пятница, 29 сентября 2017 г.

ЯХШИЯМКИ, ИНСОННИНГ ЎЙЛАГАНИ БЎЛАВЕРМАЙДИ...

Айтилиши лозим, ўта муҳим бўлган гаплар, баъзан, жуда қисқа ва содда бўлади. Ўқиганда ёки эшитганда таниш туюлади. Чунки, умумий маънодаги борлиқ ҳақида аксариятимизнинг хаёлимиздан шундай фикрлар кечган. Фақат биз “кўнгилга сиғмаган ўйлар”имизни вақтида ён дафтаримизга қайд қилиб қўймаймиз, онг остига ўз-ўзидан муҳрланиб бораверади. Маълум вақт ўтиб шундай афоризмнамо фикрларни ўқиб қолганимизда тафаккуримиз бирдан тиниқлашади, руҳан тетик ҳис қиламиз ўзимизни. Буни мутолаа завқи дейиш мумкин. Муаллифнинг муваффақияти ана шу завқни ўқувчига беролган.

* * *

Севара Алижонова

КЎНГИЛГА СИҒМАГАН ЎЙЛАР





Ҳақиқат иқрорга муҳтож эмас.

* * *
Инкор иродани пиширади.

* * *
Ўзинг билан ўзинг ёлғиз қолганингдагина асл қиёфанг фош бўлади.

* * *
 Ўзингни алдашдан ортиқ кулгили ва аянчли ҳол йўқ.

 * * *
Нажотни атрофдан топиб бўлмайди.

* * *
Чин дўст қувончинг ва азобингни бўлишадиган одам дейишади. Йўқ, дўстни ғамлардан асраш керак.

* * *
Юксалишни истаган одам марра эмас, мақсад сари интилади.

* * *
Ҳақиқат субъектив экан, у ҳеч қачон тараққиётга хизмат қилмайди. Юзга айтаверишнинг заҳри ёмон...

* * *
Ошкоралик замонига келиб қолдик. Энди хавф шундан. На давлатнинг, на одамнинг ўзига тегишли сири, қадрияти қоляпти...

* * *
Ортиқча меҳр ё қадрсизликка, ё меҳрсизликка сабаб бўлар экан.

* * *
Сени тушунувчи битта одамнинг борлиги ҳам инъом.

* * *
Ялтоқланишлар бефарқликнинг мевасимикан?..

* * *
Оммавий мақтанчоқликнинг авж олиши турғунликдан дарак.

* * *
Тушкун одамни ҳаётга қайтариш – ўлимдан сақлаб қолишдек гап.

* * *
Мусиқа жон беради, жон олади.

* * *
Узоқ-узоқларга тикилиб яқинингдагини ўйлайсан.




* * *
Ҳеч ниманинг маънисиз туюлиши кишига куч беради.

* * *
Яхшиямки, инсоннинг ўйлагани бўлавермайди...

* * *
Одам билиб туриб хатога йўл қўяди. Бу унинг ожизлигимикан ёки қизиқувчанлиги?..

* * *
Ортиқча одоб одамни бахтдан мосуво этадигандек...

* * *
Эндигина ҳаётнинг яшил, қизил, заъфарон рангларини... кўряпман. Китоблар фақат оқ ва қорани кўрсатган экан.

* * *
Зерикишда одам қандай бемаъниликларга қодир!

* * *
Дунё охиратни эслатиб туради.

* * *
Ортга қараб ҳеч нимани кўролмаслигинг кўрлигингдан нишона.

* * *
Санъатда ҳам, ҳаётда ҳам “маданий девона”лар кўпайиб кетди.

* * *
Энг оғир жазо – бир сўз демай тарк этиш.

* * *
Кексалик иззатталабликдан бошланади. “Эртага борманми йўқ?” дегувчиларга аниқ жавоб бериб бўлганда эди, ҳамма бир-бирига иззат кўрсатган бўларди.

* * *
Истеъдодни ҳафсала камол топтиради.

* * *
“Тақдири азал”, “Пешонага битилмиш” деган таскинларнинг борлиги ҳам таскин-да.

* * *
Одам илм билан юксалади, сиёсатда тобланади, санъат билан овунади.

* * *
Одамдан қоладигани охир-оқибат табиат бўлса керак. Одамзоддан кейин санъат, илм, адабиётни тушунадиган махлуқ пайдо бўладими-йўқми? Табиатни асрайлик...

* * *
Нима учун яшаймиз? Шон-шуҳрат, мансаб, обрў-эътибор, мол-мулк... Бутун бошли умр шугинага кетадими?.. Синовдан ўтишимиз душворга ўхшайди.

* * *
Кимни ғийбат, кимга туҳмат, яна кимгадир хушомад билан кун ўтавераркан-у, ўзимизга вақт етмай қоларкан...

* * *
Китобни сўнгги саҳифасидан ўқий бошлайман. Бу одат қачон, қаердан, нимага чиққан ҳам эсимда йўқ. Сўнгига етолмай қолиш хавфи бордай...


* * *


Изоҳ: “Чин дўст қувончинг ва азобингни бўлишадиган одам дейишади. Йўқ, дўстни ғамлардан асраш керак” деб, шу-унча маънавий қийноқни кулиб бўйнимга юк қилганинг алам қилди рости. Ўзи, умуман, кўнгилга сиғмаган ўйларингни менга ошкор қилиб, бекор қилгансанда, Севар. Аҳ, соддагина-я! Билмагансан, ўйламагансанда бир кун келиб эълон қиворади деб, тўғрими? Ранжимагин тағин. Шунақа бўлиб қолди-да энди!

Комментариев нет:

Отправить комментарий