пятница, 23 августа 2019 г.

ҚАЙЛАРГА ҚОЧАЙ...

Дилнавозим, дилафкорим,
Ёнингга учай, Лайло.
Ҳисларимни йўлларингга
Маржондай сочай, Лайло.

Сенга ёлғиз асраганим
Қалбимни очай, Лайло.
Агар ишқимни рад этсанг,
Қайларга қочай, Лайло?..




Бугун эрталаб ишга келаётиб Дадахон Ҳасанов ижросидаги мазкур қўшиқни эшитиб қолдим. Қўшиқчининг фарёди ғижжак ноласини босиб кетади. Ширали овозидаги мунг ва сеҳр ҳар қандай қалбни сел қилади. Боиси, қўшиқ сўзлари содда, жозибали, дардли... Залворли юкидан эса эшилиб, тўлғониб кетасиз. Қўшиқ билан боғлиқ хотираларингизга жон киради...

...Лицейда ўқирдим. Ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ҳар биримизга муайян адибнинг ижодини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш бўйича вазифа берган эди. Ижтимоий фанларга ихтисослашган йўналишда ўқийдиган бир танишимга Рауф Парфи ижоди тушган экан. Материаллар йиғишда ёрдамлашишни илтимос қилди, йўқ деёлмадим. Ўша пайтларда "йўқ" сўзи лексиконимда бўлмаган, ҳозир ҳам аҳвол шу.

Турсунали Парпиевнинг қизи ЎзМУ филологиясида ишлар экан. Ҳозир ҳарчанд уринганим билан опанинг исмини эслолмадим. Ахир, ўн йилдан ошди-да. Хуллас, сўраб-суриштириб топдик уларни. Ҳеч қаерда эълон қилинмаган кўп маълумотга эга бўлдик. Бу маълумотлар асосида яхлит роман ёзса бўлади. Гап айланиб "Лайло"га борди. Танишим қўшиқни аксарият ёшлар қатори фақат Илҳом Фармонов ижро этган деб, билар экан.

Опа Илҳом Фармонов талқинидаги “Лайло” отасига айтарли ёқмаганини, “қочай”ни “борай”га шоирнинг руҳсатисиз ўзбошимчалик билан ўзгартирганини, Шоир эса бунга жавобан мийиғида кулиб қўйганини айтганди...

Қизиқ, шоир қалбидан ўшанда нима кечган, нелар кечган? Мийиғида кулиб қўйишининг ортида қандай маъно яширинган? Истеъдоднинг тугилган мушти бўлмайди, қалби мўрт бўлади...

Қўшиқ тугади, хотира ҳам. Ўзимча мулоҳаза қиламан.

Одатда, улуғ санъаткорлар ижро этган қўшиққа кейинги ёки янги авлод вакиллари қайта мурожаат қилинганига кўп гувоҳ бўламиз. Бундай қилинишидан мақсад – фикримча, қўшиқдаги кемтикни (агар бор бўлса) тўлдириш, унга янги ва замонавий сайқал бериш, авлоддан-авлодга ўтишини таъминлаш бўлса керак. Масалан, Муҳриддин Холиқов ижосидаги маълум қўшиқлар Озодбек Назарбеков, Насиба Абдуллаева томонидан бойитилган. Оҳунжон Мадалиев, Хуршид Расуловнинг қўшиқларини хофизларнинг фарзандалари маромига етказаяпти. Лекин "Лайло" борасида фикрим сал бошқачароқ. Биргина мисол: “қочай”ни “борай”га ўзгартиргани истеъмолчи сифатида менга маъқул бўлмаган. Чунки, шоир “Лайло”да қофияни бўғин билан бирга “ч” тошувига ҳам юклаган: “уЧай”, “соЧай”,  “оЧай”, “қоЧай”. Илҳом Фармоновнинг эса бунга пами етмаган. 

Қизиқ, шоир қалбидан ўшанда нима кечган, нелар кечган? Мийиғида кулиб қўйишининг ортида қандай маъно яширинган?

Комментариев нет:

Отправить комментарий