пятница, 3 августа 2018 г.

ЭСКИ ЗАМОН ОДАМИ

“...Теварак-атрофда кимса йўқ. Ҳеч ким уларнинг муҳаббатига ҳалал бермасди... Бўсалар тобора қаттиқ, узоқроқ, узлуксиз бўлиб борарди... Бўлар иш бўлган, афсусланишга ўрин қолмаган эди...”.



Яқинда ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ўрганиш учун Хоразм вилоятига бордик. Мактаб кутубхонасининг ёпиқ фонди билан танишдик. Қайд дафтаридаги фойдаланувчилардан бирининг номига ёзилган китоб 16 йилча аввал бўлган бир воқеани ёдимга солди.

Ўша йиллари олти ё еттида ўқирдим. Мактаб кутубхонасидан, одам кўп бўлгани учун, фойдалангим келмасди. Бувамнинг (охиратлари обод бўлсин)  мўъжазгина шахсий кутубхоналари бўлган. Рухсат этилган китобларнинг ҳаммасини ўқиб бўлгандим, совға қилинганиниям. Тақиқлангани кўп эди. Ўқийман деб тихирлик қилсам, ҳали ёшлик қиласан дердилар. Бир куни дарслар тугаб, болалар уйига кетгач кутубхонага кирсам ҳеч ким йўқ экан. Жавонда турган китоблардан бири кўзимга олов бўлиб кўриниб кетди. Ҳудди шу китоб бувамда ҳам бор. Қўлимдан “ўқишга ҳали ёшлик қиласан”, деб тортиб олинган китоб – айнан мана шу. Амакисидан ҳайитлик олган боладай ҳаяжонланиб, севиниб, қувондим. “Попкам”га солдим-у, оёғимни қўлимга олиб уйга чопдим...

...Камина томонидан баъзи саҳифалари энтикиб-энтикиб бир неча марта ўқилган китоб хонамни йиғиштиргани кирган онамнинг нигоҳидан четда қолмади. Қаттиқ койиди. Елкамдан силтаб бир саволни қайта-қайта сўрайвердилар:

– Ўқидингми?

– Йўқ, деб такрорлайвердим.  Китобни олиб, чиқиб кетдилар. Зум ўтмай, қайтиб кирдилар ва қаердан олганимни сўрадилар.

– Мактаб кутубхонасидан.

Баттар тутақдилар, кутубхоначиларни узоқ жаврадилар...

...Синфдош қизлардан бири танаффусда ёнимга келиб кутилмаганда юзимга тарсаки туширди:

– Уятсиз!..

Бувам чеклаган, онам койиган, ўқишга тавсия қилганим учун синфдошимдан тарсаки ейишимга сабаб бўлган ўша китоб Мушфиқ Козимийнинг “Қўрқинчли Теҳрон” романи эди.

Уйга келиб, бувамдан мерос қолган ғарибгина жовоннинг бой бисотидан “Қўрқинчли Теҳрон”ни олиб ўқидим...

Назаримда, аввал ота-она билан фарзанд, синфдошлар, умуман, катта билан кичикнинг ўртасида масофа олис бўлган-у, бугунги кунга келиб анча қисқарган. Ёки ҳаммаси ўз ўрнидаю, биргина мен эски замон одами бўлиб қолгандекман...

P.S.: “Қўрқинчли Теҳрон” романининг мақсади, мазмун-моҳиятига юқоридагиларни умуман алоқаси йўқ.

Комментариев нет:

Отправить комментарий