис қилдирадиган янгиланиш, ҳузурланишдан қочмоқда.

Дунёнинг исми сўз! Дунёнинг маъносини Сўз очиб бераверади. Бу янгиланиш, нурланиш ва гўзаллашиш Қиёмат қадар бардавом. Одамга нарса ва жараёнлар очқичи, исми — Сўз берилгани эса башарга инъом этилган энг олий неъмат. Энг улуғ Зот томонидан эса у инсонга қилинган марҳамат. Назаримда, инсон топган исмлардан топмагани, маъноларнинг эса очганидан очмагани ҳали жуда ҳам кўп. Шоир буни ҳис қилиб тўлқинланади, ўртаниб соғинади ва бир умр ана шу гўзал ва ёруғ ҳақиқатга интилади; моддий дунёдаги (кўринар) нарсаларга истеъмолчи сифатида муносабатда бўлиб, уларнинг ботинига киролмаган омма ҳолига ўртаниб, маъноларнинг маъноларини кашф қилади. Моддий ва маънавий оламлардаги тафовут ва ўхшашликларни топади. Асл ҳақиқат эса илоҳийликдан келади. Рангин-рангин бўлиб келади. Бу он абадий сурур, унга етганча йўл азалий ғуссадан иборат бўлса, ажаб эмас.

Ҳақиқий санъаткорнинг, миллатидан қатъи назар, озод умуминсоний қалби бўлмоғи керак. Шеърларингизда шундай қалб бор. Масалан, “Мени ҳамма-ҳамма алдади, Фақатгина қайғу англади...” ёки “Умрим дудуқланиб ўтаётган лаққи...”, “Тайёрман Исодек кетмоққа кўкка...”, “Нафасимнинг ранги қўзғал оёққа!” сатрларини олайлик. Мана яна бири — “Чайилган кўнглим билан кўкларда ўлсам”... Мен илғаб олганлар шу. Умуман, ғамнинг қувончию қайғунинг рангини англаган шоир негадир Янтоқ, Телба, Гунг, Одамови каби образлардан илҳом олаётгандек?

Шоир учун ҳаётнинг ҳар лаҳзаси ташбеҳ! Аввало, бу ҳар бир халқнинг маънавий ҳаёти давомида шаклланади. Шу маънода элларнинг фикрлаш тарзида, дунёни тасаввур қилишларида бир-биридан кескин, ажабтовур ўзига хосликларни кузатиш мумкин. Улар ҳаётдан улгу олади ва ўз навбатида хаёлнинг парвози янги тушунча ва тасаввурлар кўз очишига туртки беради, доя бўлади. Ҳатто бу жараён реал кашфиётларга ҳам олиб бориши мумкин.

Мен баҳоли қудрат кузатиб, Европа ёки Америка фикрлаш ва образлаш тарзи билан Шарқники бутунлай бошқача эканини кўраман ва жумладан, ўзбек шеъриятидаги ана шу образлаш кўлвори ва даражаси шунақа шиддатли ва юқорики, асрлар оша шаклланган бу образлаш оламига ғарбликларнинг ўзи ҳам ҳавас қилиб, қатор фикрлар билдиришган, ўзлаштиришга уринишган. Бугунги шеъриятимиз вакиллари узилиш ва изланишлар билан қадимий туркий, халқона образлаш тарзи билан арабий ва форсий фикр ва ҳис ўзлаштиришлари қаторида, энди рус тили ва шеърияти орқали ғарбона шеър йўллари билан ҳам боғланган, шакл ва мазмунда ажиб жаҳоний ҳолни қарийб бир асрдан буён бошидан кечириб келади.

Менинг ғариб сатрларим ҳақидаги самимий фикрлар учун ташаккур. Уларнинг дунёга келишини тушунтиришим амримаҳол эса-да, шуни айтишим мумкинки, кўнгли ёнган шоир бир миллатдан кўра, инсониятга кўпроқ дахлдор бўлади. Чунки инсон кўнглини миллатларга ҳеч ҳам ажратиб бўлмайди. Ана шу кўнгил ҳар хил шароит ва қисматда жуда кўп ҳолатларни бошидан кечиради. Ҳассос санъаткор эса чин маънода уларни саралайди. У танлаган ана шу туйғу на макон, на замонга тегишли бўлмасдан, ғами билан абадиятга тегишли, кенглиги билан ҳамма инсоннинг қисмати, юрагини ўртаган ҳодиса бўлиши мумкин. Санъаткор эса ана шу нарсани бир сатри, бир ўхшатиши ё метафораси билан ҳам реал, ҳам рамзий маъноларда ҳис қилишга моҳир бўлади.

Юқорида сиз тилга олган сатрлар эса жуда шахсий кечинмалардан ва айни пайтдаги жамиятнинг инсонга муносабатидан ҳам чала-ярим кўз очган...

Шеъриятда кўпдан бери яшаб келаётган баҳс: илҳомнинг ҳокими ақлми ё туйғу? “Шеърда ақл ҳаддан ташқари кўп бўлса, у ақл косасидан тошиб чиқади. Демак, ақл косасидан ташқаридаги ақл ақллилик эмас”. Эслашимча, бу фикр Иван Бунинга тегишли ва ҳамон долзарб. Чунки бугунги “адабий бозор”нинг сершовқин, кунбай эҳтиёжлардан “илҳомланувчи” тўдасига қўшилолмай, ўзи ва саноқли кўнгилдошлари учун қалам тебратаётган ҳақиқий шоирлар жуда оз. Уларнинг ижодида ақл кўп, шу важдан ҳам кам ўқилар, эҳтимол. Сиз ана шу “кам ўқиладиган”лар сафидасиз. Давримиз шеърхони эса туйғулари бўғзида “туғилувчан” шиғирларни танлаяпти. Балки шу сабаб шеъриятимизнинг янги авлодида қадриятлар мўрт, изтироблар сийқа кўринар?

Шеър адабиётнинг энг қадимий жанри. Хаёл қилса бўладики, биринчи шоир Одам Атонинг шеърлари Ўзига тавалло ва момо Ҳаввога изҳор сифатида туғилган. Бу яратишда одамнинг ўзини англаши ва англамагандаги изтироби ва қувончи, ишқи лим-лим эди. У таъсирчан, таъсир қилувчан фикр ва таронадан барпо бўлгани шубҳасиз. У энг биринчи адабий уриниш ва тажриба сифатида оддий гап-сўзда имконсиз ғаройиб бир тасаввурни тиклаган, ҳузурбахш ҳолатни ҳосил қилган. Шу жараённи ақл ва ҳиснинг энг рост ва мард, қудратли лаҳзаси, деса бўлади ва бу онни ҳеч қачон қайтариш, иккинчи марта такрорлаш мумкин эмас. Ўзининг дардига ифода ва имкон излаган шоир бу азалий қоида эканини билади. Шунинг учун ранг-баранг ҳисларни ақл тутиб, битилган шеърларида ҳам шакли, ҳам мазмуни янгилиги билан кишини ҳайратга солади. Бу — ҳиснинг ҳам, ақлнинг ҳам адабий тараққиёти. Бироқ ўқувчида ҳам ана шу тараққиёт тўхтаб қолмаслиги керак.

Шеър адабиётнинг энг янги жанри... Шунинг учун ҳам Фурқат ёзган ғазалларни Чўлпон битиши мумкин эмасди. Ҳолбуки бугун ҳар иккиси шеъриятимизнинг мумтоз намунаси сифатида ичимизни қиздиради. Рост, уларнинг кўркида минг хил ўзига хос сабаблари бор. Бироқ бетакрорликнинг биринчи белгиси ақл ва ҳис рангинлигидир. Илм ва муҳитнинг бошқачалиги ва шу янги, ҳеч кутилмаган кайфиятда портлаган изҳорнинг самимийлиги янги бир олам эшигини ўқувчига очиб беради. Албатта, ҳақиқий шеър бировга ақл ўргатиш учун айтилмайди. Бу шеърнинг табиатига ёт, шоирнинг чинлигига нораво. Иван Буниннинг фикри шу ҳақда айтилганга ўхшайди. Лекин мен шеър ҳаддан “ақлли” бўлгани учун кам ўқиляпти, деган фикрга тушунмайман. Бундай бўлиши мумкин эмас. Фақат омманинг маънавий эҳтиёжи жуда ҳам жўнлашиб қолгани, жўнлаштирилаётгани айни ҳақиқат. Бунга адабий муҳитнинг карахтлиги, танқидчиликнинг ўлик бир ҳолдаги жимлиги ҳам сабабдир.

