пятница, 18 августа 2017 г.

ЯХШИЯМ СИЗДА ҚУРОЛ ЭРКИНЛИГИ ЙЎҚ!

Байрам Айтмуродов

Айрим “ҳамкасблар”имизга икки оғиз сўз


Ҳозирда оммавий ахборот воситаларида жонланиш кузатилганидан ҳаммамизнинг хабаримиз бор. Матбуот, интернет сайтлари, телевидение ва радиоларда таҳлилий, танқидий материалларга ўрин ажратила бошлади. Ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаоллашув, жамиятимиздаги кўпгина камчиликларни, муаммоларни ўртага ташлаш, халқни, одамларни қийнаб келаётган саволларга жавоб излашга ОАВ ходимлари ўзларида куч топа олди. Ҳа, айнан ўзларида! Бу яхши, албатта! Зеро, олийгоҳда таҳсил олиб юрган кезларимиз бот-бот уқтирилган "журналист ҳукумат билан халқ ўртасида кўприк, жамиятнинг кўзгуси бўлиши керак" деган гапларга энди-энди амал қилиб келаётганимиз бор гап. Лекин, соҳага берилган бу эркинлик биз журналистларга қандай таъсир қилди?




Шуни таъкидлаш керак, эркинлик – аввало масъулиятдир. Эркин эканман, нимани истасам, шуни айтар эканман, деб, "танқидий мулоҳаза" ниқоби остига бўлар-бўлмас фисқу фасод гапларни, ғийбату бўҳтонларни қаторлаштириб ташлаш – бу журналистика эмас. Бу соҳада ҳиссиётларга берилишга, бировларни куракда турмайдиган гаплар билан ҳақорат қилишга-ку асло йўл қўйиб бўлмайди.

"Келинлар қўзғолони" фильмида яхши гап бор. Адашмасам, "Озодликка чиққан шарқ аёллари, энди ҳокимият тепасига интилмоқда!" дейди қаҳрамонлардан бири. Кейинги пайтларда баъзи ОАВ ва ижтимоий тармоқларда (ҳозир ижтимоий тармоқлар ҳам ахборот олиш манбаи бўлиб қолди, шекилли. Бўлмаса, қанчадан-қанча сайтлар ана шу тармоқларга асосланиб материал узатмас эди) кузатганимиз, айрим "ҳамкасб"ларимизнинг "жонланиб" қолаётгани, қатор-қатор "танқидий мақолалар"ни тизиб ташлаётгани юқоридаги гапни эслатиб юборяпти. Ҳа, уларнинг "чуқур танқидий мулоҳазалари" ғийбатчи хотинларнинг висир-висиридан бошқа ҳеч нарса эмас.

Кўпчилик "танқид" ниқоби остида, ошкоралик, жамиятдаги муаммоларни ёритиш, адолатни тиклаш, ҳақиқатни айтиш баҳонаси билан ўзининг бошидан кечирганларини, қаердадир навбатда узоқроқ туриб қолиб, ё анча сарсон бўлиб, қимматли асабию вақти кетганини, соҳада ташкил этиладиган айрим танловларда бошқалар еб, ўзи қуруқ қолганини баён қилди. Камига "менга-ки шундай қилса, оддий халққа нима қилар экан бу ...лар?!" (сен шу халқнинг вакили эмасмисан, ундан қаеринг ортиқ?), "ёки, мендай жонкуярга мукофот-пукофоти керак эмас, мукофотни "ўшалар" олаверсин! (аслида, "нега менга беришмади!" деган нолиш садолари жаранглаб турибди)" каби иддаоларни қистириб ўтишни ҳам унутишмади. Тўғри, айрим ташкилотлардаги сансоларлик, ҳужжатбозлик, бюрократизм, коррупция сингари салбий иллатларни ёзиш, кўрсатиш яхши. Лекин, кечириб қўясиз, бундай вазиятлар билан боғлиқ муаммою ташвишлар фақат ўзингизнинг қора бошингизга тушгандагина қалам (яъни қурол)ини ишга солиш – юмшоқ қилиб айтганда касб этикасига тўғри келмайди.

Тан олиш керак, бу борада ҳақиқий фидойи ҳамкасбларимиз, устозларимиз, тенгқурларимиз кўп. Улар халқ ташвишини ўзининг ташвиши, деб билади, халқ қувончидан икки карра севинади. Лекин, манаман деган қаллоблардан ўтиб тушадиган, аслида сўзи бошқаю, дили бошқа, ёзаётган мақоласи бошқаю, нияти бошқа ҳамкасбларимиз ҳам бор экан. Уларни на халқнинг ташвиши, на жамиятдаги муаммо ва на Ватан равнақи қизиқтиради. Улар фақат ўз манфаатини, кимларнингдир назарига тушишни ёки соҳа ходимлари орасида обрў орттиришни кўзлаб, жиллақурса "Кўриб қўйларинг! Танқид қилиш мана бундай бўлибди!" дея ўзларини кўрсатиш илинжида "тунлари бедор бўлиб, қалам тебратишган"и яққол сезилиб туради.

Танқид – келажак меваси, деймиз, танқид бор жойда ўсиш, ривожланиш бўлади, деймиз. Кейинги пайтда кўпгина ОАВ шунга амал қилиб, ўз саҳифаларини қатор танқидий, таҳлилий материаллар билан бойитиб бораётгани ва бу ўз навбатида яхши эффект бераётганини кўриб турибмиз. Лекин, айрим нўноқ ҳамкасблар”имиз бирёқлама, ўта қашшоқ нуқтаи назарини бошқаларга сингдиришга уринмоқда. Ахборот минбарида туриб олиб, ҳайқирганча халқни ўзига қаратишга, шу билан сохта обрў орттиришга интилаётгани ҳам сир эмас. Менинг танқид борасида ўз қарашларим бор: бирор нарсани танқид қилдингми, камчилигини топдингми, уни тўғирлаш йўлларини ҳам бил, керак бўлса, ўргат. Таклифлар бер, фикрлаш. Бу балки кимгадир ёқмас, лекин мен шундай ўйлайман.

Сўнгги пайтларда ОАВ ходимлари бир-бирининг устидан кулишни, бир-бирига тош отишни урф қилиб олди. Улар учун энди бошқа мавзу қолмади, гўё. Ҳақиқий танқид учун уларда на ҳафсала, на истак бор. Чунки, гап бошқа, дард бошқа. Ахир улар танқид, деганда бошқа нарсани тушунмайди-ку, фақат кимнингдир суягини синдириб, илигини сўришни билади.

Боболардан қолган "Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди", дегич гаплар бўларди. Лекин, қорин ғамида, манфаат ғамида бутининг орасини ҳам чўқиб, еб қўйишдан тоймайдиганлардан яна нима ҳам кутардингиз? Шуларга қараб туриб, яхшиям сизларда фақат сўз эркинлиги бор, қурол эркинлиги йўқ, дегингиз келади. Худо кўрсатмасин, шундай бўлганда борми, бир-бирингизни аллақачон гумдон қилардингиз. Бошқа ОАВларни маддоҳликда, қўрқоқликда айблаб, ўзининг "ботир", "мард" эканини қайта-қайта такрорлаб, бунинг исботи учун сийқа, хом-хатала алжирашларини ижтимоий тармоғидаги саҳифасидами ё дарвозасиз карвонсарой бўлиб ётган айрим сайтларда эълон қилиш – журналистика, дегани эмас.

Аслида, ким қандай ижод қилишидан қатъий назар, аввало, қалби пок, кўнгли тоза бўлиши керак. Сиз юртингизни мадҳ этасизми, ё унинг муаммоларини санайсизми, аввало, буни ҳолис, ҳеч нарсадан умидвор ё манфаатдор бўлмасдан қилиш керак. (ҳатто, мақолангизни ўқувчи ва унга “лайк” босувчилар сони билан ҳам қизиқмаган ҳолда. Агар, танқидий мақола ёзишдан ният шу бўлса, унда кечириб қўясиз, демак сиз, аввало, ўз манфаатингизни ўйлаяпсиз!) Олтин қоида бу – Ватанни, юртни чин дилдан севиш керак. Вассалом!

Комментариев нет:

Отправить комментарий