вторник, 21 ноября 2017 г.

ДАРВОҚЕ, ЙЎЛ ҲАҚИ – ОШМАГАН!

Ҳар тугул “бир вақтим бўлганида ўқирман” деб, жавонимга териб қўйган китобларимни варақлашга фурсат бўлаяпти.  Лекин негадир мутолаа завқини унутиб қўйгандекман. Билгичлар, сизлардан илтимос, мутолаа завқи қандай эди, шуни ифодалаб беринглар менга?



Бирор қизиқарли бадиий, илмий, тарихий... асар ўқийсиз – воқеалар тасаввурингизда гавдаланади. Баъзан мамнун, баъзан дилхун бўласиз. Узоқ вақтгача чиқолмайсиз унинг таъсиридан. Мулоҳаза қиласиз – тафаккурингиз бойийди. Янги режа, ғоялар туғилади – шартда қоғозга туширасиз... таҳминан шундай бўлади-а мутолаа завқининг қисқача ифодаси? Билмадим, балки, бошқачадир. Ҳар ҳолда, мен шундай тушунаман ва жараённи яхлит ҳолда қабул қиламан. Агар бирор кемтик бўлса, инкор этаман. Нима дейсиз энди, ички ҳақиқатда бу.

Аслида, мутолаа завқини туёлмаётганимга ана шу ўзим ўйлаб топган “ҳақиқат” ҳалал бераётир. Турмуш ташвишларига андармон бўлиш, ҳаётнинг икир-чикирларига ўралашиб қолишнинг оқибати шундай бўлар экан. Ҳар қанча урунсангиз ҳам ўзингиздан бефарқ кимсани ясолмайсиз. Менда бу ҳол сурункали давом этаяпти.  Масалан кеча: олмазор (собиқ Собир Раҳимов) метро бекати яқинида Янгийўлга қатновчи маршрутларни анча кутиб қолдик. Аксига олиб, таксилар ҳам йўқ. Шаҳардан чиқиш постлари ёпилган экан. Йўловчиларнинг таҳмини ҳар хил. Кўпчилик руҳий касалликлар шифохонасидан қочган беморларни қидириш “операция”си билан изоҳлади буни.  Асл сабаби кейинчалик маълум бўлди – чегара. Ўзи чегаралар даҳлсиз бўлгани яхши эди. Ҳа майли, асосий гапдан чалғимайлик. Одатда, “Газель”, “Istana”лар 2500, таксилар 4 минг, “По пути” машиналар эса 3 минг сўмдан юрарди. Машиналар танқис бўлгани учун нарх икки баробар кўтарилди. Ҳамма уйига шошган. Ҳайдовчи билан йўловчининг келишуви қулоққа чалинади:

– Янгийўлга.
– Хўп.
– Қанча?
– 6 минг!
– 5 минг қилинг?
– Тўғри келса...

Бир қисми кетади. Навбатдаги машина келиб секингина тўхтайди. Шофёр тушиб “Янгийўл” деб, ҳайқиради. Қисқа суҳбат бошланади:

– Қанча?
– 8 минг
– Бунча қиммат?
– Пост ёпиқ, айланиб ўтаяпмиз.
– Уйгача 10 минг, бўладими? Пулини боргач бераман. Ёнимда кам эди.

Йўловчиларнинг аксарияти ўзига маълум сабаблар билан, бир югурса етиб олгудек манзилга, 10 буханка ноннинг пулини тўлаб кетишга мажбур эди. Чунки уларнинг  танлаш учун бошқа варианти йўқ. Туришдан нима наф?! Вақт ўтаяпти. Уйда иш талай. Муаззин қўлига обдаста олмай изига қайтиши керак. Эртага мажлис бор.  Тайёргарлик кўрмай кирса, раҳбари куракда турмайдиган сўзлар билан илдизига қурт тушган палакдек сўлжайтиради. Ёки оиласи овқат сузмай кутиб ўтирибди, бошлайверинглар, дейишга виждони изн бермайди – нон қўлида.  Яқинларидан бири шаҳар марказий шифохонасида оғриб ётипди, дориларни зудлик билан олиб бориши даркор...

Бир кўрсатув бўлувди “O’zbekiston”да. Вилоятларда бензин танқислиги муҳокама қилинган. Бошловчи, “Қора бозор” йўқ бўлди, одамлар миқ этмай олаяпти долларни давлат белгилаган нархда. Сизлар ҳам муаммони ечиш учун аник бир нарх қўйсанглар бўладику”, деган мазмунда иштирокчига луқма ташлайди. Унинг жавоби...

Машиналарнинг нархи ошганда (ҳалиям ошишда давом этаяпти) “Фейсбук” ижтимоий тармоқдаги саҳифаларнинг бирида сатирик сурат пайдо бўлган. Суратда...

Тўғри, одамларнинг танлаш учун бошқа варианти йўқ. Истамаса ҳам олишга мажбур...

Дам олиш кунлари жавонимга териб қўйилган дуру гавҳар шедеврлардан бирини мириқиб ўқидим.  Қоралашга арзирли фикрлар пайдо бўлганди, назаримда. Шуни хаёлан обдон пишириб бўлувдимҳамки, қурғур, мана бу манзара-да. Хаёлларим чаппасига ўзгариб кетди, денг. Бекатда нақ бир ярим соат туриб қолдим. “Istana” келди. Бу сафар, машина кам бўлгани учун, киши бошига 3 мингдан. Аввалроқ кетсам бўларди, пулим кам эди-да!

P.S.: Ҳар куни метродан чиққанимда таксилар ўнг, маршрутлар эса чап тарафда турнадек тизилиб туради. Улардан бирига бамайлихотир ўтираман ва хаёлимни машина билан бирга қўйиб юбораман. Кетди... Дарвоқе, йўл ҳақи – ошмаган! 

Комментариев нет:

Отправить комментарий