Адабий газеталаримиздаги аксарият муҳаррирлар тепса тебранмас, силлиқликни ўзларига маслак қилиб олишгани ачинарлидир. Улар шеър танлаганда ҳам унинг бадиий, самимий изҳорига эмас, сохта, йўқ ғоясига эътибор берадилар. Ёлғондакам, тамагир маддоҳликларни ўзларининг яшинқайтаргичи билишади. Шу боис умид қилса бўладиган ёшлар ичида ҳам кўплари ҳали шаклланмасдан, бир улуғ қадриятлар тўғрисида ёзишга маънавий ҳақлари бўлмасдан туриб, газеталар буюртмасига мос қофиябозликка ўтиб олишди. Ёки инсоннинг энг нозик ва муқаддас туйғуларини бозорга олиб чиқиб, чайқовчилик, олибсотарлик қилиб юришибди. Тўйдаги отарчидек кўнгил эмас, нафснинг хаёлларини бепарда ифодалаш пайидалар ва бозорлари олчи ҳам.

Нега танқидчилик бу ҳақда ҳеч нима демайди? Нега бу ҳақдаги мақолалар адабий нашрларда берилмайди. Шундай қилинганда давримиз шеърхони бир қадар тарбияланар, холис танлаш имкони ҳам яратилар, адабий дид чалинган хасталикларни эса чин шеърларнинг ўзи муолажа қилган бўларди.

Гап айланиб, адабий танқидчиликка тақалар экан, “Чақмоқ ёруғи” китобингизни четлаб ўтолмаймиз, албатта. Назаримда, у тўла-тўкис фикр ёруғлиги ҳақида. Фикрлаётган инсон ўзидан ошиб бораверади. Худди “Лисону ут-тайр”даги Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Тавҳид, Ҳайрат, Фақру фано водийларини кезган каби. Водийдан водийга ўтилгани сайин тафаккур тозаради, маҳдудликка чек қўйилади. Лекин “тўйдан тўйгача, азадан азагача” бўлиб қолган ҳаётимизда фикрлашга-да вақт йўқ. Маишатимиз тўкинликка тўкину, бироқ тафаккуримиз қашшоқ. Айтинг-чи, фикрчанликни тарбиялашда жаҳон адабиётининг аъло намуналари қандай ўрин тутади?

Бугун ва бундан кейин иқтисодий кучи ёки сиёсий қудрати кучли давлат ва халқлар эмас, балки тафаккури зўрабор бўлганлар чинакам маънода кучли эканини англаб етиш янгилик бўлмай қолди. Дунёни фикр тараққий эттиради, инсонни фикрлаш салоҳиятигина тўғри йўл ва маънавий фаровон ҳаётга олиб боради. Фикрлаётган одам яшашни бошлаган одам. Фикрлаётган одам адолатни излаётган, ҳақиқатга сиғинган, тўғри қарор қила оладиган одам. Унинг олдига ҳеч бир тўсиқ қўйиб бўлмайди. Уни енгиб бўлмайди. Фикрлаб у Ҳақни танийди, ҳақиқатни англайди. Нима муҳим эканлигини, кимга топинишни, ҳаётини нимага тикишини жуда яхши билади. Ва аксинча, дунёда фикр дангасалигидан ортиқ разолатга ботиш бўлмаса керак. Шунинг учун жаҳон адабиётининг энг дурдона асарлари сарчашмаси бўлган муқаддас китобларда, аввало, одам боласи тафаккур қилишга астойдил даъват этиб келинган. Тафаккур қилмайсизларми, ақл юритмайсизларми, дея бандалар фикрлашга ундалган, огоҳлантирилган. Инчунин, Муқаддас китобимиз Қуръони каримда элликка яқин жойда тафаккурга, ақлни ишлатишга оид хитоблар келади. Фикр шуъласи, фикрсизлик балоси очиқ ва ташбеҳлар билан кўрсатилади.

Демак, фикр тарбиясини, аввало, маънавиятга оид китобларимиздан излаш керак. Масалан, тарихий меросимизнинг энг қадимийларидан “Авесто”нинг шоҳ ўгити “Эзгу сўз, эзгу амал, эзгу фикр” деб аталгани бежиз эмас-да. Ҳа, фикрлашни, аввало, эзгу фикрлашдан, унинг моҳиятини билишдан бошлашимиз керак экан.

Фикр тарбиясини Шарқ мумтоз адабиётининг дурдона асарлари мутолаасидан бошлаш мақсадга мувофиқ. Ҳазрат Навоийнинг “Хазоин ул-маоний” девонлари ва “Хамса”си, Аттор, Румий, Ҳофиз, Бедил ирфоний шеърияти, Фузулий ва Маҳтумқули юрак ёнар сўзининг ҳикматини уқибгина, кейин дунё адабиётининг энг сара, фикр уйғотар адабиётига юзланса бўлар. Чунки фикрлашга оид асар борки, фикр ва шакли янги, ифори оҳорли, маъноси гўзал ва таъсирли бўлса, у тараққиётга йўл очади. Бизни ҳур этади. Жаҳолатнинг устидан ғалабамизни таъминлайди.

Вафо ака, бежиз жаҳон адабиёти хусусида сўз очмадим. Чунки фаолиятингизда таржимонлик алоҳида саҳифа. Кузатишларингизга таяниб, ўзбек таржимачилигининг бугунги ютуқлари ва кемтиклари ҳақида нима дея оласиз?

Бугунги ўзбек таржимачилигининг ютуқлари, менимча, асар яратилган тилдан таржима қилиш кўпайди. Бу асл нусхадаги маъно ва шаклни, моҳият ифорини имкон қадар ўзга тилда ҳам беришнинг асосий имкониятларидан бири. Лекин уларнинг савияси қандай, таржима ҳам санъат экан, моҳирлик билан ўз тили имкониятларидан қандай фойдаланиляпти — буни бир китобхон, бир мутахассис сифатида кузатиб, бирор фикр айтиш керак бўлади. Назаримда, мен ўқиган кўпгина таржималарда ана шу маҳорат ва илҳом билан ўгириш етишмайди. Кейин ўз тилимизда яратилган ва таржима қилишга арзигулик асарларнинг ўгирилиши ундан-да ночор аҳволда. Буни яхшилаш учун миллат зиёлилари ҳар томонлама жон куйдириши, мумтоз ва долзарб бадиий асарларимиз қайси тилга ўгирилмоқчи бўлса, ўша тилнинг билимдонларини ҳам жалб этиш, ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилиши заруриятдир.

Яна баъзи таржима асарларда мутаржимнинг муаллиф ва китобхон орасига бемақсад аралашуви кўзга ташланади. Бу асар қимматини пасайтиради, менимча. Ахир таржимон миллий ва диний қобиқлардан халос бўлиши керак эмасми?! Масалан, маъзур тутинг-у, Иосиф Бродскийнинг “Жон Доннинг маҳобатли манзумаси”даги бир мисрага келтирган изоҳингиз менга ортиқча кўринади негадир?

Дунё маданияти ғаройиб нарса ва у ҳар бир миллий-диний тушунчалар тарғибидан холи яратилмайди. Уларнинг таъсири мана-ман деган дурдона асарларда ҳам ўз аксини топади. Баъзан тарғиб-тавсиф сифатида айтилган нотўғри қараш ўша машҳур асар сабаб дунё бўйлаб ёйилиши, кўпгина тушунмовчиликларга олиб келиши, ноҳақ қарашни тиқиштиришга сабаб бўлиши мумкин. Бундан ҳам хавфлиси ва ёмони бадиий асарда сингдирилган, кўрсатилган, бадиий ҳақиқат сифатида талқин қилинган ифодалар бошқа бир халқ, миллат, маданият вакилига туҳмат, ҳақорат бўлиши ҳам мумкин. Демак, асарда худди шундай маълумот, тушунча учраса, менимча, таржимон, албатта, асл матнга аралашмаган ҳолда, ўз изоҳини келтириши керак. Зеро, бусиз ўз қадриятларига путур етказган, ўз маданияти ва маънавиятига ҳурматсизлик қилган, қош қўяман, деб кўз чиқарган бўлади.

