среда, 15 июня 2016 г.

ИСТЕЪДОД ВАҚТ БИЛАН ҲИСОБЛАШМАЙДИ


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ 25 ЙИЛЛИГИГА

Публицистика

  Бир одамнинг орзуси”... Шоҳрух бу куйни аввал ҳам эшитган, кўп эшитган. Лекин ҳеч қачон ҳозиргидек таъсирланмаган. Одатдагидек, дарҳол ижрога қўшилди, куйни хиргойи қилди. Шундай қилмаса, кўнгли жойига тушмайди, юрак ҳовури босилмайди. Машинадан тушибоқ қадамини тезлатди.

  Мактабнинг мўъжазгина концертлар залидаги фортепьяно тилга кирди. Клавиш гўё инграр, гоҳ ҳазин, гоҳ баланд пардада нола қиларди. Гоҳо нафаси эшитилмай қолар, лекин залнинг саҳни кенг, девори қалин, шифти баланд бўлгани боис ноласи зириллаб турарди. Мусиқа гўё изтироб чекаётган инсоннинг сўнмас орзу-умидлари ҳақида сўйлар, тингловчи юрагига секин-аста сирғалиб кириб борар ва пардасини йиртиб юборгудай бўларди.

  Шоҳрух ўзини тамоман йўқотиб қўйди. Шу лаҳзада у мусиқани эмас, мусиқа уни бошқарарди гўё. Хаёл кўзлари билан умрида бўлмаган жойларни яна кўра бошлади: ана, бутун заминни ўраб олган баланд-паст тоғлар. Учи булутларни ёриб осмонга бўй чўзган дарахтлар, қалин ўрмон... Совуқдан эт жунжикади. Олисдан аллақандай шуъла элас-элас кўзга ташланади. Чамаси ўттиз ёшлардаги кишининг юришга мажоли етмайди. Силласи қуриган. Ўзини жуда ҳорғин, худди шишиб кетгандай ҳис қилади. Бор кучини тўплаб ўша ёруғлик томон қадам ташлайди. Атрофда ҳеч зоғ йўқ. Шамол “ув”иллайди, “ғув”иллайди. Кўксига ханжардай санчилади. Юзлари совуқнинг зўридан қотиб кетган, кўкимтир тусга кирган. Энди лоақал кўзини очишга ҳам қуввати етмайди. “Гурс” этиб, ерга қулайди.

  Қўли кучга, бели қувватга тўлган бу кишини тақдир қаёқларга олиб кетмоқда? Наҳот бу ёруғ дунёда кўрганлари шу бўлса? Орзу-умидларига етолмаса? У ишонган, талпинган шуъла сароб бўлиб чиқса? Умрининг охирига қадар шу ерларда қолиб кетса-я?.. Саволлар кўп. Жавобини ким билади? 

  Юзтубан ётган кишининг кўз ўнгида рафиқасининг жилмайиб турган гўзал чеҳраси намоён бўлади. Ҳовлида шаталоқ отиб юрган фарзандларининг қувноқ кулгуси қулоғига чалинади. Уйдан “қишлик олиб келаман”, деб чиқиб кетганига ҳам бир ойдан ошди. Айни пайтда унинг ягона орзуси – оиласи бағрига қайтиш. Аммо қачон қайтади, қандай қилиб қайтади? Буни ҳеч ким билмайди. Унинг қисмати оғир, манзили йироқ. Жуда йироқ...

  Куй она заминнинг аллақайси бурчагида содир бўлган ана шу воқеанинг ғам-ғуссалари ҳақида сўзламоқчи бўлади. Лекин гапиролмай, йиғлайди. Бу ғамни ҳатто фортепьяно клавишлари ҳам кўтаролмай ўпкаси тўлиб кетади. Инграб, чийиллаб йиғлайди.

  Мусиқа оҳанги ўзгаради. Гўё чангаллаб олган юракни оҳиста қўйиб юборади. Оиласи томон талпинган кишининг танасига ғойибдан илоҳий бир куч инади. Ўрнидан туриб йўлида давом этади. Қаршисида отлиқ кўринади. Юзига табассум югуриб, уларга пешвоз чиқади... 
 
  Шоҳрухнинг бармоқлари фортепьяно клавишидан узилади...


  Кўнгил хуш оҳангдан қувват, руҳ эса хуш овоздан озиқ олади. Фаҳм-фаросатли созанданинг ёқимли ижроси ҳатто тошкўнгил одамни ҳам мафтун қилади, деб ёзади Алишер Навоий. Рост. Қаранг, “Бир кишининг орзуси”га шу қадар берилиб кетганимиздан залнинг тўлганини ҳам сезмай қолибмиз. Мактаб директори Аъзам Холмуҳамедов Шоҳрухнинг бу ўзбошимчалигини “жазолади”: Грециялик машҳур бастакор Янни Хриссомалис репертуаридаги шундай куйлардан яна биронтасини чалиб беришини талаб қилди. Чунки Шоҳрух қўшимча машғулотларни тўхтатиб қўйган эди-да!..

  Дарвоқе, Шоҳрух Тошкент вилояти Қибрай тумани Арғин қишлоғидаги 10-умумтаълим мактабида ўқийди, дарсдан бўш вақтида Дўрмон қишлоғидаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабида мусиқа бўйича сабоқ олади.

  Мактаб директори Аъзам акадан интервью олиш учун намунали ўқувчилардан тавсия этишни сўраганимизда, бундай ёшлар кўплиги, лекин Шоҳрух тенгқурларидан ажралиб туришини ғурур билан таъкидлади – Шоҳрухнинг зеҳни ўткир, хотираси кучли. Илгари ҳеч қачон эшитмаган бирор мусиқани қўйиб беринг, хоҳ у скрипкада, гитара ёки ўзимизнинг рубобда бўлсин, фарқи йўқ, ноталарини ёддан билмаса-да, фортепьянода бемалол ижро этиб кетаверади.

  Рости, 12 ёшли болакайнинг бундай иқтидорига бироз шубҳа ҳам қилганмиз. Ишонч ҳосил қилиш учун Султон Алининг “Севиш” куйини эшиттириб, ижро этиб беришини сўраганмиз. Жаранглатиб чалиб берган.

  Икки йил олдин Италияда фортепьяно бўйича ўтган халқаро танловда Шоҳрух Бахтиёров учинчи ўринни эгаллаган эди.

  Ўтган қисқа вақтда Шоҳрух мамлакатимиз ва қатор хорижий давлатларда ўтказилган нуфузли танловлар, хусусан, Париж шаҳрида бўлиб ўтган халқаро танлов ғолиби бўлишга улгурди.

  Бугун Шоҳрух сингари ўзининг ақл-заковати, билим-тафаккури, ғайрат-шижоати ва, энг муҳими, тоғдек таянчи – Ватанига, халқига суяниб, маррани баланд олиб яшаётган ёшлар барча соҳаларда жуда кўп. Масалан, шахмат бўйича халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлган биринчи ўзбек қизи Нафиса Мўминова, бир мусобақада бир йўла учта олтин медални қўлга киритиб, ўзининг ноёб истеъдоди билан мухлису мутахассисларни ҳайратга солган, шахмат бўйича жаҳон чемпиони Исломбек Синдоров, математика осмонида ўз фазосига эга Олимжон Эшматов, янги минерал кашф этиб, жаҳон минералларни номлаш ассоциацияси томонидан тан олинган Эркин Эгамбердиев...

  Ўзбекистон замини азалдан истеъдодларга бой бўлган. Буни кўҳна тарих бот-бот исботлайди. Фақат собиқ мустабид тузум даври бундан истисно. Нега? Нима, асрлар давомида жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, Беруний, Ибн Сино, Ал-Хоразмий каби ўнлаб алломалар, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди сингари буюк саркардаларни тарбиялаган халқ бирданига истеъдодсиз бўлиб қолдими? Йўқ, албатта. Бунинг маълум сабаблари бор.

  Булбул қафасда сайрамайди. Ёмғир билан қуёш нури уйғунлашмаса, камалак ёғду сочмайди. Дарёга қўшилмаган ирмоқ денгизга етиб бормайди. Офтоб кўрмаган ниҳол кўкка бўй чўзмайди... Инсон ҳам шундай: озод бўлсагина буюк мақсадлар билан яшайди, тараққиёт билан ҳамқадам бўлади. Бунинг устига, Президентимиз айтганидек, парвоз учун зарур майдон, қанот бўлса-чи?! Ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, санъат, спорт ва бошқа соҳаларда истеъдодлар ҳаммани ҳайратга солиб юзага чиқаверади. Ғолиблар, чемпионлар етишаверади.
 
  Мамлакатимизда мустақиллик йилларида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилди. Уларни номма-ном санашнинг, ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтишнинг иложи йўқ. Ўзимизга ғурур бағишлаб, бошқаларнинг ҳавасу ҳайратини тортаётган оламшумул ютуқларимизни халқимиз яхши билади, жаҳон ҳамжамияти кенг эътироф этмоқда.

  “Баракалла, офарин, қойил!..”

  Ўқувчилар, ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳайқириғи хаёлларимизни тўзғитиб юборди. Бу вақтга келиб Шоҳрух нафақат Янни, балки Моцартнинг 28-концерти, Шостаковичнинг еттинчи симфониясини ва Бах, Чайковский сингари буюк композиторларнинг асарларидан намуналар ижро этиб бўлганди. Азбаройи қизишиб кетганимиздан унинг олдига бориб, Хаваси Балашнинг “Бўрон” куйини чалиб беришини сўрадик.

  Шоҳрухнинг нозик бармоқлари фортепьяно клавиши устида капалакдай нафис ҳаракатлана бошлади. Кўз олдимизда чексиз уммон, мовий ранг сув устида номигагина тебраниб сузаётган кема гавдаланади. Мусиқа мароми секин-аста тезлашади. Бирдан осмонни қора булут қоплайди. Кучли шамол туради. Айни пайтда мусиқачининг қайси бармоғи қайси клавишни босаётганини билиб бўлмайди. Унинг, айниқса, чап қўли у ердан бу ерга шу қадар чаққон бориб келяптики... Бўрон бошланди. Сув тўлқинлари аввал қир, кейин маҳобатли тоғдай кўтарилиб кема бортига урилади. Штурвални тутган дарға бошқарувни йўқотади. Елканлар узилади, мачта қулайди. Узоқ вақтдан кейин бўрон тинади. Кемадагилар омон қолганига шукр қилади.

  Шоҳрух ўрнидан туриб, бармоқларини уқалаганча биз томон келди. Бироз ўтирдик. Ундан, бундан суҳбатлашдик. Ҳали ёш бўлишига қарамай бундай ютуқларга қандай эришганини сўраймиз. “Билмадим”, дегандай елка қисади.

  Унинг тим қора, ёниб турган кўзларига қараб, файласуфлар Истеъдод вақт билан ҳисоблашмайди, деганида нақадар ҳақ фикрни айтганига амин бўласан киши.

2016 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий