вторник, 10 декабря 2019 г.

БАСТАКОР

...Рамзий сағана яқинида турган машҳур бастакор Мутал Бурҳонов маржон бўлиб оқаётган кўз ёши билан гоҳ Ислом Каримовга, гоҳ мажмуага, гоҳ рамзий қабрга қарайди. Унинг акаси, икки амакиси ва поччаси  қатағон қурбонлари бўлган...


“Мафтунингман” фильми қарийб олтмиш йилдирки, экранларимиздан тушмайди. Фильмнинг яшовчанлигига сабаблардан бири ундаги дилкаш қўшиқлардир. “Дўппи тикдим”, “Мафтун бўлдим” сингари ашулалар ҳаммамизга ёд бўлиб кетган.

Бу қўшиқлар куйини халқимизнинг буюк композитори Мутал Бурҳонов яратган. Табиатан оддий ва камтарин бўлган композитор ўзбек мусиқаси ривожига салмоқли ҳисса қўшган, уни янги жанрлар билан бойитган. Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев билан суҳбатимиз Мутал Бурҳонов ҳаёти ва ижоди ҳақида бўлди.

Рустам ака жавонга териб қўйилган китоблардан бир нечтасини олиб қўлимга тутқазди – бастакор яратган мусиқалар жамланмаси. Ўзи дераза ёнидаги фортепьянода беназир истеъдод соҳибининг бой ижодий меросидан намуналар ижро этишга киришди.

Бу мусиқаларнинг аксарияти таниш. Жуда кўп эшитганмиз. Лекин ҳар сафар тинглаганимизда қалбимизда аллақандай туйғулар туғён қилади. Ана шу исмсиз туйғуларга ном топишга уринамиз. Уринамиз-у...  юракларимиз баттар орзиқиб кетаверади.

– Мутал Бурҳоновнинг маҳорати ҳам шунда, – деди Рустам ака гўё ботинимда бош кўтарган ғалаённи сезгандай. – Қаердадир ўқигандим: ёзувчи ўқувчини ишонтириш учун унга аввало ўзи ишониши, йиғлатиш учун йиғлаши, кулдириш учун кулиши керак. Юракдан чиқарса, юракка боради. Худди шундай, Мутал ака ҳам наинки мусиқани, ҳар бир нотани юракдан чиқариб ижро этарди. У кишининг қўшиқ ва романслари, симфоник ва вокал-симфоник асарлари, саҳна ҳамда кино мусиқалари тингловчининг қалбига кириб боради.

Рустам Абдуллаев бизга бу нодир истеъдод соҳиби ўзининг баркамол ва жозибали асарлари билан юртимизни дунёга танитгани, оригинал, миллий асарлари билан бошқалардан ажралиб туриши хусусида эшитган, кўрган, билганларини сўзлаб берди. Гапнинг буёғини уларнинг ўзидан эшитинг:

– Мутал ака билан, янглишмасам, йигирма ёшимда танишганман. Ўшанда у киши аллақачон моҳир композитор сифатида танилган эди. 

Мутал ака иштирокидаги концертни томоша қилиш ёки репетиция жараёнини кузатиш кишига олам-олам завқ бағишларди. Бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Ўша йилларда симфоник оркестр жамоаларидан бири қандайдир йирик тадбирга тайёргарлик кўраётган экан. Оркестрга бош – Мутал ака. Мусиқа муаллифи ҳам ўзи. Ҳар бир созанда ва у чалаётган куй бастакорнинг эътиборидан четда эмас. У кимнинг ижросидан мамнун бўлса, бошини ўша томонга қаратиб “баракалла”, дегандай эгиб қўярди. Дилхун бўлса, дарров тўхтатар, хатосини айтиб тузаттирар ва келган жойидан давом эттирарди. Шу тариқа мусиқа маромига етмагунча такрор-такрор ижро этилди. Ниҳоят, мусиқа Мутал ака истаганидай чалинди. Буни жамоага билдириб, ҳар эҳтимолга қарши яна бир бор ижро этишни таклиф қилди. Мусиқа бошланди. Бир парда кўтарилди. Финал қисмида доирачилардан бири “қовун туширди”, денг. Битта “бум”ни ортиқча уриб юборибди. “Бум” дегани доиранинг ўртасига уриладиган зарб, “бак” эса остига уриладиган зарб бўлиб, ҳар қайси куйда уларнинг миқдори қатъий белгиланган бўлади. Бастакор доирачининг бир зарбни ортиқча урганига чидаёлмай тутақиб кетади: “Бум” йўқ эди-ку, бу ерда!”... Шу тариқа у киши ўта қаттиққўл, талабчан устоз, жонсарак ижодкор сифатида таассурот қолдирган. 

Мутал Бурҳоновнинг истеъдоди билан бирга, маънавий-ахлоқий фазилатлари ҳам юксалишида у вояга етган муҳит, зиёлилар билан яқин муносабатда бўлгани асқотган. Буни унинг ўзи ҳам эътироф этган. Бастакор болалик хотираларини эслар экан, Фитратни яқиндан билганини, унинг уйига тез-тез бориб турганини айтади.

Фитратнинг уйи Мутал ака учун катта бир дорилфунун бўлган. Бу уйда у Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон билан учрашган, Шарқ мусиқасининг ҳақиқий гўзаллигини кашф этган, унинг бениҳоя рангларга бой, битмас-туганмас бир хазина эканига ишонч ҳосил қилган. Бухоро, Самарқанд, Фарғона, Тошкентнинг машҳур хонандалари, созандалари ва мусиқашунослари билан учрашиб, улардан кўп нарса ўрганган.

Дастлаб, амакиси Мукаммил Бурҳоновдан (дарвоқе, устознинг тўлиқ исми Мутаваккил), кейин машҳур танбурчи Ота Ғиёс Абдуғанидан танбур чертишни ўрганган. Мутал ака ноёб истеъдод эгаси эди. Буни Самарқанддаги Ўзбекистон мусиқа ва хореография институтидаги Ота Жалол Носиров, Абдуқодир Исмоилов, Абдураҳмон Умаров сингари кўплаб устозлар дарҳол сезган ва у билан жиддий ишлай бошлашган.

Эҳтимол, унинг онгу шуурига: “Даҳо – бу 99 фоиз меҳнат, бир фоиз истеъдоддан иборат. Агар сен ўз устингда мунтазам ишлашни давом эттирмасанг, унда Аллоҳ инъом этган иқтидор ҳам сенга ёрдам беролмайди, ўз-ўзидан сўнади. Сенда мақсадга эришишнинг икки муҳим қирраси мужассам: бу – интизом ва қатъиятдир. Шуни маҳкам тут”, деб сингдиргандир.

Сингдиргани аниқ, бўлмаса “Эй, булбул”, “Ишқ ўти”, “Гул диёрим”, “Гўзал Фарғона”, “Ватан қўшиғи”, “Табассум қилмадинг”, “Юрак садоси”, “Келса ногоҳ...”, “Нега тарк этдинг”, “Унутмас мени боғим”, “Шоир орзуси”, “Баҳор қушлари” сингари романс, қўшиқлар, яккахон ва симфоник оркестр учун баллада, романс-поэма, вокал-симфоник поэмаларни яратмаган бўларди.

Мутал Бурҳонов биринчилардан бўлиб “Гўзал қизга”, “Ёрларим”, “Сари кўҳи баланд”, “Заррагул”, “Бибигул”, “Айрилиқ”, “Сайра”, “Дударай”, “Чашми сиёҳ”, “Гули гандум”, “Дамкул-дамкул” каби ўзбек, қорақалпоқ, уйғур, қозоқ, афғон, тожик, эрон халқ қўшиқларини акапелла хори учун мослаштириб, мураккаб ижодий масалани муваффақиятли еча олди.

Устознинг ички дунёси жуда мураккаб эди. Гоҳ қувноқ, гоҳ ғамнок эди. Агар синчиклаб ўргансангиз, асарларининг аксариятида мунг устун эканига амин бўласиз. Бунинг сабаби ўша даврларда яқинларидан эрта жудо бўлгани, руҳан эзилганида бўлса керак, деб ўйлайман.

Биласизми, ўша кезларда классик мерос, яъни мақомни эъзозлаш эмас, таҳқирлаш, тепкилаб йўқотиш авж олган эди. Бунга Мутал ака биринчилардан бўлиб қарши чиққан. Бу бой меросни ҳар томонлама асраб-авайлаш, келажак авлодга бус-бутун етказиш учун кўп иш қилган. Шундай шароитда бу чинакам жасорат намунаси эди. Эҳтимол, айнан шу сабаб классик мусиқамизнинг муҳим бир қисми келажак авлодлар учун сақлаб қолинган.