Масалан, ўтган асрнинг етмишинчи йиллари охирида италян шоири А.Дантенинг “Илоҳий комедия”си биринчи қисми рус тилидан маҳорат билан ўгирилган эди. Бу асар Европа Уйғониш адабиётининг дурдона асарларидан ҳисобланади. Бадиий обида, деса дегулик. Шунга қарамай, бу асар ўша давр насроний қарашлари асосида, Шарқ халқларига нисбатан менсимаслик руҳида, мазах ва киноя билан ёзилган бўлиб, баъзи ўринлари ҳатто очиқдан-очиқ улуғларимизга нисбатан ҳақоратомуз кўринишлардан иборат. Масалан, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, шарқлик буюк қомусий алломалар Ибн Сино, Ибн Рушд ва бошқалар дўзахда тасвирланади. Тўғри, асар таржима қилинган йиллар динсизлик айни кучайган, унга изоҳ бериш арининг уясига чўп суқиш билан баробар эди. Аммо энди мустақилмиз, ҳар қандай буюк асар бўлсин, унда бизнинг маданиятимизга ёт, ёлғон, камситилган тушунча бор экан, албатта, бунга асар охирида, албатта, изоҳ берилиши таржимоннинг миллий бурчи, хизматининг ажралмас қисмидир. Бу асар билан ўқувчи ўртасига тушиш, кераксиз аралашиш бўлмайди, балки ўқувчини тўғри йўлга қаратиш бўлади. Шу билан ҳам ёт маданиятларнинг, ғаразли тушунчаларнинг ёшлар онгига ўрнашишининг олди олинади.

Гоҳ атайин, гоҳ билмасдан шундай асарлар яратиладики, бошқа тилга таржима қилинар экан, унинг нуқсонли жойлари аниқ кўриниб қолади. Мисол учун, кейинчалик рус шеъриятининг қуёши деб кўкларга кўтарилган, вақтида эса тазйиқ ва таъқибларда яшаган рус шоири Александр Пушкин ўттиз ёшида, адашмасам, жанубга сургун қилинади. Рус подшолигининг мақсади уни марказдан узоқлаштириб, адабий фаолиятини сусайтириш эди. Бундан илҳомланган ва ўзини камситилган, ҳайдалган ҳисоблаган шоир яна ҳам ижодга берилади, ҳатто бу сургунни Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишига ўхшатади ва айни пайтда Қуръони каримни Аллоҳ нозил қилган тилдан эмас, балки ундан французчага, французчадан русчага қилинган ғариб таржимани мутолаа қилиб, беҳад таъсирланади ва ХI бўлимдан иборат шеър туркумига “Подражание Корана” деб ном қўяди. Бу асар нисбатан эркинлик шамоллари эса бошлаган, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида таниқли шоиримиз Абдулла Шер томонидан “Қуръондан иқтибос” номи ила таржима қилинган эди. Бир қараганда, яхшигина ном топилган, фақат у пайтда изоҳни кўтармаган. Ўн беш, йигирма йиллар ўтиб, мен бу асарни русчада синчиклаб қайта-қайта ўқир эканман, билмадим, бугунги тушунчам билан унга, албатта, изоҳ керак, бу туркум билан танишган ўзбек ўқувчисигагина эмас, ҳатто рус ўқувчиси учун ҳам бу изоҳлар фойдадан холи бўлмайди, деган хаёлга бораман. Ўзбекча қўйилган ном ҳам қанчалик топилган бўлмасин, энди ўзини оқламайдигандай...

Иосиф Бродскийнинг “Жон Доннинг маҳобатли манзумаси”га келадиган бўлсак, ҳар хил маданият вакили бўлганимиз боис шундай изоҳ бериб ўтгим келди. Менимча, бу таржимоннинг диний, миллий қобиқлар орасида қолиши эмас, балки Ҳақнинг каломини банданикидан аъло кўришидир. Чунки Бродскийда мусавийлик ва исавийлик даҳрийлик билан қўшилиб кетган кайфиятлар озми-кўпми бўртиб кўзга ташланади... Балки шу кўнглимни ёққандир?!

Ёниқ фикрлар учун раҳмат! Ижодда ҳамиша муваффақият ҳамроҳ бўлсин!
Сирожиддин СОТВОЛДИЕВ суҳбатлашди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий