пятница, 15 сентября 2017 г.

ЯШАШ КЕРАК, СЕВИШ ШАРТ ЭМАС

Унутиш неъматми, жазоми - билмам, эсингдан оғгудек севган чоғингда. Унутмайин десанг - юрак ёрилар, унутсанг - армонлар ўсар боғингда...

Сирожиддин ИБРОҲИМ

Нилуфар Усмонованинг мухлиси эмасман. Бугун ишга келаётиб хонанданинг бир қўшиғини эшитиб қолдим. Номи, янглишмасам, «Кел иккимиз» эди. Севган юракнинг севдирган юракка илтижосини тинглаб алланечук ўйга толдим. Қўшиқ матни ва мусиқаси, Нилуфарнинг ижро услуби ҳамда маҳоратини таҳлил қилиш ниятим йўқ. Бу ишни мунаққидлар, мутахассислар қилсин. Мени ўйлантирган жиҳат бошқа.




Севги, вафо, хиёнат, висол, ҳижрон, соғинч, изтироб... ҳақида кўплаб шеърлар, куйлар, қўшиқлар, умуман, санъат асарлари яратилган, яратилмоқда ва бундан кейин ҳам яратилажак. Лекин ҳар бир инсоннинг ўз севги тарихи бор. Ошиқ юракларнинг узундан-узоқ ҳикояларига қулоқ тутиш у ёқда турсин қувноқ ёки ғамнок чеҳрасига боқиб, кўп нарсани билиб олса бўлади. Қизиғи, кеча бир-бирисиз яшолмаслигини оламга жар солган жуфтликлар бугун йўллари айро тушган. Биб-бинойидек яшаб юрибди. Маҳбубасини унутмаган-у, унутган қилиб кўрсатади ўзини. Ўртасига нифоқ тушиши ва абадий боғланган риштанинг бир сонияда узилишида ёрини айбдор санаб, ўзидан қаҳрамон ясаб, бўлган-бўлмаган воқеаларга ўнта қўшиб-чатиб гапиришдан тил ўлгур чарчамайди. Хуллас-да!.. Беадад давом эттириш мумкин бу кетма-кетликни. Аммо кимга қизиғи бор?

Аслида, муҳаббат дунёдаги энг улуғ нарса. Ҳолбуки, уни муайян расмий маросимлардан бурун турли совға-саломлар, саёҳату айш-ишратларсиз тасаввур этиш мушкул бўлса, марҳамат, бу ишларни бошқа ном билан атаб қилаверишсин. Лексиконимизда тиқилиб ётибди бундай сўзлар. Фақат муҳаббатнинг оппоқ юзига қилган ишлари мисол ола-чипор рангни чаплашмасин...

Яқинларимиз бизни ҳеч қачон тарк этишмайди. Кетишдими?! Демак, улар бизга ҳеч қачон яқин бўлишмаган, мазмунидаги ақидага жуда кўп амал қилиб яшадим. Ҳаётимдаги инсонларни икки хил тоифага ажратдим: керакли, кераксиз. Кераксизлари учун сониямни-да қизғонардим. Керакли, деб билганларимга эса... Қадрни беқадр, "яланғоч" кимсаларга кўрсатиб келган эканман. Ҳаётда нимагадир эришиш ва ё воз кечиш учун кимгадир, ниманидир исбот қилиб яшашдан силлам қуриган. Кўплардан, кўп нарсалардан ҳавсалам пир бўлган. Ўшанда, уммон тубига ғарқ бўлаётган кеманинг штурвалини бемажол қўллари билан тутиб турган умидсиз капитганга ўхшатганман ўзимни.



Бугунимнинг фалсафаси, анча ўзгарган. Эҳтимол, адашаётган бўлишим мумкин. Ўзингиз ўйланг, ўқиш ё ишга киролмасангиз, сиз севган қиз (йигит) сизни севмаса, сирдош дугонангиз, тобуткаш дўстингиз кун келиб сиздан воз кечса, хиёнат қилса, боз устига ишингиз юришмай, кимларгадир "балодан нари" бўлсангиз том маънодаги муҳит айбдор эмас-ку бунга, тўғрими? Ажриқнинг устидан асфальт ётқизворсангиз ҳам йиллар ўтиб ёриб чиқади. Ҳамма гап инсоннинг метин иродасида, ҳаёти давомида учрайдиган турли синовлар, азоб-уқубатларни атрофдагиларнинг кўмаги, салбий ва ижобий таъсирисиз матонат билан енгиб ўтишида эканини барчамиз жуда яхши биламиз. Фақат ҳаётнинг қўштирноқ ичидаги ташвишларига андармон бўлмай мақсад сари дадил одимлашдан тўхтамасак бўлгани.

Ҳа-я, яна бир гап: бу йўлда кимнингдир омад тулпори тез, кимникидир секин чопади...

Йўл бўйи хаёлимдан ўтган ўйларни компьютер клавишида териб бўлгач, устидан бир ўқимоқчи бўлиб турувдим, севимли шоирим Муҳаммад Юсуфнинг бир сатри туйқус ёдимга тушди: "Яшаш керак, севиш шарт эмас!".

P.S. Юқоридаги фикрларимнинг "Кел иккимиз"га сира даҳли йўқ. Қўшиқ буларни ёзиш учун бир туртки бўлди, холос.

2 комментария:

  1. Чўх гўзал шеър, чўх гўзал фэкрлара айтмишсиз, сайин БекЗод!
    Чўжиклара кўп якмэш бу фэкрлар. локин севмасдан яшаб бўлмаяжак.
    ман ҳам яхшаяжакман и севжакман.
    Сайин Соҳиб.

    ОтветитьУдалить