среда, 31 июля 2019 г.

...ЧУНКИ, БИЗ УЙҒУРМИЗ

Хитой пойтахти Пекин шаҳрида Ванфуцзин деган кўча бор. Марказий кўча. Одам гавжум. Ҳаёт қайнади. Ҳудди Broadway'дек. Замонавийлик ва миллийлик уйғунлашган...


Яна бир кўча бор. "Ипподром" ва "Абу Саҳий"да маҳсулотини мақтаб-мақтаб "Пекин фабричний", деб сотадиганлар бу кўчани жуда яхши билади. Номи – Ябаолу. У ерда асосан гипермаркетлар жойлашган. Кўпроқ трикотаж маҳсулотлари сотилади. Нархи арзон. Масалан бизда битта жинси шимнинг пулига у ердан бешта олса бўлади.

Фучжоу – Шарқий Хитой денгизи қирғоқларидаги шаҳарлардан бири. Мегаполис. Қишда дам олиш учун яхши жой (у ерда умуман қиш бўлмайди). Ҳавоси ҳам тоза...

Ванфуцзинда бир ҳолат эътиборимни тортган ва қандайдир бир ғалати бўлиб кетган эдим. Ресторанлардан бирининг пештоқидаги лавҳида шундай сўзлар ёзилган: УЙҒУРЛАРНИНГ КИРИШИ МАН ЭТИЛАДИ...

Ябаолудаги баланд-баланд гипермаркетлар оралиғидаги йўлкаларда "тезиковка" бозори бор. Илгари Тошкентда ҳам бўларди. Ябаолудаги тезиковканинг Тошкентдагисидан фарқи фақат сотувдаги маҳсулотларнинг барчаси янгилигида. Бошқа фарқ йўқ. Сотувчиларнинг деярли барчаси – уйғур.

Фучжоуда ҳам ҳудди шу ҳолат.

Катталиги бўйича "Самарқанд дарвоза"дан 5 та келадиган гипермаркетнинг теграсида бир уйғур оила мева-чева сотиб ўтирарди. Гипермаркетнинг ичида Хитой нокининг (биттасига тўясиз, катта, оппоқ, сарҳил) бир донаси 2 юань бўлса, шу пулга уйғур оиладан шундай нокдан иккита олардик. Уйғурларнинг бизга муносабати яқин қариндошини узоқ вақт кўрмаган одамникига ўхшар эди.

Бир гал сотувчи билан гаплашиб қолганимда сўраганман: – Ичкарида жой ижараси қимматми? – Йўқ, – деган. – Бизга жойни сотмайдиям, ижарага бермайдиям. Чунки, биз уйғурмиз...

...Бу воқеага кўп бўлган. У пайтда ёшмидим, ёки бундай нарсаларга кўпам ақлим етмасмиди, айтарли мулоҳазага берилмаганман. Лекин қалбим алланечук бўлиб кетгани рост. Таъсирланганман.

Бугун шу воқеалар кўз олдимдан ўтди. Таъсирланиб кетдим...

Комментариев нет:

Отправить комментарий