Бастакорнинг бу иши ўша давр раҳбарларига ёқмайди. Бир баҳона топиб, номини булғамоқчи бўлишади. Бўлар-бўлмас гаплар тарқатишади, туҳмат уюштиришади, турли уқубатларга гирифтор қилишади. Лекин ҳар қанча уринишмасин, метин иродасини синдира олмайди. “Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди” деб ўзига далда беради, ижод қилади ва ҳақиқат юзага чиқади.

Мутал ака ижодининг асосий қисмини вокал мусиқаси ташкил этади. Лекин композиторнинг бадиий сўз устаси, солист, аралаш хор ва катта симфоник оркестр учун яратган “Алишер Навоийга” поэма-қасидасини алоҳида таъкидлашни истардим. Бу ҳақиқий  дурдона!

Менда шу асарнинг диски бор. Оригинал варианти. Истасангиз, қўйиб бераман. 

Ўша йиллари театрда Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий”  драмаси саҳнага қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти  Зикир Муҳаммаджонов шундай ёзган:

“Алишер Навоий” спектаклига композиторимиз Мутал Бурҳонов куй ёзган. Мусиқа ўша замон муҳитини тўла тасаввур эта олиш имкониятини беради. Айниқса, шу спектакль учун ёзилган ва ҳали парда очилмасдан оркестр томонидан ижро этиладиган куйда томошабинларни ўша давр ҳаётига олиб кирадиган шундай жозибали оҳанглар мавжуд эдики, ўз-ўзидан парда очилиши билан ўтирганлар саҳнада пайдо бўлган воқеалар ичига кириб кетарди. Айниқса, Мўмин Мирзо ўлими муносабати билан бошланган мотам кунида қора либос кийган кишилар пайдо бўлганида мумтоз куйлар жаранглаб, унга мақомнинг энг юқори пардаларидаги ашулалар жўр бўлиб турар эди”.

...Ватанимиз мустақилликка эришгач, давлатимизнинг миллий рамзларини яратишга киришилди. Мадҳиямиз учун танлов эълон қилинди. Танловда Мутал Бурҳонов мусиқаси ғолиб бўлди!

Мутал ака истиқлол йилларида ҳам самарали ижод қилди. “Ширу шакар”, “Ватан бизга меҳрибон”, “Бухорои шариф” сингари бири иккинчисини такрорламас болалар хори, акапелла хори учун қўшиқларга мусиқалар ёзди.

Мутал Бурҳоновнинг миллий мусиқа санъати, маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси муносиб тақдирланди. “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланди.

Бу йил ана шундай буюк композитор Мутал Бурҳонов таваллудига 100 йил тўлади. Шу муносабат билан бир қатор ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда бастакорлар, санъаткорлар, адиблар ва олимлар иштирокида Мутал Бурҳонов ижодига бағишланган илмий-амалий конференция, учрашувлар, бадиий-маърифий кечалар, анжуманлар ташкил этилмоқда.

Бастакорнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган фото кўргазма, санъат, маданият коллежлари ва академик лицей ўқувчилари ўртасида танлов ўтказилиши мўлжалланган.

* * *
Инсон умри охирлаб қолганида босиб ўтган йўлига қарайди. Ўзига ўзи ҳисоб беради. Шунда яшаган умри бор бўй-басти билан кўз ўнгида намоён бўлади. Чинакам ижод кишиси буни ўз асарига кўчиришга интилади. 

Стол устидаги Мутал Бурҳонов китобларидан бирининг номи эътиборимни тортди – “Абадий хотира”...

Ислом Каримов ташаббуси билан бундан 16 йил аввал Юнусобод туманидаги Бўзсув канали бўйида “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди. Икки мингинчи йил, ўн иккинчи май куни унинг очилиш маросими бўлди. Қарийб 150 йил давом этган мустамлакачилик даврида жафокаш халқимиз бошига тушган оғир савдолар, мусибатли синовлар ҳақида сўз борди. Рамзий сағана яқинида турган машҳур бастакор Мутал Бурҳонов маржон бўлиб оқаётган кўз ёши билан гоҳ Ислом Каримовга, гоҳ мажмуага, гоҳ рамзий қабрга қарайди. Унинг акаси, икки амакиси ва поччаси  қатағон қурбонлари бўлган. М.Бурҳонов умрининг охирларида уларнинг порлоқ хотирасига бағишлаб, “Абадий хотира” реквием-марсиясини яратди. Мутал Бурҳонов мустақил давлатимиз мадҳиясининг муаллифи ва кўплаб бетимсол асарлари билан минг-минглаб санъат ихлосмандлари хотирасида абадий қолди. Унинг асарлари барҳаёт...

2016 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий