понедельник, 2 октября 2017 г.

ОДИЛОВНИНГ ҚИШЛОҒИ

Аҳмаджон Одиловнинг вафоти ҳақидаги хабарни уйга қайтаётиб ўқидим. Беихтиёр беғубор болалик хотиралари ёдимга тушди...



Ғурумсарой – онам туғилиб ўсган қишлоқ. Мактабда сўнгги қўнғироқ чалиниши билан довоннинг у ёғига ошиққанмиз. Ҳайдовчига айтиладиган манзил миямга муҳрланиб қолган: Одиловнинг қишлоғи! Ғалла ўримини бошлаб, ерёнғоқни кавлаб қайтардик. Каналда чўмилавериб лабларимиз кўкарган. Кенжа тоғам бизни “шаҳарлик олифталар” дерди ва асосан далада ишлатарди. Кун бўйи ариқ очардик, картошка кавлардик, буғдойни тегирмонда оқлатиб келардик, мол боқардик, тандирдан янги узилган кулчани ҳовли этагидаги ариққа оқизиб ердик, мева териб пайшанба бозорида сотардик, кечки овқатни ошқозонга жойлаб кўча кезардик. Айни Обинавотга маза кирганида навбат билан даштдаги капада тунаб қолардик. Ижнинг узлуксиз сигнали биз учун чинакам байрам эди: икки лимонат шишаси эвазига битта музқаймоқ!

Юлдузли тунларда ғурумсаройлик акалар турли воқеаларни гапириб берган. Хусусан, Мараймамат домланинг сувни оёғи билан тўсиб, китоб ўқиб ўтирган дев ҳақидаги ҳикоясидан ларзага тушганман, Соли тоғамнинг тунда ёзилгани чиқиб, жинлар базми “қурбони бўлгани” ҳақидаги воқеага чиппа-чин ишонганман, Даврон боксёрнинг қор одам билан муштлашгани ва ер тишлатганини эшитиб тан берворганман. Ҳозир шуларнинг ҳар бирига тўхталсам тугатолмайман. Бордию китоб қилинса, бай-бай-бай, ўзбек адабиёти тарихида ҳали кузатилмаган ноёб “напряженные фантастика” бўлса керак-ов!

Тоғамнинг далалари шундоққина катта йўлнинг бўйида эди. Узоқдан бир уй кўриниб турарди. Бувамдан қизиқиб сўраганимда (оҳиратлари обод бўлсин) Одиловнинг уйи эканини айтган. Бунгача у киши ҳақида қишлоқ болаларидан мол боқаётганда кўп эшитганман. Одамлар орасида ҳар хил яхши-ёмон гаплар юрарди. Тасаввуримда салбий одам тимсолида гавдаланган. Лекин ҳаётда сира кўрмаганман. Бувамнинг айтишича, бу одамларнинг уйдирмаси, ҳамма гапгаям ишониб бўлмас экан. Одилов яхши одам бўлган, қўл остидагилари қора ишларни унинг номидан қилган. Мен масалан, шунча йил яшаб ундан ёмонлик кўрмаганман, тағин ким билади, деганди бувам...

Хўп ажойиб дамлар эди. Қишлоқ манзараси ҳам бутунлай бошқача бўлган: пана-пастқам уйлар, эгри-бугри йўллар, чанг кўчалар... ҳудди моҳир мусаввирлар тасвирлагани каби чинакам қишлоқ. Бугун булардан асар ҳам қолмаган. Ҳаммаси ортда – болалик билан қолиб кетди...

Хаёл билан уйга етиб келганимни сезмабман. Онам телевизор кўриб ўтирган экан. Ҳалиги хабарни... эшитибдилар. Телевизорнинг овозини пайсайтириб, Одилов яхши одам эди, дедилар, холос. Бу гапни ғурумсаройликларнинг кўпидан эшитганман. Ўтганлар ортидан ҳамиша яхши гаплар гапирилади. Яхши ном билан хотирланади.

1 комментарий: