понедельник, 30 сентября 2019 г.

БУ ДУНЁДА КУЧЛИ БЎЛИШ ОСОН ЭКАН

Билмайсанда болам, ўқувчиларим илмга чанқоқ. Ҳозир тайёргарлик кўрмасам, эртага бир савол бериб мулзам қилиб қўйишади-да


ЖОНСАРАК МУАЛЛИМА

Бир неча йил аввал театрларимиз саҳналарида бугуннинг қаҳрамони тимсолида темир йўл ходими, деҳқон, ҳунарманд, меъмор, шифокор, тадбиркор ва бошқалар гавдалантирилган эди. Улар орасида устоз образи ҳам бўлган.

Шу касб эгаларидан бири қадрдон даргоҳига одатдагидек ҳаммадан барвақт келди. Хонага киргач, жавонга териб қўйилган китобларга бир қур назар ташлади. Мақсад – бугунги мавзуни янада қизиқарлироқ ўтиш, ўқувчиларнинг фаол иштирокини таъминлаш.

Ўқитувчи шу ўй билан “билимлар хазинаси” орасидан зар муқовали қалин китобни олди ва иш столига ўтирганча варақлай бошлади. Ўзига аввалдан маълум бўлган аллақандай муҳим маълумотни топиб, бошини кўтарганда қўнғироқ чалинган, ўқувчилар ҳаммаси жой-жойида ўтирганди...

Математика фани ўқитувчиси Махбурат Турдиеванинг иш куни шундай бошланади. Дарс ва тўгарак машғулотларидан бўшаб, уйига қайтгач ҳам тинч ўтирмайди. Кечки овқатни наридан-бери қилиб, ўқувчиларининг мустақил ишини синчиклаб текширади. Эртанги кунга тайёрланади. Янги дарсни қандай ўтиш режасини тузади.

Ўқитувчилик экан, баъзан ишидан кўнгли тўлмай хуноб бўлганида фарзандлари “Она, ўзингизни кўп ҳам уринтираверманг. Бир дарс бўлса, ўтади-да”, деган пайтлар ҳам бўлган. Шундай дамларда “Билмайсанда болам, ўқувчиларим илмга чанқоқ. Ҳозир тайёргарлик кўрмасам, эртага бир савол бериб мулзам қилиб қўйишади-да”, дея бироз ҳазил қилади...

...9 “А” синфида дарс охирлаб қолди. Мураккаб тенгламаларни ҳар галгидек тенгқурларидан олдин ишлаб бўлган Аҳрор Қаюмов дафтарини устозига топширди. Муаллима дафтарда бажарилган амалларни текширишга киришди. Вазиятдан унумли фойдаланган ўқувчилар жўр бўлиб касб байрами билан муборакбод этди. Эътибордан муаллиманинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Яна бир бор касбидан ифтихор, яшаган ҳаётидан мамнунлик туйди.

Дарвоқе, фидойи ўқитувчининг ҳаётида унутилмас воқеа рўй берди. Махбурат Турдиевага “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони берилди.

Бу фармон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган вақтда ҳеч нарсадан хабари йўқ муаллима доимгидек ўз уйида, эртанги дарсга тадорик кўриш, ўқувчиларининг мустақил ишини текшириш, тўгарак учун кўргазмали қуроллар тайёрлаш билан машғул эди...

2014 йил.

* * *
Боласи-да, жони ачийди
РЕЖИССУРАНИНГ ОЛТИН ҚОИДАСИ

Ўқитувчи дарс пайтида кимга айланиши керак, “актёр”гами ёки “режиссёр”га?

“Бироз оширвордингиз-ов, педагог, ўқитувчи, актёр, режиссёр умуман бошқа-бошқа одамлар бўлса, ахир уларнинг вазифаси икки карра икки – тўртдай ҳаммага маълум-ку”, дейсизми? Кам бўлманг! Мен ҳам шундай ўйлардим. Саломат опа Абдуқодирова билан суҳбатлашиб, опанинг педагогик фаолияти билан танишганимдан кейин фикрим бутунлай ўзгарди.

Опа билан кўришиб, гаплашганимда рус адабиётининг йирик намояндаси Антон Чеховнинг Юлия Васильевнаси беихтиёр ёдимга тушди. Иккисининг ўртасида ўхшашлик ҳам бор. Қаранг, улар бор билим ва тажрибасини ёш авлод тарбиясига бағишлаб, маърифат зиёсини таратадию, бунинг эвазига ҳеч нима таъма қилмайди. Лекин барибир инсон мақсадсиз яшаёлмайди. Ҳар кимнинг ўз мақсади бўлади. Бордию, Саломат опадан асл мақсади, ҳаёт мазмунини сўрасангиз, ҳеч иккиланмай “ёшларни ўз мустақил фикри, ўз дунёқарашига эга, ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялаш”, деб жавоб беради.

Бу шунчаки айтилган гап эмас. Ҳарқалай, буни муаллима ўзининг узоқ йиллик педагогик фаолияти давомида исботлаб келмоқда. Масалан, ҳозир Оҳангарон туманидаги 8-умумтаълим мактабининг 9-“а” синфида кимё дарси бошланди. Муаллима ўқувчиларни навбатма-навбат синф тахтаси ёнига чақириб, берилган топшириқларни сўрашга киришди. Синфдаги 30 ўқувчининг ҳар бирига алоҳида-алоҳида мавзу берилган. Вақт тиғиз. Ўқувчилардан бири ўзи учун ажратилган бир неча дақиқадан унумли фойдаланиш пайида: қўлига таёқча тутган ҳолда Менделеев даврий жадвалидаги муайян кимёвий элементларга ишора қилиб, ҳар қанақа оддий модда маълум бир физикавий ва кимёвий хоссаларга эга бўлишини, агар қандайдир оддий модда кимёвий реакцияга киришса ва янги модда ҳосил бўлса, у ўзининг кўпгина хоссаларини йўқотишини содда қилиб тушунтириб берди. Мисол тариқасида темир олтингугурт билан реакцияга киришгандан кейинги ҳолатини кўрсатди. Унинг баҳоси “Кундалик дафтари”дан  жой  олди: “аъло!” Навбат кейинги ўқувчига келди...

Сўралмаган савол, жавоб бермаган бола қолмади. Шу билан дарс ниҳоясига етди. Муаллима баъзи ўқувчиларнинг натижасини қониқарсиз деб топиб, уларга дарсдан сўнг хонасига келишни тайинлади. Алоҳида-алоҳида ишламаса, қўшимча вазифалар бермаса бўлмайди. Тенгқурларидан қолиб кетиши мумкин.

Одамлар ҳар хил бўлади. Саломат опанинг бу ҳаракатини кўпчилик ота-она маъқуллайди. Эътироз билдирадиганлар ҳам топилади. Шундай дамларда ўқитувчи пинагини бузмай, “боласи-да, жони ачийди”, дейди-ю беихтиёр ўзининг ўқувчилик йиллари ёдига тушади...

У пайтларда муаллим ўқувчини ўқиш, ёзиш, санашга ўргатса, бўлди. Шу уч амални уддалаган бола қолган вазифаларни қийналмай бажараверарди. Туманда мактаб кам бўлган. Юқоридан келадиган текширувчилар асосан намунали дейилган муассасаларни кўздан кечириб хулоса чиқарар, таълим-тарбияга оид жамики тадбирлар шу ерда ўтказиларди. Бошқа мактабларнинг танг аҳволи ҳеч кимни қизиқтирмаган.

Бугун шароит бошқа. Болаларнинг аксарияти боғча ёшидаёқ савод чиқариб, бирор чет тилини ҳам ўрганмоқда. Уларни дарсга тўлиқ қамраб олиш, фанга қизиқтириш қийин. Бунинг учун ўқитувчи дарс ўтишда бирхилликдан қочиши, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор педагогик усуллардан самарали фойдаланиши, ўқитишнинг интерфаол тартибини кенг қўллаши лозим.

Саломат опа бу қоидага қатъий амал қилади. Унинг дарс ўтиш услуби, худди умуминсоний қадриятларни тараннум этувчи умрбоқий фильм суратга олаётган, актёрларга ижро этиши керак бўлган ролни тушунтириб, ўзи бир четда уларнинг ҳаракатини диққат билан кузатиб турган синчков режиссёрга ўхшайди. Ўқувчиларига мавзуни тушунтириб, аниқ йўналиш беради. Дарс вақтида иложи борича кўпроқ болаларни ишлатади.

“Эритмалар ва унинг хоссалари”. Ҳозир ўқувчилар шу мавзу бўйича ўқиб-ўрганганларини бир-бирига гапириб бераяпти. Ўрта қатор, иккинчи партада ўтирган йигит синфдошларига бир қур назар ташлаб, эритма нима эканига эринмай таъриф беради. Унинг айтишича, ҳар қандай эритма эриган моддадан ёки эриган ҳар хил моддалар аралашмасидан ва эритувчидан ёки ҳар хил эритувчилар аралашмасидан иборат бўлади. Баъзан қайсиси эриган модда ва қайсиси эритувчи эканини аниқлаш қийин. Одатда, эритмага ўтганда ўзининг тоза ҳолдаги агрегат ҳолатини сақлаб қолувчи моддага эритувчи дейилади. Масалан, туз сувда эриганда – сув эритувчи. Агар ҳар икки модда бир хил агрегат ҳолатда, яъни, спирт билан сув аралашмасидан қай бири кўп бўлса, ўша модда эритувчи ҳисобланади.

Қойил!..

Режиссурада олтин қоида бор: актёрни “эзиб”, синдириб бўлса-да, кўзланган натижага эришиш керак. Модомики, ўқитувчи ўқувчисининг камолини кўришни истар экан, дарс пайтида “режиссёр”га айланиши керак.

2015 йил.

Комментариев нет:

Отправить комментарий