среда, 27 сентября 2017 г.

ҚАРШИЛАР, БЕТАРАФЛАР ЙЎҚ, ҲАММА РОЗИ!

“Чапаклар ёки чалпаклар мамлакати”ни кўпчилик ўқиган. Жуда зўр қисса тўғрими?! Менга, масалан, роса ёқади. Ўзи Эркин Аъзам ёмон ёзмайди-да!

Камина ана шундай мамлакатни ўз кўзи билан кўрган десам эҳтимол, ишонмассиз, лекин азизим ишонаверинг бу рост! Уч йил илгари боргандим у ерга. Эсласам ҳозир ҳам беихтиёр кулиб юбораяпман. Ғалати-да!




Мамлакат кичик. Аҳолиси кам. Лекин тараққиётига тан. Одамларининг (шу ерига келганда маҳкам туринг, тағин лоф ураяпти, деб ўйламанг. Онт ичаман бари ҳақиқат.) чеҳраси бир, тили бир, бўйи бир, ранги бир, касби бир, ҳатто, бир хил кийинади. Қойилмисиз?!

Пешонам ярқираган – 100 чоғли вакилдан мамлакатнинг элита қатлами иштирокида ўтадиган кунлик йиғилишда қатнашиш каминага насиб қилди. Бордим. Маҳобатли бино ҳайбатидан ҳайратга тушмасдан бўлак чорангиз йўқ. Шунча пулни қаердан олади булар?



Давлат аҳамиятига молик бир қанча масалалар муҳокамасига бағишланган мажлис бошланди. Бошланганига нақ етти соат бўлди, тугашидан дарак йўқ. Орада минбарга саккизтача одам чиқди, бир-бирига қуллуқ қилгани-қилган. Мақтовлар сел. Бунақасини умрим бино бўлиб кўрмаганман. Йиғилиш якунида ҳайратдан қўлим ёқамга ёпишди. Кўрилган масалалар бўйича қарор қабул қилинди. Ҳужжат ўқиб эшиттирилди. Йирик ойнада розилар, қаршилар, бетарафлар деган ёзув пайдо бўлди. Фикрлаши ҳам бир экан буларни. На қаршиси, на бетарафи бор – ҳамма рози. Қизиқувчанлик – касбий касаллик. Эринмай сўрайман ёнимда ўтирган “yes қиламиз”нинг биридан:

– Ҳамма бир овоздан маъқуллади. Узоқ вақт кутилган – тарихий экан-да?

– Йўқ, ҳар куни шундай – ҳамма бир овоздан маъқуллайди!

– ...

Ҳамон ўйлаб ўйимга етолмайман. Ақлим бовар қилмаяпти. Маҳаллада бир қориндан талашиб-тортишиб тушган эгизаклар бор. Бўй-басти тенг, чеҳраси ўхшаш аммо дунёқараши, фикрлаши бир-бириникидан фарқли. Шу боис қачон қарама жанжал, уришгани-уришган. Бир ҳовли иккига бўлиниб орага девор тушса тушадики, Ҳасан ё Ҳусан сеники маъқул, демайди иккисиям. Булар эса бир хил. Роботга ўхшайди. Қўғирчоқ. Қаршилар, бетарафлар йўқ, ҳамма рози!

Барибир, баҳслашиш, талашиб-тортишиш бошқа. Ҳаёт шуниси билан қизиқ. Эй, шуям бир нарсани билмаса, гапирмайди деб, оз бўлсаям фикрлайди-да одам. Бўлмаса ҳамма нарса сохталашиб кетади. Ҳудди “yes қиламиз”лар мамлакатига ўхшаб.

Бир аҳволда қайтганман ўшанда уйга. Бугун эрталаб ишга келаётиб шуни эсладим. Эрталабки хаёл бошқача-да!

Комментариев нет:

Отправить комментарий