четверг, 9 апреля 2020 г.

БАҲОРДА ЕҚҚАН ҚОР

Баҳорнинг қоқ ўртасида ёққан қор ҳар кимга ҳам бирдек маьқул келмади. Масалан Баҳром бундан анча талофат кўрадиган бўлди. Чунки унинг бор йўқ тирикчилик манбаи томорқаси эди. Не-не машаққат билан эккан экини қовжираб қолди. Илк бор ҳосил тугган дарахтлар барги ғужанакка айланди.

Камбағални туя устида ҳам ит қопади. Баҳром бор йиққан-терганини шу томорқани яшнатишга харжлаган эди. Мана энди нима қиларини билмай талмовсираб ўтирибди. Нима қилсаки, рўзғорини ямашга ярагулик озиқ топса...

...Қишлоқ шароити. Бир кун бир йилга тенг. Аксига, аллақандай ўлат тарқаб, дард устига чипқон бўлди. Кўпни кўрган кайвонилар нуқул бир сўзни такрорлайди: бизнинг шароитда бу касалликни енгиш қийин. Унинг давоси инсониятга маьлум эмас. Энг маьқули - карантин.

Қишлоқда яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам тез тарқайди, айниқса ваҳима одамлар қалбини зумда эгаллайди. Биласиз, қишлоқ аҳолиси нисбатан содда ва ишонувчан бўлади. Бўлар-бўлмас гаплар, турли миш-мишлар оралади. Қўрқув исканжасида қолган одамлар ўзини уйига қамади. Бир... беш... ўн кун ўтса ҳамки, бирор ўзгариш йўқ. Қайтага баттар авж олган. Касаллар кўп, тузалган оз. Қурбонлар ҳам бор. Телевизорда уйдан кўчага чиқмаслик, тозаликка риоя қилиш бот-бот такрорланади.

Ётиб еганга тоғ кор қилмайди. Баҳромнинг икки ойга чамалаган емиши бир ойга бормай адо бўлди. Болалари ҳам айни еб тўймайдиган, ишлаб чарчамайдиган паллада. (Ҳа-я, фарзандлардан учта: икки ўғил, бир қиз. Қизи ҳали гўдак, тили энди чиқаяпти. Ўғиллари бўй чўзган.) Лекин қани бир касб бўлсаки, қулоғини тутиб отасининг ёнига кирса. Шу боис ҳар йили Наврўздан кейин бири рус, бири қозоққа бориб ёлланар, куз охирлаганда қайтар, топган-тутганини қишлаб чиқишар эди. Чиндан тарқалган касофат туфайли давлатлар чегарасини ёпди. Четга чиқиш тугул, уйдан заруратсиз ташқарилаш мумкин эмас. Элга келган тўй.

Шундай кунларда эркак кишининг қора кун учун сақлаган бир нимаси бўлиши керак. Баҳром бу фикрга амал қилади. Ҳовли этагидаги бостирмада бултурги ҳосилдан қолган олти қоп ерёнғоқдан икки қопини елкалаб бозор ўралади. Қолгани уруғликка. Кўчада улов йўқ. Дўконлар берк. Идораю корхоналар вақтинча тўхтатилган. Бозорда зарур озиқ-овқатлар оз-моз тортилиб қолган. Борларининг эса нархи нарвонсиз осмонга чиқиб кетган.

Пистачи холаларнинг шивир-шивири қулоққа чалинади: эмишки, туман захираси бўшаган, ҳоким марказдан ёрдам сўраган, масала тез орада ҳал бўлар экан. Агар бу гаплар рост бўлса, ҳа демай қахатчилик йўқолиб ҳаммаси ўз изига тушади. Рост бўлсин!

Баҳром ерёнғоқнинг ярим пулига кўчат олди, қолганига рўзғорлик қилди. Икки ўғли билан томорқага обдон ишлов берди. Ариқ очиб, кўча бошидаги ховуздан келтирган сувини қуйди. Ғайрат қилишиб қош қорайгунича экинларни ерга қадашди. Бир текисда очилган ариқ ва унинг лабидаги кўчатлар ерга тезда бирикиб оқ илдиз отсин, дея дуо қилишди.

Индинига бирдан ҳаво айниб, аввал ёмғир кейин қор ёғди. Баҳром оиласи билан оёғи куйган товуқдай питтилаб қолди. Ёпай деса этак, беркитай деса пана жой топишолмади.

Қор кечаси билан тинмади. Баҳромнинг кўзи илинмади. Гўё қор заминга эмас, унинг ичига ёғаётгандек эди. Барча умидлари шу қор остида қолди. Бостирмага кириб, уруғликка атаган қоп устига омонатгина ўтирди. Пешонада шу ҳам бор экан. Тақдирга тан бермасликдан бошқа чора йўқ.

Баҳорнинг қоқ ўртасида қаҳратон қишнинг совуқ тонги отди. Ҳаммаёқни қалин қор қоплаган эди. Қоп утида ўтирган Баҳромнинг кўзларидан туни билан мижжа қоқмагани шундоқ билиниб турарди. Қизарган ва хомуш кўзларини номаьлум нуқтага қадаганча алланималарни ўйлар, ичига чироқ ёқса ёришмас эди.

Шу вақтда ошхона эшиги шиқ этиб очилди ва жажжи қизалоғи кўзларини ишқалаганча чиқиб келди. Ҳаво совуганига газ босими пастлаган, уйлар исимагани учун хотини ва болалари ошхонада ухлаган эди.  Қизалоқ қорни кўриб севинчдан қийқираб юборди. Баҳромнинг хаёллари тарқади. Бостирмадан чиқиб, ошхона томон юрди. Қизалоқ ўзини отасига урди. Баҳромнинг хорғин нигоҳи қизининг севинчдан ёниб турган кўзларига қадалди. Елкасини туни билан босиб чиққан юк, хаёлларини банд этган паёни йўқ ўйлардан бирдан фориғ бўлгандай ҳис қилди ўзини.

Баҳром қизини бағрига босиб, осмонга боқди. Булутлар орасидан қуёшнинг зарин нурлари элас-элас кўзга ташланар эди.

2 комментария:

  1. Juda ko'pchilik shu 1 kun qor yog'ganiga ancha hosilini yo'qotadi. Bu hosil ularni tirikchiligini katta qismi. Afsuski bu achinarli holni ko'pchilik boshidan o'tkazmoqda O'zbekistonda.. To'g'ri qizini ko'rib, bu ham o'tib ketadi, ammaliman deb o'ylagandir Baxrom, lekin barbir unga achindim (

    ОтветитьУдалить