вторник, 28 июня 2016 г.

ТИНЧ ОКЕАНИДАН АТЛАНТИКАГАЧА

    Илгари поездларимиз юк ва йўловчи ташишда қўшни давлатлар ҳудудини кесиб ўтган, бу ортиқча чиқимдан ташқари турли сансалорлигу асаббузарликлар, вақт йўқотишга олиб келган. Янги темир йўллар қуриш, ягона темир йўл тизими барпо этиш дунё океанига чиқадиган денгиз, халқаро транзит йўлларидан олисда ва четда бўлган Ўзбекистонимиз учун ҳаётий зарурат эди.



  Президентимиз Ислом Каримов Ватанимиз истиқлолининг дастлабки йиллариданоқ яхлит ва ягона темир йўл тизимини яратиш ғоясини илгари сурди. Амударё узра автомобиль ва темир йўл қатнови учун мўлжалланган замонавий кўприкни ўз ичига олган Навоий-Учқудуқ-Нукус-Султон Увайстоғ темир йўлининг барпо этилиши бу борадаги дастлабки қадам бўлди.

       Кейинроқ, Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линияси ишга туширилди. Ушбу бунёдкорлик иншооти мамлакатимизда ягона миллий темир йўл тизимини яратишнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.


     Катта истиқболга эга бўлган муҳим лойиҳа, транспорт-коммуникация соҳасидаги яна бир йирик иншоот – Ангрен-Поп йўналишидаги янги электрлаштирилган темир йўл тармоғининг қурилиши яхлит темир йўл тизимини яратиш борасидаги ишларни ниҳоясига етказди.

       2016 йилнинг 22 июнь куни узунлиги 123,1 километр бўлган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ва 19,2 километрлик Қамчиқ туннели муддатидан олдин – 32 ойда қуриб битказилди.


 
Бунёдкорлик ишларида “China Railway Tunnel Group” компаниясининг мингдан зиёд ишчи-мутахассислари, уч мингдан зиёд темирйўлчиларимиз, уч юздан ортиқ электрмонтажчи иштирок этди.
Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли мамлакатимиз тараққиёти ва фаровонлигининг янада юксалишида алоҳида аҳамият касб этади. Буни мутахассисларнинг қуйидаги таҳлиллари ҳам тасдиқлайди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур темир йўл орқали шу йилнинг ўзида 600 минг йўловчига хизмат кўрсатиш мумкин. Қурилиш даврида 4 минг киши иш билан таъминланган бўлса, темир йўлдан доимий фойдаланила бошлагач, яна 1,5 минг янги иш ўрни яратилади.


     Хитойни Марказий Осиё ва Европа билан боғлайдиган ушбу йўл савдо ва иқтисодий алоқалар янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади.

    Йўл ўтган манзил тараққиёт, юксалиш сари юз буради. Ангрен – Поп электрлаштирилган темир йўли бўйида ястанган кенг ҳудудларнинг ривожланишида, шу заминда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг ҳаёти янада обод бўлишида бу муҳим коммуникация воситаси алоҳида ўрин тутади.

      Аҳолининг узоғи яқин, оғири енгил бўлади. Темир йўл транспорти тизимида, унинг корхона ва ташкилотларида янги иш ўринлари очилади. Янги темир йўл туфайли мазкур ҳудуд аҳолиси фаровонлиги юксалади, буни ҳар бир оила, ҳар бир инсон ўз ҳаёти мисолида яққол ҳис этади.

 
 22.06.2016
Ангрен-Поп

Комментариев нет:

Отправить комментарий