понедельник, 6 июня 2016 г.

ЧОРВАДОР ФЕРМАСИДА БИР КУН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА
Публицистика

 Зангиота туманидаги наслчиликка ихтисослашган “Роҳатой” фермер хўжалигида янги туғилган бузоқ 400-рақам билан рўйхатга олинди. Бу фермадаги қорамоллар сони шунчага етганини англатади.
 Мазкур хўжалик жойлашган Масалбой қишлоғи хийла ичкарида экан. Икки томони ғаллазор йўл ёқалаб бордик. Буғдой ўрими бошланган, экиндан бўшаган майдонларни шудгорлаш ва кейинги ҳосилга тайёрлаш ишлари қизғин давом этмоқда. Ана, пештоқига “Роҳатой” фермер хўжалиги деб ёзилган лавҳ кўзга ташланди. Фермага кираверишда икки киши бизга пешвоз чиқди. Келишимиз сабабини билишгач, улардан бири:

  – Жўра ака янги туғилган бузоқнинг ҳолидан хабар олгани кетгандилар, ҳозир келиб қоладилар, – деб чорпоядан жой кўрсатди.

  Нафас олсангиз ичингизга олов киргандай туюладиган жазирамада шийпонда ўтиришнинг гашти ўзгача бўларкан. Турли мевали ва манзарали дарахтлар, анвойи гулларнинг мастона ифорини онда-сонда эсаётган майин шабада иссиққа “чап” бериб олиб келади. Ғалланинг ёқимли иси димоғингизни қитиқлайди, кўнглингизга ҳузур бағишлайди. Бундай насимдан маст ўтирарканмиз, юзларига бироз ажин тушган, сочларига оқ оралаган киши биз томон кулимсираб келди.

  Фермер Жўра Маҳаматов “ичимдагини топ” дейдиганлар хилидан эмас, аксинча, киришимли, қувноқ ва сўзамол киши экан. Чорвадор хўжаликнинг оёққа туриш босқичлари, эришган ютуқлари ва келгусидаги режалари ҳақида сўзлаб берди.

  Қишлоқ мулкдорининг гапларидан шу нарса аён бўлдики, мамлакатимиз аҳолисининг гўшт, сут ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тўла таъминланишида “Роҳатой” фермер хўжалигининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Кунига қарийб тўрт тонна сут, йилига ўнлаб тонна гўшт олинаётган мазкур хўжаликнинг умумий даромади кейинги бир йилда бир миллиард сўмга етгани ҳам бу фикрни далиллайди.

  – Бундай натижага эришиш осон бўлмади, – дейди фермер Жўра Маҳаматов. – Фермамиз 30 бош жайдари, ориқ қорамол билан фаолият бошлаган эди. Биласиз, маҳсулот мўл ва сифатли бўлиши учун, аввало, мустаҳкам озуқа базасини яратиш зарур. Ўша йиллари ем-хашак етиштириш учун атиги 10 гектар еримиз бўлган. Ният ва шунга яраша ҳаракат қилсанг, эътибор ва шароит бўлса, ҳамма нарсага эришиш мумкин экан. Тижорат банкидан 241 минг доллар миқдорида имтиёзли кредит олиб, Хитойдан 70 бош наслли мол келтирдик. Бунда мамлакат раҳбарининг шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва молларни кўпайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга оид қарори жуда қўл келди. Шунга ҳам етти йил бўлибди. Шу вақт ичида моллар ўзидан кўпайиб, 330 бошдан ошди. Боққанга яраша наслли мол боққан маъқул. Чунки соғиб олинган сут қилинган харажатни қоплайди. Озуқа зое кетмайди. Жорий йил бошида Германиядан 60 бош қорамол олиб келдик. Ҳозир фермадаги моллар 400 бошга етди. Экин майдонимиз қарийб 20 баробар кенгайди. Натижада ишчиларимизнинг ҳам моддий манфаатдорлиги ошди, турмуш фаровонлиги юксалди. Янги иш ўринлари яратилди.

  Шуларни сизга айтиб ўтирибману, бундан 25-30 йил аввалги ҳолат кўз олдимдан ўтаяпти. Ўша йиллари колхозда зоотехник эдим. Қарши бўлмасангиз, ўзим бевосита гувоҳ бўлган айрим воқеаларни сўзлаб берай.

  Саксонинчи йиллар охирлаб қолган. Яйловлар кескин қисқариб борар, ем-хашак етишмаслигидан ҳатто уй хўжаликлари ҳам мол боқишга қийналарди. Хуллас, яйловлар қисқариши моллар туёқ сони камайишига жиддий таъсир қилди. Устига-устак озуқа муаммо, денг. Ветеринария хизмати ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Кўплаб чорва моллари нобуд бўлди. Касаллик тарқалишидан шахсий хўжаликлар ҳам иқтисодий зарар кўрди. Бундай нохуш ҳолатнинг олдини олиш зарурлигини кўпчилик мутасаддилар унутиб қўйганди гўё. Энг ачинарлиси, аҳолининг бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ҳам айтарли қондирилмасди. Шундай оғир вазиятда республикамизга энди раҳбар бўлиб келган Ислом Каримов бу масалани зудлик билан ҳал этиш зарурлигини, бундан буёғига эскича яшаб бўлмаслигини энг юқори минбарларда баралла айтиб, ҳар томонлама пухта ўйланган режаларни кун тартибига қўйди. Бу гаплардан одамларнинг кўнглида эртанги кунга умид учқунлари пайдо бўла бошлади...

  ...Чорвадор ҳақ. Боиси, Жўра аканинг бу ҳикояларини ўша даврда шундай муаммоларга дуч келган, кўрган, бошидан кечирган одамлардан кўп эшитганмиз. Фермер айтаётган даврда барча соҳалар қатори озиқ-овқат масаласи ҳам зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган жиддий муаммолардан бири экани ҳақида турли манбаларда, матбуот саҳифаларида ўқиганмиз. Буларнинг нақадар ҳаққоний эканига Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона архивидаги сарғайган газета тахламларини варақлаётиб, яна бир бор амин бўлдик.

  Тошкентда 1989 йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтган анжуманда Ислом Каримов нутқ сўзлади ва унда аҳолини уй-жой, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш республикада ҳал қилиниши лозим бўлган ғоят муҳим муаммолардан эканини алоҳида таъкидлади. Ўша йилларда энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдо тармоқларида тақчил, аҳолининг бу маҳсулотларни сотиб олиш имконияти чекланган эди. Янаям аниқроқ айтганда, истеъмол бозорида барча маҳсулотларнинг қарийб 95 фоизи бўйича узилишлар бўлган. Буни 1989 йилда ўтказилган статистик тадқиқотлар маълумотлари тасдиқлайди. Аҳолининг 89 фоизи гўшт, 56 фоизи сут, 55 фоизи шакар, 49 фоизи қандолат, 17 фоизи картошка ва бошқа маҳсулотларни тўйиб истеъмол қилмаган ўша йилларда.

  Ҳар қандай нарса таққосда аён бўлади. Биз ҳам ушбу қоидага амал қилган ҳолда, ўз фикримизни рақамлар тилида баён қиладиган бўлсак, қуйидаги манзара намоён бўлади: Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси 31 миллиондан ошди. Бу 1990 йилга нисбатан 38 фоиз кўп демакдир. Шундай демографик ўсишга қарамай, ўтган чорак асрда аҳоли жон бошига гўшт ва гўшт маҳсулотлари истеъмол қилиш қарийб 24 фоизга кўпайди. Сут ва сут маҳсулотлари 30, тухум 42 фоиз, сабзавот 2,2, картошка 1,5, мева 3,6, шакар 1,37 баробар ўсди. Эътибор беринг, ҳаёт учун энг зарур, асосий маҳсулотлар истеъмолида юқори ўсишлар рўй берган. Мана шу рақамларнинг ўзиёқ истиқлол йилларида озиқ-овқат маҳсулотларининг миқдори, тури ўнлаб баробар – ғоят кескин ошганини кўрсатади.

  Мутахассисларнинг фикрича, истеъмол харажатларининг ҳажми ва таркиби кўп жиҳатдан аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш имконияти ва мазкур маҳсулотларнинг нархи билан чамбарчас боғлиқ. Айни пайтда истеъмол таркиби сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ тановул қилиш ҳисобидан ўзгармоқда. Бунда углеводларга бой озиқ-овқат истеъмол қилишнинг барқарор ривожлангани муҳим аҳамият касб этаётир.

  Илгари истеъмол учун зарур бўлган ғалла, сут ва гўшт маҳсулотлари, картошка, шакар, қуруқ сут ва болалар озуқасининг 50-100 фоизи четдан келтирилган бўлса, бугунги кунда мамлакатимиз шу ва бошқа маҳсулотларни етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлашни ривожлантириш ҳисобидан аҳолининг барча истеъмол маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаётир.

  2014 йилнинг 5-6 июнь кунлари Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусида халқаро конференция ўтказилиб, унда 40 мамлакат ва 20 нуфузли халқаро ташкилотдан 200 дан зиёд мутахассис иштирок этди. Ушбу конференцияда БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Жозе Грациану да Силва нутқ сўзлаб, Ўзбекистон истиқлол йилларида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида улкан тараққиётга эришганини алоҳида таъкидлади. У жумладан, бундай деди: “Ўзбекистон ўз тараққиёти йўлида учрайдиган таҳдидларни бартараф этиб, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш ва экспорт ҳажмини ошириш борасида катта ютуқларга эришди”.

  Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни қарийб ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти, дунё аҳолисининг 30 фоизидан кўпроғи тўлиқ овқатланмаслик, энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошдан кечирмоқда. Шу боис 160 миллиондан ортиқ бола бўйининг ўсиши, жисмоний ва интеллектуал ривожланишига доир камчиликлардан азият чекмоқда.

  Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, бугунги кунда ривожланаётган мамлакатларда бир киши учун тавсия этилган кундалик 400 грамм ўрнига бор-йўғи 150-200 грамм мева-сабзавот истеъмол қилинмоқда. Ваҳоланки, халқаро диетологларнинг тавсиясига кўра, инсон истеъмол қиладиган озиқ-овқатнинг камида 50 фоизини мева-сабзавот ташкил этиши зарур.

  Бу Жозе Грациану да Силванинг фикри ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ мураккаб вазият келтириб чиқарган оқибатлар ҳақида қисқача маълумот...

 Ўзбекистон қисқа муддатда нафақат жаҳон бозорида харидоргир бўлган мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирадиган, балки экспорт қиладиган мамлакатга айланди. Чунончи, дунёнинг 80 давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилди. Юртимиз ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа мева-сабзавотларни экспорт қилиш бўйича дунёда ўнта етакчи давлат қаторига қўшилди. 2011-2014 йилларда экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 3 баробардан зиёд ошди. 

 Мутахассисларнинг фикрича, озиқ-овқат маҳсулотлари, биринчи навбатда, сабзавот, мева ва узумни даладан истеъмолчига етказиб беришда нобудгарчиликларнинг олдини олиш учун уларни сақлайдиган омбор ва музлатгичлар тизими етарли даражада ривожланган, логистика ва йўл харажатлари билан боғлиқ муаммолар ижобий ҳал этилган бўлиши лозим.

 Мамлакатимизда мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар самарасида 2014 йилга келиб, 190 минг тоннадан зиёд мева-сабзавот сақлаш қувватига эга 274 замонавий совутгичли камера ва омбор қурилиб, фойдаланишга топширилди.

 2010 йилда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида 3 минг тоннадан ортиқ сархил мева-сабзавотни нейтрал газли муҳитда сақлаш бўйича замонавий қувватлар иш бошлади. Ушбу маҳсулотлар халқаро авиатранспорт ёрдамида Европа ва Осиё мамлакатлари бозорларига етказиб берилмоқда.

 Истеъмол қилинадиган овқатнинг сифати ва миқдорини ошириш аҳоли, аввало, болалар саломатлигини тубдан яхшилашга ижобий таъсир кўрсатди. Сўнгги 10 йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1,8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсди, хотин-қизларда камқонлик даражаси 2,5 марта пасайди.

  Биз бундай ютуқларга қандай, ниманинг ҳисобидан эришдик?

  Мамлакат Президенти Ислом Каримов Тошкентда ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференциядаги нутқида қуйидаги сўзларга алоҳида эътибор қаратди:

  “Бу борада энг асосий омил нима бўлди, деган саволга мен, энг асосий, ҳал қилувчи омил – бу бизнинг меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимиз, деб жавоб берган бўлардим...”.

  Чиндан ҳам, бугун қаерда, қайси даврада бўлманг, дастурхон юртимизда етиштирилган, тайёрланган маҳсулотлар, ноз-неъматлар билан тўкинлигини кўрасиз. Гурунглашаётганларнинг ижтимоий аҳволи, турмуш фаровонлиги юксалиб бораётгани, дастурхонимиздан йил бўйи мева-чева аримаслиги, бозорларимизда барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги, нарх-навоси чўнтакбоплигидан кўнгли тўлиб, фахр билан сўзлаётгани қалбингизга ғурур бағишлайди. Беихтиёр бизни шундай маҳсулотлар билан ҳар фаслда бирдек таъминлаётган она заминимизнинг бебаҳо саховати, мўъжизакор қудратига таҳсин ўқийсиз. Уста деҳқону моҳир чорвадорлар, қилни қирқ ёрадиган тадбиркорларнинг ғайрат-шижоатига, ишбилармонлигига тан берасиз. Мамлакатимиз қўлга киритаётган бундай муваффақиятларни дунё ҳамжамияти баралла эътироф этаётгани, уларнинг ўзи келиб иш тажрибамизни ўрганаётганидан кўксингиз фахр-ифтихорга тўлади.

  ...Жўра ака Маҳаматов дилкаш, зиёли киши экан. У киши билан узоқ гурунг қилдик. Фермер “бироз танаффус қилайлик энди”, дегандек стол устидаги бежирим идишлардан бирини олиб очди ва пиёлага қуйиб бизга узатди. Биокефирнинг хушхўрлигидан аъзойи-баданимиз яйраблар кетди.

  – Хомашё бизники, маҳсулот қўшни Чувалачи қишлоғидаги “Иззат” фермер хўжалигиники, – деди фермер. – Чорвачиликка ихтисослашган. Хўжалик раҳбари Қўчқорбой Турсунов. Унинг айтишича, умумий даромади сўнгги бир йилда 860 миллион сўмга етибди, бундай натижага тармоқни кенгайтириш орқали эришибди, омадини берсин! Очиғини айтганда, қайта ишлашни йўлга қўйиш масаласи хусусида кўпдан бери бош қотираман. Насиб қилса, шу йил ёки кейинги йил бу режани амалга оширамиз. Дарвоқе, бундоқ ўйлаб кўрсам, кўкрак керишга арзирли ютуқларим, эришган муваффақиятларим кўп экан. “Шуҳрат” медали билан тақдирланганман. Фермадаги моллар Ўзбекистон наслли молларининг “Олтин фонди”га киритилган. Бултурги даромадга “Captiva” олдим. Йигирма йил колхозда зоотехник бўлиб, Форишда дам олиш орзуси билан яшадим. Мустақиллик туфайли наинки Форишни, Парижни ҳам кўрдим. Баъзан ўйлаб қоламан, бугунимдан кўнглим тўлмай, эртанги кунимга ишончим, умидим сўнган ўша дамларда “бўлганим шу экан”, деб, шифтга термулиб ётаверсам, нима бўларди? Ўзи асрасин. Шукр! Мустақиллик кўплар қатори менга ҳам қандай яшаш кераклигини ўргатди. Нимагаки эришган бўлсам, барчаси истиқлол туфайлидир...

  Чошгоҳда бошланган суҳбат вақт шомдан оққанда ниҳоясига етди. Фермерга ишлари бароридан келишини тилаб, хайрлашдик.

2015 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий